МАҲАЛЛА РАИСИГА ОСОНМИ?

Маҳалла институти ўзини-ўзи бошқариш органи сифатида муайян ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий ва маданий масалаларда мустақил фаолият олиб борувчи тузилмадир. Кейинги йилларда бу институтга ҳар қачонгидан ҳам эътибор кучайтирилди. Аҳолининг барча муаммолари эндиликда маҳалланинг ўзида ҳал этиладиган бўлди. Айни пайтда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ташкил этилиб, аҳоли билан ишлашнинг "маҳаллабай" ва "хонадонбай" тизимлари йўлга қўйилди. 
Маълумки, яқинда барча маҳаллаларда сайловлар ўтказилди. Халқимиз бугунги кун талабига жавоб берадиган, элда ҳурмати бор, фидойи, олий маълумотга эга бўлган инсонларни ўзларига раҳбар этиб сайладилар. Албатта ўтган сайловлар халқимизнинг сайловларга бефарқ эмаслигини яққол кўрсатди. Тўғри, туманимизнинг айрим жойларида бўлиб ўтган сайловларда тортишувлар, мунозаралар кўзга ташланди. Бу ҳам албатта жамиятимизда демократиянинг юксалиши, одамларимиз атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмаслигидан далолатдир. Ҳурматли Президентимиз ҳам эндиликда ҳар бир амалий ишлар маҳалладан бошланишини, барча тоифадаги раҳбарлар маҳаллаларга бориб халқ билан юзма-юз учрашишлари лозимлигини тез-тез тилга олмоқда. Чунки барча муаммолар маҳаллада юзага келади ва ўша жойнинг ўзида ҳал этилади. Негаки, қайси вазифада ишлашидан қатъий назар ҳар бир киши қайсидир маҳаллада истиқомат қилади. Шундай экан, раҳбарларимиз шу юрт, шу халқ учун жон койитишлари, диёримизнинг гуллаб-яшнаши учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари талаб этилади.
Хўш, маҳалла раҳбарларига бугунги кунда қатъий талаблар қўйилаётган экан, улар бу талабларга жавоб беришадими? Бугунги кунда маҳалла раиси бўлиб фаолият кўрсатиш осонми? Биз шу саволлар билан кўп йиллар туманда масъул вазифаларда фаолият кўрсатган ва айни пайтда "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаётган Собир Амировга мурожаат қилдик.
- Очиғини айтсам, маҳалла раиси бўлиб ишлаш бугунги кунда осон эмас, - дейди у ўз фикрларини баён этар экан. - Ҳудудда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари ўзларига берилган вазифаларни сидқидилдан бажаришлари, ўз ваколати доирасида муаммоларни ҳал этишга, мутасадди идоралар олдига олиб чиқади ва ҳал этилишини таъминлаши талаб этилади. Ачинарли томони шундаки, яқинда фаолиятимни бошлаган бўлсам, шу давр ичида аксарият фуқароларимизда боқимандалик, бировдан айниқса, давлатдан ёрдам кутиш, ундириш шаклланиб қолганлигига гувоҳ бўляпман. Уларнинг айримлари меҳнат қилмасдан туриб яхши яшашни орзу қилишади. Ахир халқимизда ишламаган тишламайди деган нақл бежизга айтилмаган-ку. Яна бир ҳолатни айтиб ўтишни лозим деб биламан. Ҳар бир маҳаллада фақат давлатдан пул ундириб юрган шахслар бўлади. Эшитишимга қараганда, улар доимий равишда туман ва вилоят идораларига шикоят билан мурожаат қилишиб, менга давлат, маҳалла ёрдам бермаяпти, егани ноним йўқ, озиқ-овқат маҳсулотларига муҳтожман, деган ҳар хил важлар билан шуғулланишади. Натижада эса давлат идоралар вакиллари шикоятчининг аризасини ёпиш учун энг биринчи навбатда маҳалла раисига нима бўлса ҳам шу шикоятни ёпиш керак, бир амаллаб уни кўндир, кўнглини ол, қисқаси ул-бул нарса олиб бориб бер, деган фикрларни айтишади. Шундан сўнг маҳалла раиси қийналиб бўлсада, ўзининг ойлигидан керакли маҳсулотларни олиб ўша шикоятчининг уйига боради. Чунки бир амаллаб унинг аризасини ёпиш керакда. Агар шундай қилмаса тепадагилардан гап эшитади. Маҳалла раисининг ўзи эса ишламайдиганга чиқарилади. Бундай мисолларни кўплаб маҳалла раисларидан эшитишимга тўғри келди. Бундан ташқари туппа-тузук кийиниб юрган фуқароларимиз билан суҳбатлашсангиз уларнинг маънавияти, дунёқараши паст эканлигини, умуман китоб ўқимаганлигини сезасиз. Ёшлар тарбиясида ҳам бўшлиқлар мавжуд. Айрим ота-оналаримизнинг ўзи тарбияга муҳтож эканлигини қандай изоҳлаш керак? Ота-онага ҳурмат ниҳоятда сусайиб кетган. Ҳатто ёш оилаларда ҳам меҳнатга бўлган муносабат шаклланмаган. Ёш келинларимиз ажралишдан умуман қўрқишмайди. Улар ёлғиз она бўлсам давлат менга албатта ёрдам беради, деган фикрда юришади. Яқинда бир ёш келинчак Тошкентдан телефон қилди. У менга янги раис бўлибсиз, эрим билан яшамаяпман. Шунинг учун ажрашмоқчиман, хулоса берсангиз деди. Бундай мисолларни кейинги кунларда бир неча бор эшитишга тўғри келяпти. Ахир оила муқаддас қўрғон эканлигини, у жамиятимизнинг бошланғич бўғини эканлигини ҳанузгача ёш оилаларга тушунтира олмаяпмиз, ёки улар тушунишни исташмаяпти. Тўғри, бугунги кунда энг катта муаммолардан бири ишсизлик эканлиги ўз-ўзидан маълум. Менимча ишга яроқли бўлган аҳолини туманимиздаги пахтачилик-ғаллачилик ва сабзавотчилик фермер хўжаликларига ишга таклиф қилсак мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман.
Биз бу борада маҳалла раиси Собир Амиров билан анча суҳбатлашдик. Катта тажрибага эга бўлган бу инсонни гапларида жон борлигига ишонч ҳосил қилдик.
ШИКОЯТЧИ ҲАМИША ҲАҚМИ?
Яқинда туман миқёсидаги раҳбарлик вазифасида фаолият юритаётган бир қадрдонимиз уларнинг ташкилотига узоқ қишлоқларнинг бирида яшовчи отахондан шикоят тушганлигини, биргаликда ўрганиб келишни илтимос қилди. У кишининг гапини экки қилмай рози бўлишга тўғри келди. Хуллас, қишлоққа бордик. Отахон қишлоқнинг бир чеккасида истиқомат қиларкан. Эҳтимол, сиз отахон жиддий масалада етишмовчиликдан шикоят қилган бўлса керак деб ўйлаётгандирсиз? Асло ундай эмас. Отахоннинг дарди ўн етти йил олдин шаърий никоҳлаб олган хотинини уйидан ҳайдаш экан. Ҳамроҳимизнинг айтишига қараганда, мурожаатчи бу борада туман халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилганидан сўнг у кишига анча тушунчалар берилган. Бироқ шундай бўлсада у киши бундан қониқмагач яна қайта мурожаат қилган. Отахон ва у кишининг ёши элликлардан ошган хотини билан суҳбатлашганимизда, анча нарса маълум бўлди. Хотинининг айтишича отахоннинг олдин уйланган хотинларидан бир неча фарзандлари бор. Уй-жойларини фарзандларига қолдириб келган. Ҳозир