НАВРЎЗ БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Оқдарё тумани 1-сектор аъзолари маҳалла масъуллари билан биргаликда сектор ҳудудидаги нуронийлар ҳолидан хабар олиб, уларга баҳор айёми - Наврўз байрами совғаларини улашишди. 
Мазкур эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқароларимиз Яратгандан юртимиз тинчлиги, халқимиз саломатлиги, деҳқончилигимиз баракали бўлишини сўраб дуолар қилишди ҳамда давлатимиз раҳбарига, вилоятимиз ва туманимиз ҳокимига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Наврўз байрами арафасида меҳрга муҳтожлар ҳолидан хабар олинди. Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири Д.Адилова, Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири ва бош мутахассиси, туман бош отинойиси Ш.Ҳакимова ҳамда ҳомий Наврўз МФЙ отинойиси О.Абдуллаевалар билан биргаликда чин етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга Наврўз байрами совғалари улашилди.
Байрам кунлари туман ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан Наврўз байрами муносабати билан дошқозонда миллий таом, сумалак тайёрланди. Сумалак тайёрлаш жараёнида аёллар лапарлар айтишиб, чилдирма садолари остида ўйин-кулгу қилишди.
Туманимизда тизимли равишда амалга оширилаётган йўл қурилиши ишлари натижасида йўлларимиз кун сайин чирой очиб, равонлашмоқда. Албатта, бу ишларнинг замирида йўлсозларимизнинг заҳматли меҳнатларини кўрамиз. Ушбу соҳа вакиллари - Оқдарё туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари учун Нав-рўз байрами муносабати билан тадбир ташкил этилди. Байрам тадбирида сўз олган туман ҳокими Шерзод Қудратов ҳамда туман сектор раҳбарлари йиғилганларни байрам билан қутлаб, халқимиз асрлар давомида катта шоду хуррамлик билан нишонлаб келаётган айёмнинг шукуҳи ўзгача эканлигини таъкидлашди.
Оқдарё Педагогика коллежида Наврўз умумхалқ байрами юқори савияда ўтказилди. Байрамда ҳар бир гуруҳ ўзларининг миллий либослари, миллий таомлари, Наврўзга аталган деворий газета ҳамда энг асосийси миллий чиқишлари билан иштирок этишди. Байрамда миллий ўйинларимиз, лапарлар, келин салом-у аллалар, сумалак   сайллари, "Жайдари келин" спектакли ҳамда келинлар қўзғолони фильмига тақлид тарзда "Домлалар қўзғолони" каби кўринишлар билан ҳар бир гуруҳ талабалари байрамни юқори кайфиятда ўтказишди.
Байрамда ажойиб иштироклари учун гуруҳлар муносиб тақдирланди.
Туманимиздаги 63-сон махсус интернат мактабида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда ўқитувчилар, тарбиячилар ҳамда ўқувчилар иштирокида лапарлар, миллий ўйинлар ҳамда миллий урф-одатларимиз акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, миллий таомлар билан тузалган байрам дастурхони атрофида тадбир кўтаринки кайфиятда давом этди. 
Наврўзи олам кириб келиши муносабати билан туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги давлат мактабгача   таълим ташкилотларида ҳам "Ассалом Наврўз!" деб номланган байрам тадбирлари ўтказилди. Болажонлар қалбига қувонч улашган мазкур байрам тадбирларида болажонлар ижросида миллий   куй-қўшиқ ва рақслар, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ўз мухбиримиз.