Экологик ҳолатни яхшилайлик

Муҳтарам Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселекторда мамлакатимиздаги бугунги экологик ҳолатнинг аҳволи танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Чунки инсон табиатни бир бўлаги бўлиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она-табиатимизни асраш барчамизнинг бурчимиздир. Юртбошимиз айтганидек, афсуски жойларда бу борада амалга оширилаётган ишлар мутлақо талабга жавоб бермайди. Корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам экология масаласида ҳали етарли тушунчага эга эмасликларини гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳақда аҳолининг ўзи ҳам бизга мурожаат билан чиқишмоқда. 
Яқинда Янгиобод маҳалласида яшовчи аҳолидан шу ҳудудда жойлашган "Афросиёб женс текстил" фабрикасидан чиқаётган бадбўй ҳид атрофга таъсир қилаётганлиги, бу борада анча камчиликлар мавжудлиги, мутасадди ташкилотлар мазкур масалага эътиборларини қаратишлари лозимлиги тўғрисида мурожаатни олдик. Ана шу мурожаат асосида туман Экология қўмитаси, туман Давлат санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари билан ўрганиш олиб борганимизда мурожаатчилар ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Чунки фабрикадан чиқаётган чиқиндилар, аниқроғи сув зовурга оқи-зиб қўйилганлиги бундан эса атрофда яшаётган аҳоли бад-бўй ҳиддан ҳатто нафас ололмаётганликлари аниқ бўлди. Бу ҳолат бўйича баённома тузиб, мазкур ташкилот раҳбарларига етказдик. Ўйлаймизки, юқорида айтилган корхона раҳбарлари бундан тегишли хулоса чиқариб оладилар.
Шу ўринда, туманда эколик ҳолат қандай эканлиги ҳақида ҳам ўз фикримни билдирмоқчиман. Очиғини айтганда, ҳали фуқароларимиз чиқинди ташлашда белгиланган қонун-қоидаларга умуман амал қилишмаяпти. Ма-        ҳаллаларга бориладиган катта йўл ёқаларига кечаси турли-хил чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳоллари учрамоқда. Шунингдек, айрим фуқароларимиз ўзи яшаб турган хонадонларни атрофларини обод қилмасликлари, шу билан бирга тўпланиб қолган чиқиндиларни "Тоза ҳудуд" ходимлари билан шартнома асосида чиқаришга эътибор беришмаяпти. Ахир, тозалик ўз уйимиздан, остонамизни обод қилишдан бошланади-ку. Бир сўз билан айтганда, табиат онамиз. Шундай экан, уни авайлаб-асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизга айланмоғи лозим.
Усмон БОШМОНОВ, 
Янгиобод МФЙ раиси, 
туман кенгашининг депутати.