БОСМА НАШРЛАРГА ЭЪТИБОР КЕРАК

"Ҳуррият" газетасининг 2021 йил 20 октябрь сонида филология фанлари доктори Ҳалим Саидовнинг "Ҳалокат остонасидаги миллат зиёхонаси" номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада муаллиф маънавиятимиз ва матбуотимиз олдида турган вазифалар ва уларнинг тақдирлари ҳақида куйиниб ёзади. Муаллиф таъкидлаганидек, ҳозир биз қоралаётган собиқ шўро даврида барча мактабларда, қишлоқларда, ҳатто дала шийпонларида кутубхоналар мавжуд бўлиб, вақтли матбуот нашрлари, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, газета ва журналлар тахланиб турарди. Айниқса кейинги пайтларда айрим амалдорларимизнинг мажбурий обунага йўл йўқ деган сўзлари шиорга айлантирилганидан сўнг аҳвол янада мураккаблашди. Обунаси орқали газета ва журнал чиқариб, кам бўлсада, маош олиб ишлаётган журналистлар олдида мураккаб вазият юзага келди. Чунки халқ таълими, тиббиёт ва бошқа йирик вазирликлар томонидан ҳам қуйида ишлаётганларга қарата очиқчасига кимда ким матбуот нашрларига обуна қилишни ташкил этса ундай раҳбарларга кескин чоралар кўрилади, деган буйруқлар жаранглаши натижасида пойтахтдаги ва вилоятлардаги газеталарнинг аҳволи оғирлашди. Ахир маънавиятни бизнесга айлантириб бўлмайди-ку. Азал-азалдан маънавият билан тарбияни пул билан ўлчаш одат бўлмаганку. Нега энди биз бу масалада бор гапни, ҳақиқатни айтмаслигимиз керак. Сир эмас, ҳар йили октябрь ойи бошланди дегунча барча тоифадаги бош муҳаррирларнинг бутун фикри-зикри қандай қилиб обунани ташкил этиш-у, газетани сақлаб қолишда бўлади. Ҳатто ўзлари ойлик олмасдан обуначиларни ўйлаган ҳолда қийналиб бўлсада газета чиқараётган таҳририятлар ҳам борлиги сир эмас. Яқинда Қашқадарё вилоятининг "Чироқчи" газетаси таҳририяти бош муҳаррири ва ходимлари билан суҳбатлашишга тўғри келди. Ҳам-касбларимнинг айтишларича, 420 минг аҳолига эга бўлган туманда газетага минг нусха ҳам ўтган йили обуна бўлинмабди. Шундай бўлсада, журналистлар ўзларининг имкониятларига яраша меҳнат қилишиб газета чиқаришиб, обуначиларга етказиб беришмоқда. Бу фидойи ҳамкасабаларимизга қанча таҳсин айтсак арзийди.
Очиғини айтганда, бошқа жойлардаги, аниқроғи мамлакатимиздаги туманларда чоп этилаётган газеталарнинг аҳволи ҳам бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1 фоиз овози билан Президентликка иккинчи марта сайланди. Сайлов якунларига бағишланган тадбирда Президентимиз сайловда фаол иштирок этганликлари учун барча оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди. У киши доимо журналистларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлаган ҳолда барча тоифадаги раҳбарларга матбуот билан ҳамкорликда иш юритиш лозимлигини уқтирдилар. Шундай экан, биз Юртбошимиздан матбуотни қўллаб-қувватловчи янги фармонлар, қарорлар чиқаришини сўраб қолган бўлардик. Негаки, матбуотни қўллаб-қувватловчи Президент қарори ёки қонун қабул қилинмас экан, муаммолар ҳал этилмасдан кўпайиб бораверади.
Ҳалим Саидов таъкидлаганидек, ҳалокат остонасидаги миллат зиёхонасини асраш учун "Давлат миллий дастури" қабул қилинса мақсадга мувофиқ бўларди.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
 Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси.