Заҳириддин муҳаммад бобурнинг ҳиндистондаги авлодлари

Ўзбек халқининг буюк фарзанди, улуғ саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483 - 1530 йй) Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон тарихида муҳим из қолдирган. З.М. Бобур Соҳибқирон Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзо билан тўрт авлод орқали темурийлар сулоласига боғланади. У Ҳиндистонни забт этганидан сўнг (1526 йил апрель) бу мамлакатда янги сулолага асос солиб, унинг авлодлари давлатни 332 йил (1526-1858 йй) давомида бошқарди. Салкам уч ярим асрлик тарихий    даврда бобурийлар Ҳиндистон ўлкасида амалга оширган хайрли ишлар тарих зарварақларида абадул-абадга нақшланган. Ҳиндистон тарихида Англия мустамлакачиларига қарши 1857-1859 йилларда кўтарилган сипоҳийлар қўзғолонини бостирган инглизлар сўнгги бобурий ҳукмдор Баҳодиршоҳ Зафарни тахтдан тушириб, уни Рангун (Бирма)га сургун қиладилар. Рангун сафари даврида мустамлакачиларнинг зобитлари томонидан Баҳодиршоҳ II фарзандлари отиб ташланади. Кўп йиллар давомида З.М.Бобурнинг авлодлари ҳақида маълумотлар мавжуд эмасди. Бироқ истиқлол йилларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти ва унинг илмий, тарихий ва адабий меросини ўрганишга эътибор кучайди. Бу савобли иш йўлида 1992 йилнинг июль ойида шоҳ ва адиб таваллуд топган Андижонда         З.М.Бобур номи билан халқаро жамғарма ташкил этиш ташаббуси кўтарилди. 1993 йил 23 декабрда ушбу жамғарма расман ташкил этилиб, унинг раиси табиатшунос олим Зокиржон Машрабов ҳисобланади. Ушбу жамғарма аъзолари "Бобур изидан" илмий сафарга чиқдилар, улар Ҳиндистон ва ўнлаб Шарқ мамлакатларида бўлдилар. Уларнинг саъй- ҳаракатлари туфайли З.М.Бобур ва бобурийлар тарихига оид бой илмий маълумотлар тўпланди янги асарлар яратилди.    
Ушбу йўналишда илмий экспедицияларнинг фаол қатнашчиси, тарих фанлари доктори, профессор    Р. Т. Шамсутдинов 1993 йилнинг 15 апрелида "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида "Бобур авлодлари борми?" номли мақоласини чоп эттирди. Мақолада қайд этилишича, Ҳиндистоннинг пойтахти Деҳли шаҳрида охирги бобурий султон Баҳодиршоҳ Зафар авлодларидан Покиза Султон бегим истиқомат қилади. У Деҳлидаги хорижий мамлакатлар билан алоқа қилиш Ҳиндистон ташкилотидаги катта кутубхонада нафақага чиққунча директор лавозимида фаолият юритган. Покиза Султон Бегимнинг онаси Қамар Жаҳон Зебунисо оро Бегим 92 ёшида вафот этган. Ушбу аёл Ҳиндистонда бобурийлар тарихи ва маданиятини тарғиб қилган. Биз юқорида таъкидлаганимиздек, Баҳодиршоҳнинг барча ўғиллари инглизлар томонидан ўлдирилади. Бироқ  5 яшар ўғли Мирзо Фотиҳ - ул - Мулк шоҳнинг содиқ амалдорлари ва хизматкорлари томонидан қалин ўрмонга яширилиб, ўша жойда тарбияланади. Қамар Жаҳон Зебунисо Бегим Фотиҳ - ул - Мулк авлоди бўлиб, инглиз қироличаси Ҳиндистонга ташриф буюрганда мўғуллар (бобурийлар) маликаси сифатида тантанали қабул маросимига таклиф этилган. Жавоҳарлал Неру ва Индира Гандилар Лаъл қалъада, яъни Баҳодиршоҳ Зафар таваллудининг 100 йиллиги нишонланганида уни қутлашган. 30 йил давомида фалаж бўлиб, ногиронлар аравачасига михланиб қолган бўлсада, Қамар Жаҳон Зебунисо Бегим руҳан чўкмаган, жамоатчилик фаолиятидан тўхтамаган. 
З.М.Бобур авлодлари тарихини ўрганиш масаласи юқоридаги маълумотлар билан тугамайди. Аксинча, келтирилган далиллар бу мавзуни янада мукаммалроқ тадқиқ қилишга туртки беради. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архив     фондларидаги ҳужжатлар билан танишиш жараёнида  тарих фанлари доктори, Ш.Ҳайитов  бир қатор   йўналишдаги маълумотларни эълон қилади. 1970 йилларда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод ва Бомбей шаҳарларида истиқомат қилган муҳожир ўзбеклар томонидан маданий-маърифий жамиятлар тузилган. "Ҳиндистон Мўғуллар жамияти" Ҳайдаробод шаҳрида ташкил этилган", -  деган фикрлар келтирилади архив ҳужжатларининг бирида, деб таъкидлайди Ҳайитов.
Маълумки Ҳайдаробод - Ҳиндистоннинг энг жанубида жойлашган вилоятларидан бири бўлиб, ушбу ҳудудда уч миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. "Ҳиндистондаги Мўғуллар оиласи" жамиятининг қароргоҳи Ҳайдарободда бўлиб, уларнинг ҳовли эшигига оилавий мансубликни англатадиган нишон - лавҳа ёпиштириб қўйилган. Бобурийзодалардан Бегим Соҳиба Лайло Уммахони - жамият раисаси, Баҳодиршоҳ Зафарнинг эвараси, бош фарзанди Зиёвуддин Тусий - жамият бош котиби, иккинчи ўғли - Масиҳиддин Тусий - жамиятнинг маданий ишлар бўйича котиби ҳисобланади. Шунингдек, Лайло Уммахонимнинг қизлари, келинлари ва набиралари жамият аъзолари сифатида Ҳиндистонда бобурийлар маданиятини тарғиб қиладилар.
1995 йилнинг кузида "Бобур халқаро жамғармаси" аъзолари ушбу хонадонга ташриф буюрганларида Лайло Уммахони хонимга ўзбекона нақшлар билан безатилган пахта гулли чойнак - пиёла, хонадон аҳлига президент совғаси - Ҳазрат Алишер Навоий сиймоси туширилган ипак гилам, ўзбекона саруполар, З.М.Бобур асарларидан "Мубаййин" нинг бешинчи қисми "Китоб-ул-ҳаж", "Бобурнома",  бобокалонимиз тасвири туширилган плакат ва кўкрак нишонларини эсдалик сифатида туҳфа қилишган.  Хонадаон ва жамият аъзоларининг моддий аҳволи бир қадар оғирлиги жамият раисаси Лайло Уммахонни саломатлигининг ёмонлашганлиги туфайли Республикамиз Биринчи президенти  И.А.Каримов, Ўзбекистон ҳукумати номидан 2500 АҚШ доллари миқдорида бобурийларга моддий ёрдам кўрсатгандилар. Бу эса бобурийларга билдирилган юксак ҳурмат ва эътибор намунаси бўлди.
Лайло Уммахоннининг маълумотича Баҳодиршоҳнинг Мирзо Қуёш    номли бир ўғли тасодиф туфайли тирик қолади. Ундан Мирзо Абдуллоҳ, Абдуллоҳдан Мирзо Абдулғаффор, Мирзо Абдулғаффордан Мирзо Юсуф исмли ўғил ва икки қиз - Ҳуснижаҳоноро Бегим ва Уммахонилар дунёга келган. Мирзо Юсуф 19 ёшда вафот этган. Демак, Лайло Уммахонининг шажараси тўғридан-тўғри Баҳодиршоҳ Зафарга, ундан З.М.Бобурга бориб тақалади. 
Лайло Уммахони турмуш ўртоғи билан тўрт ўғил, уч қизни тарбиялаб вояга етказган. Муиниддин Тусий ва Лайло Уммахонилардан Зиёвуддин, Масиҳиддин, Шажоъиддин, Орифиддин каби ўғиллар, Моҳируҳ, Гулруҳ, Лайлоруҳ каби қизлар таваллуд топган. Бобур авлодлари Ҳиндистондан ташқари Покистон, Бирлашган Араб амирликлари, Бангладеш, Афғонистон, Араб мамлакатлари, Буюк Британияда ҳам истиқомат қилар экан.  Тусий номига келсак, араб ва инглиз тиллари билимдони, "Ватан" жамиятида фаолият юритган, кейинчалик элчилик вазифасида ишлаган Аҳмаджон Луқмонов талқинича, бу Эроннинг Тус шаҳрига мансубликнинг ишораси эмас, балки "Чустий" номи лексиконида ке-йинчалик "Тусий" бўлиб кетганлигидандир.
"Ҳиндистон мўғуллар жамияти" аъзолари 1994 йилнинг январь-февраль ойларида илк бор улуғ бобокалонлари юрти З.М.Бобур ватанига ташриф буюрдилар. Улар Ўзбекистон Республикаси Халқаро Маданий Алоқалар Миллий Ассосациясида турли ташкилот ва корхоналарда бўлдилар ва аждодлари юртидаги ўзгаришлардан воқиф бўлдилар. Ассоциация билан жамият ўртасида 1994-1998 йилларга мўлжалланган ўзаро ғҳамкорликнинг битим лойиҳаси имзоланди. Натижада Рамазон ва Қурбон ҳайити ҳамда Наврўз байрамларида ўзаро табрикномалар, мактубий алмашинувлар йўлга қўйилди. Шунингдек, "Ҳиндистон мўғуллар жамияти" манзилига Ўзбекистондан "Ойдин", "Ўзбекистон - контакт" каби матбуот органлари юбориб туриладиган бўлди.
1996 йилнинг май ойида "Ҳиндистон мўғуллар жамияти" нинг бош котиби Зиёвуддин Тусий ва ташкилот маданий ишлар маслаҳатчиси Масиҳиддин Тусийлар Ўзбекистонда бўлдилар. 1996 йил 8 майда ўтказилган қабул маросимида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ҳам иштирок этган. З.М.Бобур ва унинг авлодлари Ҳумоюн, Акбаршоҳлар ҳақида фундаментал асарлар, тарихий романлар ёзган адиб лотин имлосида чоп этилган асарларини Зиёвиддин Тусийга тақдим этди. Ўз навбатида Зиёвуддин Тусий Баҳодиршоҳ Зафардан қолган бир қатор қўлёзма асарларни ўзбекистонликларга туҳфа қилди.       "Ҳиндистон мўғуллар жамияти" бош котиби Зиёвуддин Тусий 1990 йилларнинг иккинчи ярмида махсус ташкилотларига, ҳукумат муассасаларига бир қатор мактублар билан мурожаат қилди. Ушбу мактубларда Тусийлар З.М.Бобур авлодларидан бўлганлиги учун Ҳиндистондаги Бобур билан боғлиқ маданият ва санъат ёдгорликларидан бўлган мерос сифатида уларга ажратиб беришлари учун кўмаклашиш, моддий аҳволлари паст бўлганлигини ҳисобга олиб, Тусийлар оиласини Ўзбекистонга бепул ташрифини ташкил этиш, улар фарзандларини Ўзбекистонда ҳеч бўлмаса Андижондаги ўқув юртларида текин ўқишларига имкон яратиш каби фикрлар илгари сурилган. Тегишли ташкилотларимиз томонидан мазкур мактубларга қониқтирувчи жавоб қайтарилган.
Ўзбекистондаги Ҳиндистон элчихонаси, Ўзбе-кистон Республикаси олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги, З.М.Бобур ва Мирзо Улуғбек жамғармалари каби муассасалар ҳамкорлигида Тусий хонадонига амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди. "Ҳиндистон Мўғуллар жамияти" раисаси Лайло Уммахони Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовга ўзининг чуқур эҳтиром ва миннатдорчилик изҳори битилган мактубини йўллаган. Зиёвуддин Тусий билан олиб борилган мактубий алмашинувлар натижаси ўлароқ "Ҳин-дистон мўғуллар жамияти" аъзолари ота-боболари юртига бир неча бор ташриф буюрдилар. Улар республика пойтахти Тошкент шаҳрида, тарихий шаҳарларимиз ҳисобланган Самарқанд, Бухоро ҳамда З.М.Бобурнинг она шаҳри - Андижонда бўлдилар. З.М.Бобурнинг авлодларига Андижондаги Боғи Бобурни, шоир рамзий қабр мақбарасини, Бобур ва жаҳон маданияти музейи ҳамда адиб ҳайкалини зиёрат қилишдек бахтга муяссар бўлди. Андижонда Бобур номидаги Университет фаолият юритаётганлиги, шаҳар марказий кўчаларидан бири адиб номи билан аталиши, Тошкентдаги истироҳат боғи ва кўчага ҳам юртдошимиз номи берилганлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Бобур номи билан медаль таъсис этганлигини бугунги кунда Ҳиндистонда ҳаёт бўлган бобурийларнинг қалбини фахр ва ғурурга тўлдирди.  Биз қуйида Ўзбекистон ўқув юртларида таълим олиш учун юборилган Ҳиндистонлик бобурийлар рўйхатини тарих фанлари доктори Ш.Ҳайитов, тарих фанлари номзоди К.Ж.Раҳмонов, тадқиқотчи, изланувчи М.З.Орзиевларнинг тўплаган маълумотлари асосида келтирамиз.
Ўзбекистондаги ҳукумат идоралари ташкилот ва уюшмалар, жамғарма ва хайрия муассасалар юртимизда ўқиш истагини билдирган бобурийларни текин яшаш жойи стипендия ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
"Улуғбек" жамғармаси "Бобурийлар уйи" жамияти аъзоси, Ҳиндистон фуқароси Муҳаммад Аброрнинг ота-онаси моддий имкониятлари чекланганлигини инобатга олиб, 1995-1996 ўқув йилида унга хайрия жамғармаси стипендиясини ажратди. Ҳатто, унинг июнь, июль, август ойларида чет эллик фуқароларга тил ўргатиш марказида ўқиши учун 9 минг сўм миқдорда хайрия жамғармаси стипендияси берилди, дейилади архив ҳужжатида.
Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари тил ўрганиш марказлари, тайёрлов курслари олти нафар ҳиндистонлик ватандошларни ўзлари танлаган мутахасислик бўйича бепул таълим олишлари учун қабул қилишга тайёр эканликларини изҳор қилганлиги З.М.Бобур шахсиятига бўлган юксак эҳтиром ва ҳурмат рамзидир.
Хуллас, бу мавзуда мукаммалроқ илмий тадқиқотлар олиб боришга эҳтиёж бор деб ўйлаймиз. Бобурийлар ташкилотлари бошқа Шарқ мамлакатларида ҳам мавжуд эканлиги маълум. 
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактаб тарих фани ўқитувчиси.