САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

- Дўстим газетада жамоатчи мухбир бўлиб ишлайди. У баъзи ташкилотларга бориб, маълумот ололмаганлигини айтади. Жамоатчи мухбир журналистик текширув ўтказиши мумкинми?

Собир МЎМИНОВ, 

Мустақиллик маҳалласи.

- «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун мавжуд.

 Қонунга кўра, ўзи журналист шахси таърифини кўриб чиқсак. