ЭР ЙИГИТЛАРНИ МУНОСИБ ТАРБИЯЛАЙЛИК!

Яқинда ижтимоий тармоқларда ёшгина онани кап-катта боласини уриб-тепиб мактабга жўнатаётгани, камига болани орқасидан сумкасини улоқтириб, "эшшак", "ҳайвон", "тур йўқол кўзимдан", "ўлиб кет", дея қарғангани видеосини кўриб қолдим. Жанжалга сабаб, кўчада нарса сотиб ўтирган холадан ширинлик олиб беришини сўраган экан, онасидан. 
Афсуски, бундай воқеага ҳар куни атрофимизда, маҳалла-кўй, мактаб-боғчаларда дуч келамиз. Болани урсанг эти қотади, сўксанг бети қотади, деб бекорга айтишмаган. Энди бир ўйлаб кўринг, юқоридаги усулда "тарбияланган" боладан келажакда нимани кутиш мумкин? Ундан муносиб Ватан ҳимоячиси чиқадими? Чунки одатда бундай ҳақорат ва калтак остида улғайган болалар келажакда лоқайд, ялқов, дангаса ва масъулиятсиз инсонга айланади. Ҳеч қачон курашмайди. Лоқайд инсонларга ватанпарварлик туйғуси ёт бўлади.
Яқинда бир аёл қўшнимиз гапириб қолди. Уч яшар невараси ўзини тилида бир нималар деб роса сўкинибди. Сўкишни кимдан ўрганганини сўраса, индамай ерга қараб тураверибди.
"Шундан сўнг, неварамни росса урдим, яна сўкасанми?", дея айтиб берди аёл. Бу аёл уч ёшли неварасини роса калтаклаб урганини мақтаниб айтиб беряпти. Қолганлар жим тинглаяпти. Энди ўйлаб кўринг, кап-катта аёлнинг шу иши тўғрими? Ахир, бола кимдан ўрганиши мумкин, албатта, оиладаги катталардан-да. 
Майли, кўчадан ҳам ўрганган дейлик. Бунча калтакдан кейин мурғаккина бола қўрқоқ бўлиб қолмайдими? Ундан кўра, олдига    ўтирғизиб, яхши гап билан тушунтирса ҳам бўлади-ку. Ахир, қуш уясида кўрганини қилади, дейишади-ку. Энди юқоридаги "тарбиявий соатда" тарбияланган бола тарбияланиб қолди, деб ўйлайсизми? Йўқ, аксинча. Бу калтак ўша гўдакни руҳиятига салбий таъсир қилиши аниқ. Ўша "эшшак", "ҳайвон", "мол" дея таърифланган боладан нима кутиш мумкин? Демак, ўз туққан боласини шундай қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган она ўзи билмаган ҳолда унинг келажагини башорат қилиб қўймаяптими? Наҳотки, шу оддий мантиқни тушуниш қийин бўлса? Ахир, фалсафада бир гап бор, фикр моддийлашади деган. 
Шундай экан, ҳурматли ота-оналар, оилада ўғил бола тарбияланаяптими, демак Ватан қўриқчиси, оила боқувчиси, солиҳ ва солиҳа фарзандларни дунёга келтирувчи ва тарбияловчи шахс яъни, ҳақиқий эр йигит тарбияланяпти, деган эзгу мақсадни олдимизга қўяйлик. Эр йигитларни тарбиялаш орқали миллатни, юртимиз келажагини ҳам таъминлайлик!  
Маъруф АШУРОВ,
5-умумтаълим мактаби амалиётчи психологи.