Қишлоқ хўжалиги

КАРТОШКАДАН МЎЛ ҲОСИЛ

 ЕТИШТИРАЁТГАН УСТА ДЕХҚОН

Kартошка аҳоли истеъмол қиладиган энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларидан бири. Юртимизда эртанги бу экин асосан февраль ойининг охири март ойининг бошларида экилади. Кечки картошка эса, май ойининг охирлари, июнь ойининг бошларида экилиши ҳаммамизга яхши маълум.

Қиш мавсумида ҳам 2 сотих иссиқхонасида картошка экиб, мўл даромад олаётган Бобур маҳалласининг Жағалтой қишлоғидаги меҳнат фахрийси Облоқул Низомов уста деҳқон ҳисобланади. У ўз томорқасининг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланишни йўлга қўйган. 

- 40 йилдан буён картошка етиштириш билан шуғулланиб келаман, - дейди Облоқул Низомов. - Одамлар март ойларида картошка уруғ қадаган пайтида биз бозорларга картошка чиқариб, яхши даромад кўриб келамиз. Айни пайтда 1 сотихли иссиқхонада сариқ навли «санта» уруғи ҳосилга кирган. Қизил картошка экинимиз ҳосилга кириш арафасида турибди. Бир сотихдан 6 центнер яъни 600 килограмм ҳосилни чамалаб турибман. Агар ҳар бир хонадон томорқасидан самарали фойдаланса, камбағал оиланинг ўзи қолмайди. 

Шунингдек, уста деҳқон картошкани етиштириш сирлари ҳақида тўхталар экан, уни қаторлаб экилганда 60-70 см дан, қатор ўрнини режалаб экилганда кетмон билан 8-10 см чуқурликда ўйиб, уялар ўрнини очиб экилиши, агар ер ўғитланмаган бўлса, ҳар бир уяга 400-500 грамм чириган гўнг, суперфосфат, аммиак, селитра ўғитларидан тупроққа аралаштирилиб солиниши ҳамда ҳосил олингунига қадар картошка  уч марта чопиқ қилиниши ҳақида сўзлаб берди. Биринчи марта поялар 15-20 см бўлганида, иккинчи марта ғунчалаганда, учинчи марта эса гуллаганда чопилиб, ушбу экин ҳар 10-15 кунда суғориб турилиши ҳақида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Дарҳақиқат, туманимиз аҳли томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланса, бу албатта камбағалликни қисқартиришда, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да қайд этилган фуқароларни даромадини оширишда муҳим қадам бўлади.

С. ИБРАГИМОВ.

Суратда: тажрибали деҳқон 

Облоқул Низомов.

Муаллиф олган сурат.