НИКОҲ - ОИЛА ҚУРИШНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

Маълумки, оиланинг ҳуқуқий асосини фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қонуний рўйхатдан ўтказилган никоҳ ташкил этади. Шариат қоидаларига асосан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди. 
Қонуний никоҳ эр-хотиннинг ўзаро аҳдлашуви, иттифоқи сифатида муайян шартларга риоя қилиниб тузилади ва никоҳланувчилар ўртасида маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.
Оилавий муносабатлар кенг қамровли бўлиб, улар нафакат ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинади, балки унда одоб-аҳлоқ ва урф-одат қоидалари ҳам маънан амал қилади. Масалан, никоҳ тузилганлиги қонуний тарзда ФҲДЁ бўлимлари ёки Бахт уйларида далолатнома ёзиш орқали қонуний мустаҳкамлаб қўйилса, уни маълум қилиш, эълон  қилиш каби масалалар турли ҳудудларда ҳар хил одатлар асосида амалга оширилади (нон ушатиш, тўй тантанасини катта ёки кичик тарзда). Оиладаги муносабатлар ҳам оила қонунчилигида эр ва хотиннинг тенг ҳуқуқлилиги асосида мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, уларнинг ўзаро муносабатлари кўпроқ одоб-аҳлоқ нормалари асосида ўрнатилади (оилада ёши каттанинг фикри ҳурмат қилиниши, эркак киши оила бошлиғи ҳисобланади, унга ҳамма итоат қилади. Ана шулардан келиб чиқиб, никоҳланувчи шахсларга никоҳ тузилишининг ҳуқуқий асосларинигина  эмас, унинг психологик жиҳатларини ҳам тушунарли, содда тарзда баён этиш оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.
Оила қонунчилигида ўзига хос ҳисобланадиган "никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш"нинг никоҳ тузиш учун аҳамияти, мазкур ҳолатнинг никоҳ тузиш жараёнига нисбатан таъсири, оила ҳуқуқи нуқтаи назаридан "никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш"нинг ҳуқуқий тавсифи масаласи бугунги кунда долзарб ҳисобаланди.  Оила қуриш остонасида турганлар учун никоҳ тузиш шартлари, унинг тузилишига монелик қиладиган ҳолатлар,  мумкин қадар кам учраши мақсадга мувофиқ бўлган никоҳдан ажралиш ҳолати ҳамда унинг ҳуқуқий ва салбий оқибатлари, бундай ҳолат юзага  келганда эса ўз ҳуқуқларини ҳимоя  қилиш каби масалалар муҳим бўлиб, уларга бу борада аниқ йўналишлар бериш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Оила Кодексининг 17-моддасида ёш келин-куёвлар никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишлари мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланган. Оила кодексига бу модда киритилишининг моҳияти шундаки, имонли, инсофли ва яхши ниятли инсон учун оила қуриш, унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши йўлида қайғуриш қанчалик муҳим ва мажбурий бўлса ёки ота-она бўлиш масъулияти кучли бўлса, ўзидан соғлом зурриёд қолдириш, уни соғ-саломат қилиб вояга етказиш, тўғри тарбия бериш масъулиятли ва мажбурий ишдир. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган 365-сонли қарори билан тасдиқланган "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги Низомга кўра, барча фуқаролар ФҲДЁ органларига никоҳга кириш учун ариза бергач, тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма олишлари ва белгиланган тартибда ўз саломатликларини текширтириб кўришлари шарт. Бунда бўлажак келин-куёвлар бешта асосий хасталик - сил, тери-таносил, гиёҳвандлик, ОИВ касаллиги (ОИТС), руҳий касалликлар бўйича текширилади. Сабаби, бу бешта касаллик бевосита наслга таъсир қилади.
Кузатишлар ва амалиёт шуни тасдиқламоқдаки, никоҳ олди тиббий кўрикдан онгли равишда ўтиш, саломатликни асраш  айнан ўзимизга, оиламизга боғлиқ эканлиги, оилавий, оммавий спортни ривожлантириш, оилада соғлом яшаш тарзи кўникмаларини шакллантириш, наслни покловчи, давлатни кучли қилувчи омил сифатида баҳоланмоқда.
Минг афсуски, ҳанузгача қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳлар оқибатида ногирон фарзандлар туғилаётир. Бу ҳолатларга бефарқ қараб, оила қуриш ва ногирон фар-занднинг хасталигини кўриб, бир-бирини айблаш, норози бўлишлар туфайли рўй берадиган никоҳ ажримлари ҳам, афсуски, учраб турибди. 
М.Сайдуллаева, 
туман ФҲДЁ бўлими 
мудираси.