Оила – муқаддас қадрият, уни асраш барчамизнинг бурчимиздир!

Туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Н.Соипованинг туман аҳолисига МУРОЖААТНОМАСИ
Ҳурматли ва азиз тумандошлар!
Сизларга яхши маълумки, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамалакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг туб моҳияти аввало инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Ислоҳотларнинг натижадорлигини одамларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасида катта масъулият борлигини ҳам чуқур ҳис қиламиз. Шунга кўра, Муҳтарам Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ПҚ-1-сонли ва ПҚ-111-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, сиз азизларни жиноятлардан жабрланиб қолиш эҳтимолингизни олдини олиш мақсадида туманимиздаги криминоген вазият юзасидан мазкур мурожаатимни йўлламоқдаман.
Жорий йилнинг 5 ойи давомида туман ҳудудида 224 та жиноятлар содир этилишига йўл қўйилди. Мазкур жиноятларнинг 89 таси профилактика қилинса, олди олиниши мумкин бўлган жиноятларни ташкил этади. Олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг 2 таси қотиллик, 4 таси оғир тан жароҳати етказиш, 2 таси номусга тегиш, 9 таси ўғрилик, 3 таси безорилик, 1 таси автомашинани олиб қочиш, 11 таси енгил тан жароҳати етказиш, 5 таси ўртача оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятлардир.
Энг кўп жиноятлар “Мустақиллик”, “Даҳбед”, “Пўлатдархон”, “Ғаларавот” МФЙ ҳудудида содир этилиб, ушбу маҳаллалар қизил тоифага тушган. Афсуски, туманимизда ҳам айрим оилаларда келишмовчилик, ўзаро ҳурматсизлик, сабрсизлик оқибатида низолар ва зўравонлик ҳолатлари кузатилмоқда. Кўплаб жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар айнан оила доирасида – эри хотинига, ота фарзандига, ака синглисига нисбатан содир этаётган жисмоний ёки руҳий тазйиқ, ҳақорат, уриш-жанжал шаклида намоён бўлмоқда. Бу ҳолатларнинг аксарияти эса турмуш тарзидаги муаммолар, ичкиликбозлик, ишсизлик, ҳуқуқий саводсизлик, психологик зўриқишлар оқибатида юзага келаётгани сир эмас.
Шуни қатъий таъкидлаш керакки, ҳар қандай оилавий зўравонлик – бу жиноятдир! Бу каби ҳолатлар нафақат жабрланувчи шахсга, балки бутун оила аъзоларига, айниқса, вояга етмаган фарзандларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Ўз яқинлари қўлидан жабрланган фарзандлар жамиятга ишончсиз, тажовузкор, руҳий мувозанатсиз бўлиб вояга етади. Бундай салбий ҳолатлар эса жамиятнинг эртанги келажагига бевосита таҳдид солади.
Ҳурматли тумандошлар!
Прокуратура органлари томонидан оилавий низолар, зўравонлик ва оилада жиноят содир этиш ҳолатлари бўйича мурожаатлар ҳар томонлама ўрганилмоқда, ҳар бир ҳолат бўйича қонуний чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, жиноят содир бўлгач эмас, унинг олдини олиш – энг муҳим вазифа бўлиши керак.
Шу боисдан барча фуқароларни, айниқса маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар етакчиларини оилаларда соғлом муҳитни яратиш, муаммоли ҳолатларни эрта аниқлаш ва ҳал этишда фаол бўлишга, ҳар бир ҳолатга бефарқ бўлмасликка чақирамиз.
Ҳурматли тумандошлар!
Агар сиз ёки сиз таниган бирор фуқаро оилавий зўравонликка дуч келган бўлса, илтимос, жим қолманг. Сизнинг мурожаатингиз яширин сақланади, ҳимояланган тарзда кўриб чиқилади. Прокуратура, ички ишлар, маҳалла, тиббиёт ва психологик хизматлар барчаси сизга ёрдам беришга тайёр.
Шунингдек, ота-оналардан, оила бошлиқларидан, эркаклар ва аёллардан бир нарсани чуқур англаб олишларини сўраймиз:
Оилани асраш, унга ғамхўрлик қилиш, фарзандлар учун соғлом муҳит яратиш – бу нафақат инсоний бурч, балки юксак ҳуқуқий масъулиятдир.
Барчамиз биргаликда:
• зўравонликка қарши муросасиз курашсак,
• қонунларга ҳурмат билан ёндашсак,
• ҳар бир муаммони мулоқот, сабр ва маслаҳат орқали ҳал қилсак,
шундагина жамиятимизда тинчлик, осойишталик ва адолат қарор топади.
Оила – муқаддас қадрият. Уни асраш барчамизнинг бурчимиз!
Зеро, қонун устуворлиги – фуқаролар эркинлиги кафолатидир!

ЯНГИЛАНГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ
- 04 апр, 12:27

Конституциявий қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасида
- 31 мар, 11:52

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Саломатлик
- 21 янв, 14:51