яшаб турган уйларини эса бундан йигирма йилча олдин туман ҳокимига кетма-кет мурожаат қилгандан сўнг ҳеч қандай ҳужжатсиз беришган. Фермер хўжалиги ерларини шундоққина ўртасида жойлашган уй-жой бор йўғи бир кичик уй ва бир даҳлиздан иборат. Хотинининг айтишича, отахон кексайиб қолгандан сўнг уни кимлардир йўлдан уриб уй-жойини ўғилларига қолдиришмоқчи экан. Шу ерда маҳалла раиси билан тегишли баённома тузиб, аёлни бу ҳовлидан чиқариб юбориш мақсадга мувофиқ эмас, деган фикрга келдик. Суҳбат давомида отахонга ҳам одамийлик нуқтаи назаридан шунча йил бирга яшаган аёл кишини уйдан ҳайдаб юбориш маъқул эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдик. Инсоф билан айтганда ҳам ўн етти йил давомида эркак кишини парваришлаган, нон-ошини пишириб берган аёл кишига бунчалик ҳурматсизлик қилиш яхши эмас, деган фикрларни ҳам мурожаатчига очиқчасига айтишга тўғри келди. Шу ўринда савол туғилади? Шунча йил мобайнида бу оила истиқомат қилиб турган уй-жой кадастр қилинганми ва ер солиғини тўлаганми деган саволлар пайдо бўлади. Ахир ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлмаса ҳам уй-жой қуриш мумкинми? Албатта бу масала билан тегишли ташкилотлар шуғулланишлари лозим.
Кейинги пайтларда аксарият маҳаллалардан турли ташкилотларга айниқса халқ қабулхоналарига ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар сони кўпайиб боряпти. Энг ачинарлиси, мурожаат қилувчиларнинг аксарият қисми ёш бўлиб меҳнат қилиш имкониятига эгадирлар. Айрим ёш аёллар эса ёш болаларини етаклаб тўппа-тўғри туман ҳокимлигига ҳокимни сўраб келишаяпти. Худди давлат улар меҳнат қилмаса ҳам боқишга мажбурдек. Албатта, ҳокимлик ҳам қўлидан келганча ишсизликнинг олдини олиш учун фуқароларимизга тикув машиналари, эркакларга эса мотокультиватор ва шунга ўхшаш асбоб-ускуналар, иш қуролларини мунтазам равишда бериб бормоқда. Бироқ, айрим инсофсиз фуқароларимиз эса берсанг ейман, бермасанг ўламан қабилида иш юритиб, бир марта берилган моддий ёрдамга қониқмасдан қайта-қайта юқори ташкилотларга шикоят қилишаётганлигига нима дейсиз? Ахир шикоятчи ҳамиша ҳам ҳақ бўлавермайди-ку. Албатта бу масалани халқ қабулхоналари ва мурожаатни қабул қилувчи ташкилотлар ҳам жиддий кўриб чиқишлари керак. Чунки шундай қилинмаса мурожаатчиларнинг сони борган сари кўпайиб барча оғирлик келиб-келиб маҳалла раисининг зиммасига тушади. Чунки шикоятчининг аризасини ёпиш учун у амалий иш қилиши, янада очиқроқ айтсак, ўзининг маблағи ҳисобидан баъзи ҳолларда давлатга ҳам, жамиятга ҳам фойдаси тегмайдиган фақат "ёзувчилик" билан шуғулланадиган кимсаларга хизмат қиладиган ходимга айланади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, агар шикоятчи ноҳақ бўлса унга нисбатан ҳам тегишли равишда чора кўрилишини таъминлашимиз керак. Негаки, маҳалла раиси давлат томонидан ўзига берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда айрим нопок кимсаларга эмас, балки халққа хизмат қилиши лозим. Буни асло унутмаслик керак.
Йўлчи МуҲаммадиев,
журналист.