СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ДАВР ТАЛАБИ
Маълумки, демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилиш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш мамлакатимизда барпо этилаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг бош мақсадидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида кейинги 3 йилда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақил-лигини таъминлаш, унинг нуфузини янада ошириш, судьяларни танлаш ва тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Жумладан, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармонда судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ислоҳотлар амалга оширилишлиги белгилаб берилди:
1. Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;
Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;
фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш.
2. 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни жорий этилиши маъқулланди:
а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;
в) қуйидаги тартибларни жорий этиш:
туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;
давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.
3. Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (кейинги ўринларда — йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.
Унга кўра инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши;
қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида қуйидаги таркибий тузилма (лавозим)лар киритилиши кўзда тутилмоқда:
а) Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида:
Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига ҳисобдор бўлган, Олий суд раисининг тақдимномасига асосан Олий суд Пленуми томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозими;
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси;
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси;
б) вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари.
5. Судьялар олий мактаби Суд амалиёти муаммоларини ўрганиш марказини тугатилиб, бўшаётган 9 та штат бирликлари Олий суд тузилмасида ташкил этилаётган Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармасини шакллантиришга йўналтирилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Олий суд билан биргаликда икки ой муддатда:
судларнинг фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтириш дастури бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиши;
2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаши белгиланди.
Бундан ташқари, ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари ҳамда бошқа қуйи судалрнинг тузилмаси ва штат бирликлари тасдиқланди.
Ушбу Фармонда судлар фаолиятини такомиллаштиришдан ташқари, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, охир-оқибат суд тизимининг фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идорага айланишига, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир фуқарода адолат борлигига қатъий ишонч ҳосил бўлиши учун хизмат қилади.
Беҳзод ЖЎраев,
Пайариқ туманлараро
иқтисодий суди судьяси.