"ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУННИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Мамлакат келажаги, унинг тараққиёти юқори билим ва малакага эга бўлган етук мутахассисларнинг халқни рози қилиш, унинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги самарали фаолиятлари билан боғлиқ. Бугун юртимизда кадрларни танлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борадаги ишларни самарали йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва улар фаолиятини ягона қоидалар асосида ҳуқуқий тартибга солувчи "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонунни имзолади. Янги Ўзбекистонда давлат идораларининг халққа хизмат қилишида ижобий бурилиш даври бўлмоқда. "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонунининг қабул қилиниши ҳам давлат идоралари ходимларининг халқимизга сифатли, самарали хизмат кўрсатиши борасида яна бир муҳим қадам бўлди. Қонун имзоланишидан аввал, жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, унда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари иштирок этди.
Ушбу йиғилишда давлат раҳбари давлат хизматини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларига тўхталиб, ушбу масала қарийб 30 йилдан бери кейинга сурилиб келинаётганлигини қайд этди ҳамда маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида ушбу Қонун тайёрланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Қонун маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ривожланган давлатлар тажрибалари асосида, чуқур муҳокамалардан сўнг ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Мазкур қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат. Бундан буён давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. 
Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб белгиланган Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ҳамда давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади.
Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ҳам ёрдам кўрсатади. Қонунда давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва чекловлар борасида ҳам бир қатор қоидалар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган вақтдан бошлаб давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва фаолиятини тугатиши билан уни йўқотади.
Қонунга кўра Давлат фуқаролик хизматчиси бир қатор ҳуқуқларга эга. Яъни, бажарилган ишларнинг миқдори ҳамда сифатига мувофиқ вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш, касбий компетенциялари ва алоҳида хизматлари учун рағбатлантириш, мунтазам равишда малакасини ошириб бориши, меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритиш ва шартномани бекор қилиш, лавозим йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлган иш ўрнига эга бўлиш, давлат органи раҳбариятининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳақида хабар берган тақдирда давлат ҳимояси билан таъминланиш ва ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйи давлат органининг раҳбарияти ҳамда бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳурмат қилиниши каби ҳуқуқлар шулар жумласидан.
Ўз навбатида қонунда давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини амалга оширишдаги мажбуриятлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Конституцияга ва бошқа ҳужжатларга риоя қилиши, ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажариши, давлат органи томонидан белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига, хизматга оид ахборот билан ишлаш тартибига, шунингдек, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ   бошқа қоидаларга риоя қилиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиш, ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай шаклдаги камситишдан, нохолисликдан ёки кимгадир нисбатан алоҳида муносабатда бўлишдан тийилиш, ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги, давлат сирларини ёки Қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги талабларга риоя этиши, даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши ва бошқалар.
Яна бир нарсани айтиш жоизки, ушбу Қонун билан давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Унга кўра, Давлат фуқаролик хизматчиси учун ўзаро яқин қариндошликда бўлган шахслар билан айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб мукофот, фойда ёки совғалар олиш, чет давлат фуқаролигини олиш ва шу каби бошқа чекловлар белгиланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур Қонун давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизми ягоналигини таъминлашга қаратилган муносабатларни тартибга солиш орқали ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хизматчиларининг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ҳамда адолатли танлов асосида хизмат поғоналари бўйича ўсишининг кафолатларини ўрнатиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчиларини касбга лаёқатлилигини ва профессионаллигини ўсишида шарт-шароитлар яратиш ҳамда рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятли.
Қайд этиш лозимки, шундай тизим давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланиш, коррупцияга чек қўйиш ва асосийси, давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант ўринларни юксак билим ва малакага эга бўлган мутахассислар билан таъминлашга олиб келади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу Қонун мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматчиларини ҳуқуқий мақомини белгиловчи, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси масалаларини тартибга солувчи ҳамда давлат фуқаролик хизматини мустаҳкамловчи муҳим омил сифатида хизмат қилади.
Алишер АЛИҚУЛОВ,
туман ҳокимлиги ташкилий кадрлар гуруҳ етакчи матухассиси.