Туман ҳокими қарори. ТУМАН ҲУДУДИДА ЖОЙЛАШГАН БАРЧА ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ТЕГИШЛИ БЎЛГАН ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ 2022 ЙИЛДА МАЖБУРИЙ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низоми ижросини таъминлаш мақсадида "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонунининг 6-моддасига асосан
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Туман ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2. Мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича "Комиссия"нинг таркиби 1-илова, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан           ўтказилсин:
Тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари - бир йилда икки марта;
ишлаб чиқарилганига олти йилдан кўп бўлмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - икки йилда бир марта;
ишлаб чиқарилганига олти йилдан ортиқ бўлган, шунингдек, ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;
тиркамалар кўрикка транспорт воситаси - шатакчи учун белгиланган муддатларда.
4. Низомнинг 5-банди "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи маротаба 1 мартдан 30 июн-гача;
иккинчи маротаба 1 сентябрдан 31 ок-  тябргача ўтказилади;
жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январдан 31 декабргача ўтказилсин.
5. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси раҳбарига:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9  мартдаги 125-сонли қарорига асосан "Транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналарининг мувофиқлигини" баҳолаш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органи томонидан ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар, вазирликлар ва идораларнинг, бошқа ташкилотларнинг, шунингдек, "аккредитация маркази" хусусий техник хизмат кўрсатиш станцияси шартнома асосида ҳал этилиши мумкин. Жисмоний шахсларга тегишли бўлган М1 тоифадаги транспорт воситалари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли қарорига асосан техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига мувофиқлиги тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан баҳоланиши мумкин.
6. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказилишини, уларнинг техник жиҳатдан созлигини ва ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг 3-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сон қарори билан тасдиқланган "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомга мувофиқ йиғим ундирилсин.
9. Оқдарё туман ҳокимининг 2021 йил 9 февралдаги 40-Қ-сонли "Туманда 2021 йилда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси тасдиқланиб расман эълон қилинган кундан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари Б.Аролов зиммасига юклатилсин.
11. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирсин.
Туман ҳокими      Н.Сулаймонов.
2021 йил 20 декабрь.