ОҚДАРЁДА ШУНДАЙ НАҚҚОШ БОР

Азим Муҳиддинов 1957 йилда Сурхондарё вилояти Денов тумани "Пахта кураш" маҳалласида оддий колхозчи оиласида дунёга келди. 1964 йилдан бошлаб Алишер Навоий номли 24-ўрта мактабда таълим олади бошлади. Бу ерда тасвирий санъат фанига меҳр қўйди. Расм чизишга қизиқиб, устозларининг йўл-йўриқлари асосида турли расмлар чизишни ўрганди. ўша пайтда акаси Орифхон ҳам яхшигина нақш чизарди. Шу боис акасидан  нақш чизиш усулларини ўрганди.  Айниқса акасини унга тақдим этган нақш китоби айни муддао бўлди. У чизган нақшларини дарҳол акасига кўрсатар, иккаласи биргалашиб, чизган расмига баҳо беришарди. У акаси билан биргаликда аҳоли хонадонларини, баъзан эса маҳалладаги, тумандаги чойхоналарни безашда иштирок этар, иш жараёнида акасидан кўп сирларни ўрганар, бу соҳага қизиқиши тобора ортиб борарди.
1974 йилда ўрта мактабни тугатиб, Тошкент шаҳридаги П.Беньков номли республика рассомлар тайёрлаш билим юртининг бадиий наққошлик бўлимига ўқишга кирди. Билим юртида ўзбекистон Халқ устаси, наққош Тойир Тўхтахўжаев ва ўзбекистон Халқ устаси, наққош уста Жалил Ҳакимов сингари устозлар қўлида таълим олиб, ҳам назарий, ҳам амалий нақш сирларини қунт билан ўрганди. Шу билан бир қаторда уй-рўзғор буюмларига нақш чизиш, аҳоли хонадонларини, чойхона ва меҳмонхоналарни миллий безаш сирларини ҳам ўрганди.
1978 йилда билим юртини тугаллаб, Тошкент шаҳрида ўзбекистон Халқ усталари бирлашмасига устозларининг таклифи билан ишга қабул қилинди. Шундан сўнг икки йил давомида ватан олдидаги йигитлик бурчини бажарди. Ҳарбий хизмат даврида ҳам округ рассомлар бригадасида фаолияти даврида бу соҳанинг сир-асрорларини ўрганиб, маҳоратини янада оширди.
Ҳарбий хизматдан қайтгач, "Усто" бирлашмаси вилоятлараро бўлимларга ажратилди. Бешта вилоятга Самарқанд шаҳри зона участкаси бўлиб қолди. Азим ҳам шу зонада наққош усталарини шогирдларини тўплаб Сурхондарё вилоятининг кўпгина туманларида,  меҳмонхона, чойхоналарни, аҳоли хонадонларини миллий безаклар билан безатишди. Жумладан, Термиз шаҳридаги аэропортда меҳмонлар кутиш залида, "Саловат" меҳмонхонасида, "Прибой" заводининг меҳмонхонаси ва залида ганчкорлик ва наққошлик санъатини уйғунлаштириб, безак ишларини амалга оширишди. Булардан ташқари, Шўрчи туманидаги ун заводи, Денов туманидаги сув хўжалиги идорасининг залида ва бир қатор  бошқа чойхоналарда безак ишлари амалга оширилди. Шунингдек, уй-рўзғор буюмларини, жумладан хонтахта, турли хил мебеллар, олти қиррали стол ва стуллар ясаб, нақш билан безашни мукаммал ўрганиб олди. 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Термиз шаҳридаги ўлкашунослик музейида кўргазма ташкил қилиб,  саккиз қиррали стулча ва ўалабанинг 40 йиллигига бағишлаб тайёрланган вазани музейга тақдим қилди. 1991 йилда ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгач, ҳунармандларга ҳам кенг йўллар очилди, солиқ тўловларидан озод қилиниб, солиқлар камайтирилди.
1992 йилда акаси билан маслаҳатлашиб, "Меъмор" кичик корхонасини очишга қарор қилишди. Фаолиятини бошлашгач, кўпгина жамоат жойларини, чойхоналари ва дам олиш масканларида миллий безаш ишларини амалга оширишга киришдилар. Бу даврда миллий маданиятнинг тараққий этишига алоҳида эътибор берилганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, халқимизнинг қадимий санъатларини ўрганишга кенг имкониятлар яратилди. Айниқса, ота-боболаримиз томонидан яратилган турли нақшлар, тарихий ёдгорликлар мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари бўлган Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида чизилган нақшу нигоралар бунга мисол бўла олади. Бизгача етиб келган нақшу нигораларга ҳозирги пайтда юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар ҳайратда қолишмоқда.
2002 йилда Азим Муҳиддиновлар оиласи туманимизнинг Темирак маҳалласига кўчиб келишди. Орадан бир йил ўтгач, Азим дастлаб "Усто" бирлашмасида наққош уста лавозимида фаолиятини бошлаб, стол-стуллар, хонтахта ва ёғоч лаганларни нақшлар билан безаб, бирлашманинг кўргазма залига топширишга муваффақ бўлди. 2004 йилда эса Оқдарё педагогика коллежида тўрт йил давомида ёш авлодга нақш чизиш санъатидан сабоқ берди. 2008 йилда эса болалар мусиқа ва санъат мактабида нақш тўгарагини очиб, ёшларга ўзи билган нақшларни қунт билан ўргатди. Болалар мусиқа ва санъат мактабларини моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастурини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши қабул қилингандан сўнг, у фаолият кўрсатаётган даргоҳда ҳам ибратли ишлар амалга оширила бошланди. Баркамол авлоднинг етук кадрлар бўлиб етишишига ҳамда уларнинг маънавий эстетик дидларини ошириш, жаҳон андозаларидан кенг баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиши йўлида устозлар томонидан ҳам анчагина ибратга лойиқ тадбирлар амалга оширилди. 2012 йилда эса жаҳон андозаларига мос келадиган болалар мусиқа санъат мактабининг қуриб берилганлиги айни муддао бўлди. Эндиликда болаларга нақш сирларини ўргатиш билан бирга ўқувчи шогирдлар билан биргаликда стол-стуллар, ёғоч лаганларга нақш санъатини чизиш, бўяш сирларини ҳам шогирдларига ўргатиш имконияти яратилди. Унинг шогирдлари туман, вилоят ва республика кўрик-танловларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишмоқда. Жумладан, 2015 йилда ўтказилган "Санъат ғунчалари" кўрик-танловида шогирди ўлмасжон Муҳиддинов республика танловида  фахрли иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда санъат йўналиши бўйича ўтказилган кўрик-танловда Амал Ҳабушев туман ва вилоятда биринчи ўринни эгаллаб, республика танловида қатнашишга сазовор бўлди.
- Муаммолар ҳам борми? Чунки, эшитишимизга қараганда, барча ишларни хонадонингизда амалга оширар экансиз. Агарда туман марказидан бирорта бинони сизга ажратишса, фаолиятингиз янада кенгаймасмиди?, - дея савол бердик устага.
- Саволингиз ўринли, - деди у юрагидаги сирларини айтганимиздан хурсанд бўлиб. - Айнан шу масалада тумандаги бир қанча ташкилотларга мурожаат қилдим. Лекин натижа бўлмади.
- Туман ҳокимига мурожаат қилмадингизми?
- Очиғини айтсам, айрим ташкилот раҳбарлари менинг бу ташаббусимни ҳисобга олиш у ёқда турсин, ҳатто эшитишни ҳам исташмаганлигига гувоҳ бўлдим. Энди эса ҳокимга мурожаат қилиш ниятим бор. Агарда Лойишнинг ўзидан бирорта жой ажратиб беришса, ҳеч бўлмаганда, истироҳат боғидаги музейдан ҳам жой ажратишса, ўша ернинг ўзида ҳам фаолиятимни бошлашим мумкин. Чунки кўпчилик бизнинг фаолият кўрсатишимизни ҳали билишмайди. Билишган тақдирда ҳам Темирак қишлоғига бориб, буюртма беришдан эринишади. Агар ҳокимимиз мана шу хайрли ишимизга ёрдам беришса, биз ниҳоятда мамнун бўлардик.
Суҳбат давомида тажрибали, шу билан бир қаторда камтарин наққош Азим Муҳиддинов билан миллий маданиятимиз, қадриятларимиз ва нақшкорлик санъати бўйича ҳам анча суҳбатлашдик. ўйлаймизки, мутасадди раҳбарларимиз бу борада таниқли наққошга зарур бўлган ёрдамни албатта беришади. Биз бунга астойдил ишонамиз.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
журналист.  
Мавзуга оид: