Бизни ўйлантираётган муаммолар ЙЎЛ ҲАҚИ ХАЛҚ ҲАҚИ ЭМАСМИ?

Халқимизнинг азалий урф-одатлардан бири одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш мақсадида йўллар, кўприклар, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу боисдан ҳам кейинги йилларда туманимиз марказидан бошлаб чекка олис ҳудудлардаги қишлоқлар ва йўлларни ободонлаштириш долзаб вазифалардан бирига айланди.
Туман марказидаги кўчалар ҳам бирин-кетин асфальтланиб, шаҳар қиёфасига кириб бормоқда. Мустақиллик маҳалласига қарашли Мустақиллик, Улуғбек, Исломобод кўчалари айниқса, ўзининг замонавийлиги, кенг ва ёруғлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, Мустақиллик кўчасида транспорт қатнови учун икки томонлама йўл ташкил қилиниб, йўловчи ва ҳайдовчилар учун етарли даражада шароит яратилган. Ўрни келганда айтиш жоизки, мазкур кўчадаги икки йўлнинг ўртасига экилган дов-дарахтлар йўлни қоплаб қолганлиги эса ноқулай вазиятларни юзага келтирмоқда. Ваҳоланки, ушбу кўчадаги икки йўлнинг ўртасига дов-дарахтлар ўрнига гуллар экилиб, гулзорлар барпо этилиши зарур эди. Улуғбек кўчаси бўйлаб юрсангиз пиёдалар учун йўлак ажратилмаганлиги боис транспорт воситалари ҳаракатланган пайти йўловчилар юриши учун қийинчиликлар юзага келмоқда. Негаки, йўлнинг икки йўналиши бўйлаб транспорт воситаси ҳаракатланганда йўловчи ўзини қаерга қўйишни билмай саросимага тушиб қолади. Бу эса нафақат йўловчига, балки ҳайдовчи учун ҳам қийин вазиятни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатларда ким айбдор, йўловчими ёки ҳайдовчими?
Масалага чуқурроқ ёндошадиган бўлсак, йўллардаги бу каби ноқулай вазиятларнинг юзага келишига йўловчи ҳам, ҳайдовчи ҳам айбдор эмаслиги аён бўлади. Негаки, йиллар ўтган сайин шу кўчаларда истиқомат қилаётган аҳолининг айби билан йўллар борган сари торайиб, кичрайиб бораётганлиги кўзга кўриниб турган ҳақиқат-ку. Буни ҳар биримиз ўз кўзимиз билан яққол кўриб турибмиз. Лекин кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка оламиз холос. 
Бу борада Улуғбек кўчасини мисол қиладиган бўлсак, бу кўча ҳам серқатнов йўллардан бири ҳисобланади. Мазкур кўчанинг 5-6 та кичик (тупик) кўчалари бўлиб, уларга ҳам шу катта йўл орқали ўтилади. Улуғбек кўчасининг боши Меҳнат кўчасидан бурилиш қисми ва охири (Зарафшон кўчасига ўтиш) шу даражада торки, машина юрганда йўловчилар, йўловчилар юрганда машина ҳаракатланиши амри маҳол. Негаки, кўчанинг айни шу қисмларида қурилган уй-жой ва бошқа объектлар кўчанинг анча қисмини эгаллаб, ана шундай қийин вазиятларни юзага келтирган. Кўчанинг ўрта қисмига эътибор берадиган бўлсангиз хонадон эгалари яшаш уйларининг олди қисмидаги тахминан 10 метргача бўлган масофани эгаллаб, катта йўлни торайтирганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Афсуски, худди шундай ҳолатни Улуғбек кўчасининг боши берк (тупик)  ва бошқа кўчаларда ҳам кўриш мумкин. Бу кўчалар ташкил қилинганига 30 йилдан ошган бўлсада, хонадонларнинг рақами ҳам йўқлигини қандай баҳолаш мумкин? Бу ҳақда маҳалла фаоллари, депутатлар ўйлаб ҳам кўришмаётганлиги ачинарли ҳолдир.
Давлатимиз халққа янги томорқалар ажратиб, кўчаларини талаб даражасида кенг-мўл қилиб қолдирган. Афсуски, кўплар кўча томондан ҳовлисига қўшиб олиш, гуллар, дарахтлар экиш баҳонасида панжаралар билан ўраб олиш каби номаъқул ишлар билан кўчани торайтириб юборяптилар. Бу билан кўпчиликнинг ҳақи поймол бўлади. Тўғри, кўчага дарахт ё гул экиш мумкин, фақат кўчани торайтирмаслик шарти билан. 
Биз юқорида туманимиздаги айрим кўчалардаги аҳволни мисол келтирдик, холос. Минг афсуски, бу каби ҳолатни туманимиздаги ҳар бир маҳалла ва қишлоқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, халқимизда йўлнинг ҳақи, элнинг ҳақи, қўшнининг ҳақи деган тушунчалар мавжуд. Халқ ҳақини ўз ҳақидан устун қўйиш миллатимизга хос бўлган анъаналардан бири эканлигини ҳар биримиз асло унутмаслигимиз керак. Шундай экан, йўлларни торайтиришга, одамларга ноқулайликлар туғдиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Кўча - жамоатники, унда шоҳу гадонинг, муслиму номусулмоннинг ҳақи бор. Демак, йўлнинг ҳақини адо этишга ҳар биримиз бурчлимиз.  
Сиз бунга нима дейсиз, азиз тумандошлар!
 Дурдона.
Мавзуга оид: