Қишлоқ хўжалиги

Олимлар тавсия этади

ҒАЛЛАНИНГ БАҲОРГИ ПАРВАРИШИ

Ғаллакорларимиз бу йилги ҳосил учун куздаёқ оби-тобида уруғ қадашиб, аксарият майдонларда тўлиқ ва соғлом кўчат олишга эришдилар.  Баҳорнинг илиқ келиши ғалла майсаларининг беталофат ҳамал олишига, бу эса фермерларимиз томонидан ғаллазорларда агротехник тадбирларни ўта сифатли ва ўз вақтида ўтказишга қулай имкон яратади.

Негаки, ғалланинг ривожи учун қулай бўлган ана шундай илиқ кунлар шубҳасиз, ғалланинг ҳозирги ҳолатда,  ривожини бир мунча тезлатиб, бўлғуси ҳосилга мустаҳкам замин яратади. Шундай экан, ғаллакорларимиз асосий эътиборини қуйидаги энг муҳим  агротехник тадбирларга қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Шу кеча-кундузда фермерларимиз тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда ғалла майдонларининг ҳақиқий ҳолатини (контурма-контур) синчковлик билан кўздан кечириб таҳлил қилиши ва бунда ривожи қониқарли бўлган майдонлардан ташқари, кеч экилган, суғорилмаган, ривождан орқада қолган ва туп сони сийрак майдонлар алоҳида таҳлил қилиниб, назоратга олиниши ва биринчи галда ана шу майдонларга етарли миқдорда (камида 10-12 т/га ҳисобида) маҳаллий ўғит жамғариши зарур. Суғоришни эса фақат "шарбат" усулида олиб бориш лозим бўлади. Сувчиларга барча шароитни яратиш ва суғоришни кечаю кундуз олиб бориш ғалла ривожини тезлатади ва ҳосил салмоғини оширади.

Чунки, жамғарилган маҳаллий ўғит (гўнг, парранда тезаги ва бошқ.) ерга малҳам бўлиб, ғалла майсаларининг илдиз тизимига тез етиб боради, озиқ моддаларга бўлган талабини қондиришдан ташқари, тупроқда нам сақлайди, ғалла майсаларини беталофат ўсишида ҳам асқатади. Аксинча, нисбатан кеч экилган, ривождан орқада қолган ғаллазорларга эса алоҳида қаров бериш ташкил этилади ва бундай майдонларда маҳаллий ўғит миқдори 40-45 % (12-15 т/га) га оширилиб, суғориш ҳам ўта сифатли ўтказилади. Шундай қилинса ҳозирда сарғайиш оқибатида нимжон ва озиқ моддаларга эҳтиёж сезаётган ғаллазорлар ривожига қараб, ўзини тезда тутиб олишига хизмат қилади. 

Галдаги муҳим агротехник тадбирлардан яна бири бу ғаллазорларни ғўзапоялардан тозалаш ва даладан олиб чиқиш ҳисобланади. Шундай қилинса ғалла майсаларига қуёш нури бир текис тушиши оқибатида фотосинтез жараёни тезлашади ва ниҳоллар тез кучга кира бошлайди. 

Шундан сўнг энг муҳим тадбир ғаллани озиқлантиришга киришамиз. Бу палланинг нозиклиги шундаки, ўғитлаш ғалла ва об-ҳавонинг ҳақиқий ҳолати, ҳамда экилган навларнинг биологик хусусиятларига қараб баҳоланади. Шулардан келиб чиққан ҳолда ўғитлашни февралнинг биринчи ўн кунлигидан бошлаб азотли ўғитларни 25 фоизи далага сепилади, кеч экилган ва ривождан орқада қолган майдонларга эса қўшимча 100 кг/га (физик ҳолда) азот берилиши тавсия қилинади. Шундагина бундай ҳол тупланиш фазасини тезлатиб, 1 м2 майдонга ўртача 500-550 дона маҳсулдор поялар олишга эришилади. Сўнгра эса ортидан озиқлантирилган ҳар бир дала тупроқ ҳолати, сизот суви сат-ҳига қараб  550-700 м3/га ҳисобида сифатли қилиб суғорилади. Сўнгра далада техниканинг юриш имкони бўлгач, ОВХ ёки бошқа пуркагичлар ёрдамида (300 литр сувга 12 кг аммофос 6 кг калий ва шунча карбамид) суспензия эритмаси пуркалади. Шундай қилинса, ғалла майсалари бир текис, баравж ривожланади, касаллик ва зараркунандаларга бардошлилиги ортади, муҳими эса ҳосил салмоғи ва сифати сарбаланд бўлади. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, фермерларимиз ҳар бир далани мутахассислар ёрдамида яна бир бор кўздан кечириб, касаллик, зараркунанда ва бегона ўтлар хуружидан асраш чора-тадбирларини кўриш, уларга қарши курашиш учун восита ва моддалар заҳирасини ҳам ўз вақтида ҳозирлашлари талаб этилади. 

Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари 

доктори.

Завқиддин БОЗОРОВ, 

вилоят илмий маркази бошлиғи.