Маъракаларда бидъатга йўл қўйманг

Яқинда таҳририятга бир мухлис мурожаат қилиб, бундай деди:
"Қишлоғимизда "қора қозон" деган одат бор. Унда бирор киши азали бўлиб қолса, ҳамқишлоқлар ёрдам тарзда пул беришади. Бир қараганда хайрли урфдек. Бироқ ўша пулни уни ўрни келганда қайтариш лозим, худди тўёнадек. 
Яна бир муҳим масала бу - "Худойи қилиш", яъни азадорлар уч кун ичида халққа ош ёки шўрва қилиб тарқатиш. Бунга кимнинг қурби етар, кимникидир етмас. Бироқ азадор хонадон қилишга мажбур. Шу  тўғрими?"
Ушбу мурожаат бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Ёрқин Жумабоев бундай дейди:
- Албатта, бу савол  бугунги куннинг долзарб масалаларидан. Чунки марказимизга ҳам бундай саволлар кўплаб келади. 
Аллоҳ таоло инсонни баъзи мусибатлар билан синаб, унга сабр қилган бандага улкан ажрлар беради. Аммо биз инсонлар мусибатзада кишига унинг дардини енгиллаштириш ўрнига янада оғир аҳволга солиб, фалон-фалон маросимларни зиммасига қўйишимиз мутлақо нотўғри. Бундан-да ачинарлиси, мана шу ишларни "диндан" (яъни маййит чиққан хонадон эгалари шу маросимларни қилишлари шарт) деб билиш, "шундай ишлар бажарилмаса маййит қабрда қийналади" деб эътиқод қилишдир. Борди-ю, маййит эгалари ўртаҳол оила бўлиб, бу маросимлар кимдандир қарз олиш эвазига ёки кўпчилик томонидан қарз сифатида пул йиғилиб ўтказиладиган бўлса, бу ишларнинг оқибати янада хунукроқ бўлади. Чунки инсон бир яқинидан айрилиб, қалбига етган жароҳати битиб улгурмасидан қарз тўлаш ташвишига тушиши мусибат устига мусибат. Аксинча, бундай оилага таъзия билдириш, далда бериш орқали маънавий ёрдам бериш, дафн амалиётларида иштирок этиш орқали жисмоний ёрдам бериш, қарз сифатида эмас, балки, беғараз, ҳар ким имкони етганча моддий ёрдам кўрсатиш каби амаллар марғуб бўлган ишлардан ҳисобланади. Лекин буни урф ёки мажбурият сифатида қабул қилмаслик керак.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: Абдуллоҳ ибн Жаъфар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди", дедилар". (Имом Термизий ривоят қилган)
Демак, мусибатхонага уч кунгача таом чиқариш, камбағал оила бўлса, уларга моддий ёрдам бериш, мусибат етган кишилар бой бўлса, уч кундан сўнг ихтиёрий равишда муҳтожларга ёрдам бериш, таом тарқатиш, эҳсон дастурхонини ёзиб савобини маййитга етишини умид қилиш жоиз. Аммо бу ишлар омма учун мажбуриятга айланиб кетиши, қилмаса, ўзларини айбдор ҳис қилиш даражасигача етмаслиги керак. Бу ҳар кимнинг шароити ва хоҳишига қараб белгиланиши зарур. Шунингдек, мазкур эҳсонлар маййитнинг мерос молидан меросхўрларнинг розилигисиз амалга оширилиши ҳам ўзганинг ҳаққига эътиборсизлик саналади.  
Афсуски, ҳозирги кунда халқимиз орасида дафнга доир бўлган кўплаб маросимлар урфга айланган. Бу маросимлар бир қарашда яхшилик, савоб амалга ўхшаса-да, уни ташкил қилишда бир мунча бидъат-хурофотлар, хатоликлар мавжуд. 
Хусусан, юқорида айтилган "қора қозон" маросимида ҳам кўпчилик бераётган пуллар қарз сифатида берилади. Оқибатда инсонларнинг ҳақлари бир-бирига аралашиб кетиши, бу орада кимдир шу ҳақларни адо этишга умри етмай қолиш ҳолатлари юзага келади. Қолаверса, шу "йиғин" ортидан мусибат етган хонадонга аслида бирор шаръий асосга эга бўлмаган бир мунча мажбуриятлар юкланиши ва шу маросимларни бажармаса, маломатга қолиш ҳолатлари ачинарлидир. Бундай одатлардан эса динимиз қайтаради.
Шундай экан, ҳақиқий мусулмон ҳар бир ишни шаръий мезонларга кўра бажариши, айниқса, вафот этиб кетган яқинлари учун савоб улашиш мақсадида қилаётган амалларида тўғри йўлни тутиши, савоб қиламан деб зиммасида ўзгалар ҳаққи қолиб кетмаслигини таъминлаши зарур. 
                 
Бобур Муҳаммадиев 
тайёрлади.
Мавзуга оид: