СЕН ҲАМИША МУҚАДДАССАН, МУҚАДДАС АЁЛ! Туманимизда 8 март - Халқаро Хотин-қизлар байрами кўтаринки руҳда нишонланди




Одатда аёлни баҳорга, баҳорни эса аёлга қиёслашади. Зотан ўлкамиз узра муаттар сепини ёя бошлаган баҳорнинг илк кунлари айнан хотин-қизлар байрами билан бошланиши ҳам рамзий маъно касб этади. Аёли бор оила қут-баракали, файзли ва тароватли бўлади. Юртимиз ҳам, жамиятимиз ҳам аёл билан гўзалдир.
Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами - хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда. Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.
Боболаримиз эътироф этганларидек, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, мардлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, сабр-тоқат, садоқат соҳибаси бўлмиш аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Бу кўҳна тарих Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Улуғ момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этаётганидан беҳад фахрланамиз.
Фарзандлар бахтидан, нуроний отахон ва онахонларнинг ҳурмат иззат топишидан, оиланинг бекам-кўстлигидан, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, турмуш фаровонлигидан биринчи   навбатда оналар манфаатдордир. Демак, мамлакатимизда олиб борилаётган барча бунёдкорлик ва эзгу ишлар, яратилаётган гўзалликлар азиз оналаримиз, опа-сингилларнинг кўнглини олиш учун бунёд этилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
7 март куни туман маркази Лойишдаги "Бўстон она" базмгоҳида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни туман ҳокими Шерзод Қудратов кириш сўзи билан очиб берди ва туманимиз хотин-қизларига ўзининг байрам табригини йўллади:
- Жаннатмонанд юртимизнинг, туманимизнинг шон-шарафини тобора юксалтиришда жонкуярлик қилаётган, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эътирофга сазовор бўлаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани барчамизни қувонтирмоқда. Бугунги шодиёна минбаридан туриб, ўз оиласини, фарзандлари тарбиясини гул-гул яшнатиб қўйиш баробарида туманимиз ишлаб чиқариши ва ижтимоий ҳаёти, борингки, халқ хўжалигининг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилган ва қилаётган барча мунис аёлларимиз олдида таъзим қиламан.
Бугунги кунда туманимизда ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳаларидан бўлган халқ таълими тизимида, соғлиқни сақлаш тизимида, маданият ва санъат соҳасида, фан ва илмий хизмат кўрсатиш соҳасида аёлларимиз юқори фоизларни ташкил этаётганлиги сафимизда нечоғли салоҳият эгалари борлигини кўрсатиб турибди.
Дарҳақиқат, туманимизда барча оналар бугунги кунда фарзандлари, невара, чеваралари қувончи билан эл-юрт ардоғида яшамоқдалар. Кўплаб нуроний онахонларимиз фарзандларига ҳаётий тажриба ва билимларини ўргатиб, ҳаётнинг оғир енгилига тайёрлаб бораётганлари алоҳида эътиборга лойиқ. Юртимизнинг шундай онахонлари борки, уларнинг номи бутун бир тарих саҳифаларини безашга, келажак авлодга ибрат қилиб кўрсатишга арзийди, эзгу ишлари эса юрти учун фахр-ифтихор намунаси бўла олади.
Байрам муносабати билан туман ҳокимининг ташаббуси билан Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими бошлиғи, Халқ қабулхонаси масъул ходими, "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази масъуллари ҳамда маҳалла еттилиги ҳамкорлигида туманимиз маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олинди. "8-март - Халқаро хотин-қизлар куни" байрами муносабати билан ташкил этилган мазкур ташриф давомида хотин-қизларни байрам билан қутлашиб, совғалар улашилди.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ғ.Ғаниев тумандаги умумтаълим мактабларида раҳбарлик қилаётган аёлларни "8 март - Халқаро хотин-қизлар куни" байрами билан табриклаб, совғалар улашди.
Оқдарё Педагогика коллежида ҳам "8 март - Халқаро хотин-қизлар куни" байрами муносабат билан педагог ходимлар учун байрам тадбири бўлиб ўтди. 
Мамлакатимизда билимли, оқила, ҳар томонлама тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган зукко қизларимиз сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Уларнинг фан-таълим, адабиёт, санъат, маданият соҳаларида эришаётган муваффақиятлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Хотин-қизларимизни спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни лол қолдимоқда, десак асло муболаға бўлмайди.
Зеро, барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, шу юртнинг оғир-енгилини умр бўйи елкасида кўтариб келган, хонадонларимизнинг файзи ва кўрки бўлган азиз ва мўътабар онахонларни рози қилиш, дуосини олиш - дунёдаги энг улуғ мақсадимиздир. Оналик шаънини, ўзбек аёли ор-номуси, қадр-қимматини юксакларга кўтарган бу инсонлар биз учун доимо азиз ва мукаррамдир. Сизнинг табаррук сиймонгиз, ҳар бир сўзингиз бизга ҳамиша ҳамроҳ ва йўл кўрсатувчи маёқдир. Хонадонларимизнинг чироғи, фарзандларимизнинг меҳрибони, юракларимиз қўри, кўзларимизнинг нури ва ғуруримиз бўлган Сиз аёлларга ҳар қанча таъзим айласак кам! 
Гулсара ТИНИБЕКОВА.