ГАЗЕТАДА БОСИЛГАН ТАНҚИДИЙ МАҚОЛАЛАРГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?

Оммавий ахборот воситаларининг вазифаси - жамоатчилик фикрини етказиб туриш ва муаммоларни муҳокама қилиш орқали уларнинг ҳал қилинишига ҳисса қўшишдан иборат эканлигини бугунги кунда ҳар бир киши яхши тушунади. Уларнинг ишига тўсқинлик қилиш ёки аксинча кўтарилган муаммоларни бартараф этишда тегишли раҳбарлар томонидан бефарқлиқ қилиш, менсимасдан муносабатда бўлиш оқибатлари эса жамиятимиз ривожланишига, тараққиётимизга тўсқинлик қилиш билан баробардир.
Туманимиз кўзгуси ҳисобланган "Оқдарё овози" газетаси саҳифаларида йил давомида туманимиз тараққиётига тўсқинлик қилаётган, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида танқидий мақолалар мунтазам равишда бериб борилмоқда. Уларнинг аксарият қисмига тегишли ташкилот ва муассасалардан расмий баёнот берилиб, газетада босилган танқидий мақолаларга тўғри муносабат билдирилаётганлиги бизни қувонтиради. Негаки, халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, туманимиз тараққиётига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиш ҳар биримиз учун муқаддас бурч ҳисобланади.
Минг афсуски, танқидий мақолаларни газета саҳифаларида чоп этар эканмиз, уларнинг айримларига туманимиз  раҳбарлари томонидан эътиборсизлик қилинаётганлиги, панжа орасидан қаралаётганлиги бизни қаттиқ ранжитади. Шунинг учун ҳам раҳбарлар эътиборидан четда қолган танқидий мақолаларни яна бир бор уларга эслатиб ўтишни лозим топдик.  
"АСФАЛЬТ КЎРМАГАН КЎЧАЛАР"
Газетамизнинг 2020 йил 17 сентябрь сонида "Асфальт кўрмаган кўчалар" деб номланган танқидий мақола эълон қилинган бўлиб, унда Мустақиллик маҳалласига қарашли бўлган Улуғбек кўчасига йўлдош кўчалар ҳисобланган боши берк кўчаларнинг бугунги кундаги аянчли аҳволи  ёритиб берилган эди. Келинг яхшиси, раҳбарлар эътиборига ҳавола этилиб, уларнинг диққатини жалб қилмаган ушбу мақоланинг маъно-мазмуни ҳақида тўхталиб ўтайлик:
- Туманимиз маркази ҳисобланган Лойиш шаҳарчасининг замонавий қиёфа касб этиб бораётганлиги қувончли албатта. Минг афсуски, туманимизда қарийб ўттиз йилдан буён асфальт нималигини билмайдиган кўчалар ҳам борки, бу аҳвол аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шундай замонда, айниқса, туманнинг қоқ марказида асфальт кўрмаган кўчаларнинг борлигига ишонгинг ҳам келмайди. Афсуски, шундай. Айрим қишлоқлардан шу кўчаларга қариндош-уруғларини йўқлаб келган кишилар ҳам бунга ҳайрон қолишади.
Ёлғон бўлмасину, бундан икки-уч йил илгари Мустақиллик МФЙга қарашли бўлган Улуғбек кўчасининг боши берк кўчаларига тош тўкилиб, бир мунча обод бўлиб қолди. Негаки,  мазкур кўчаларга бундан ўттиз йиллар илгари янги иморатлар қилиб янги оила сифатида кўчиб келган оилаларнинг фарзандлари эндиликда 30-35 ёшдан ошиб қолишган бўлса, уларнинг фарзандлари ҳам 5-10 ёшга етиб қолишган бўлсада, бу кўчалар ҳамон асфальт нималигини билмайди. Аҳоли томонидан қурилган айрим электр симёғочлари ҳам ночор аҳволга келиб қолган. Бундан баттари ҳам бор. Бу кўчалардаги хонадонлар шунча йиллар мобайнида рақамланмаган, номланмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Кимдир сизнинг уйингизни кўчама кўча излаб юришини, рақамланмаган уйлардан қайсиси эканлигини билмай сарсон-саргардон бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-чи? Тўрт-бешта кўчанинг номи "боши берк" кўча деб аталмасдан, қарийб 20-30 хонадон яшайдиган кўчаларга алоҳида ном берилса ва ҳар бир хонадон рақамланиб чиқилса, ортиқча сарсончиликларга чек қўйилган бўлар эди. Бунга наҳотки, мутасадди раҳбарлар, маҳалла фаоллари, депутатлар эътибор қаратишмаса?
Ваҳоланки, таҳририятимиз томонидан мазкур танқидий мақолада келтирилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан туман кенгашига Мустақиллик маҳалласидан сайланган депутатга ҳамда Мустақиллик маҳалласининг раисига ҳам шахсан мурожаат қилинган бўлишига қарамасдан, ҳамон бирор бир ўзгариш ёки жавоб мактубини ололмадик. Халқимиз тили билан айтганда, ушбу "гадой топмас" кўчалардаги аҳвол ҳамон ўзгаргани йўқ.
Газетамизнинг 2021 йил 25 февраль сонида чоп этилган "Йўлга ким эътибор беради?", 2021 йил 25 март сонидаги таҳририятга келган мурожаатлар асосида "Ҳоли хароб кўчаларга қачон эътибор берилади?" мавзусидаги танқидий мақола, 2021 йил 1 апрель сонида чоп этилган "Йўловчига йўл қайғу, ошпазларга не қайғу?"сарлавҳали Лойиш кўчаларидаги тартибсизликка ким эътибор беради? рукни остидаги мақола, шунингдек, мазкур сондаги "Оқдарё овози танқид қилади" рукни билан "Муаммолар қачон ечим топади?", 2021 йил 8 апрель сонида "Лойишдаги ўгай кўча" деб номланган мақолаларга туманимиз мутасаддилари томонидан эътиборсизлик қилиниб, жавоб хатлари ёзилмади. 
Лекин, газетамизнинг 2021 йил 10 март сонида "Маиший чиқиндихонани ким бартараф этади?" деб номланган танқидий мақолага жавоб мактуби ёзилмагач, таҳририят томонидан ушбу мақола  "Мухбир УЗ" канали орқали эълон қилингач, ушбу танқидий мақолада баён қилинган муаммолар зудлик билан бартараф этилганлиги ҳақидаги жавоб мактубини олдик. Бунга нима дейсиз?
Бундан келиб чиқадики, "бош ёрилса ҳам дўппининг ичида" қабилида иш тутиб туманимиз муаммоларини туман газетасида ёритсагу, лекин унга нисбатан эътиборсизликка,  лоқайдликка дуч келсак. Бундай эътиборсизлик, лоқайдликни қандай баҳолаш мумкин? Ўзларини кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олаётган, ҳаттоки, газетада кўрсатиб ўтилган камчилик ва хатоларга муносабат билдиришни ҳам хоҳламаётган раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўриш вақти етиб келмадимикан?  Сиз бунга нима дейсиз,  туманимизнинг мутасадди раҳбарлари, ҳурматли депутатлар? Жавобингизни кутиб қоламиз.          
ТАҲРИРИЯТ.
Мавзуга оид: