Фуқароларни тунаган ўғри жазоланди

Зуҳриддин Маликов ўзининг навқирон ёшида ўз ҳаётини яна панжара ортида ўтказадиган бўлди. Негаки, у ҳаёти давомида қайта-қайта судланиб, жиноят содир этган бўлсада, бу сафар ҳам ўзига тўғри йўлни танламади. У ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2021 йил 8 август куни 22:00 лар чамасида Самарқанд шаҳрида жойлашган РШТЁИМ Самарқанд филиалининг кутиш залида, фуқаро Р.Н.нинг ишончига кириб, гўёки ўғлини соғлиғи оғирлашганлиги, унга шифохонада мавжуд бўлган плазмадаги қонни қуйиш каби тиббий муолажани ўтказиш учун эрталабгача 200.000 сўм миқдордаги пулларни қайтариб бериш шарти билан бериб туришлигини айтиб, алдов йўли билан жами 100.000 сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Бундан ташқари, судланувчи З.Маликов, 2021 йил 9 август куни кечаси соат 23:40 лар чамасида Самарқанд шаҳар РШТЁИМ Самарқанд филиали ҳовлисидаги дарахтлар тагида ухлаб ётган фуқаро Р.Н.нинг ёстиғи остида турган бир дона баҳоси 1.650.000 сўмлик "Samsung A-10S" русумли телефон аппаратини яширин равишда ўғирлаб олиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Судланувчи З.Маликов, ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқа шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, 2021 йил 17 август куни соат 9:00 лар чамасида Оқдарё тумани, Лойиш шаҳарчаси, "А.Темур" кўчасида жойлашган "Истироҳат боғи"да, фуқаро Ў.М.га ҳаёт ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, чўнтагидан унга тегишли бир дона баҳоси 300.000 сўмлик "Nokia-311" русумли телефон аппаратини ва 110.000 сўм пулларини жами 410.000 сўмлик мулкларини очиқдан-очиқ равишда талон-торож қилиб ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Судланувчи Зуҳриддин Маликовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддасига асосан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Д.МАМАТОВ,
туман прокуратураси терговчиси,
 2-даражали юрист.