ФАҚАТ МАҚТОВ КЕРАКМИ?

Кейинги пайтларда Президентимизнинг ўтказаётган ҳар бир селектор йиғилиши  танқидий-таҳлилий тарзда ўтаётганлигидан хабардормиз. Бироқ Ўзбекистон телеканалларида ўша танқид қилинган мансабдорларнинг фаолияти етарлича очиб берилмаяпти. Аниқроғи, кўрсатилмаяпти. Айниқса, бу борада "Ўзбекистон - 24" телеканали бошқаларга "ўрнак" бўлмоқда, дейиш мумкин. Негаки, бу каналда фақатгина мақтовдан бошқа нарсани кўрмайсиз. Телеканалнинг вилоятлардаги мухбирлари ҳам фақат амалга оширилаётган айрим ишларни мақташ билан овора бўлиб қолишаяпти. Ахир ҳар бир вилоятда ечимини кутаётган муаммолар етарлича борку. Яқинда бўлиб ўтган Президент раҳбарлигидаги видеоселекторда давлатимиз раҳбари Қашқадарё ва Навоий вилоятларида тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарсиз эканлигини мисоллар билан айтиб ўтди. Шу билан бирга йўл қўйган камчиликлари учун бу икки вилоятнинг биринчи ўринбосарлари ва айрим соҳа раҳбарлари ишдан олинди. Мана шундай пайтда ҳар иккала вилоятдаги телеканал мухбирлари ана шу масала бўйича тан-қидий-таҳлилий кўрсатув тайёрлашса бўлмайдими? Фақат мақтовдан, баландпарвоз гаплардан халқимизнинг ўзи ҳам чарчадику ахир. Бундан анча йиллар муқаддам «Ўзбекистон» телеканалида "Ахборот" танқид қилади", "Бир хат изидан", "Журналист суриштируви" деган кўрсатувлар бериб бориларди. Ҳозирги пайтда эса телевизорда кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, телевизорда бошқа нарсаю, ҳаётда бошқа нарса. Шу боис телевидениега аксарият аҳоли ишонмай қўйган. Бошқа телеканалларда ҳам аҳвол шу. Бирор нарсада танқидий-таҳлилий кўрсатувлар берилмайди. Фақатгина ижтимоий тармоқлардан олинган фалон вилоятда автоҳалокат содир бўлганию, қанча фуқаро вафот этганлиги, қайсидир туманда ўғрилар ушланганлиги тўғрисидаги хабарлар билан кўрсатув тайёрланаяпти. Шу боис халқ севиб томоша қиладиган кўрсатувларни ташкил этиш айниқса, ҳаётимизда учраётган муаммоларни кўрсатиб берадиган танқидий-таҳлилий кўрсатувларни кўпроқ тайёрлаш лозим. Ана шундагина халқимиз телеканалларни севиб томоша қилади.

Мавзуга оид: