ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ Cессияда банк раҳбарларининг ҳисоботлари депутатлар томонидан қабул қилинмади

Жорий йилнинг 7 май куни Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда туман депутатлари, тегишли идора ва ташкилотлар масъуллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Сессия ишини Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Н.Сулаймонов бошқариб борди.
Cессиясида тижорат банклари (Агробанк, Микрокредитбанк, Халқ банки) туман филиали раҳбарларининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича амалга ошираётган ишлари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, депутатлар томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида тайёрланган видеоролик орқали банк ходимларининг иш фаолиятида учраган камчиликлар, банк мижозларининг банклар фаолиятига нисбатан муносабати кўрсатиб ўтилди. Муҳокама жараёнида тижорат банклари филиали раҳбарларининг сессияга зарур даражада тайёргарлик кўрмаганлиги қайд этилди ва банк раҳбарларининг ҳисоботлари депутатлар томонидан қониқарсиз деб топилиб, қабул қилинмади.
Сессия кун тартибига Халқ депутатлари туман Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан сессияларга мунтазам қатнашмаганлиги ҳамда ҳозирги давр талабига хос фаолликда иш олиб бормаётган 3 нафар депутатларнинг узрли сабабларга кўра депутатлик фаолиятини давом эттира олмаслиги сабабли депутатлик фаолиятини муддатидан олдин тўхтатиш юзасидан масала киритилган эди. Ушбу масала депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, 7-Галаравот сайлов округидан депутат Пўлат Ўроқов, 23-Кумушкент сайлов округидан депутат Ботир Худжамқулов ҳамда 26-Навоий сайлов округидан депутат Намоз Абдураҳимовларнинг депутатлик фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги аризаларини инобатга олган ҳолда муддатидан олдин депутатлик фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси тасдиқланди.
Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарор лойиҳалари қабул қилинди.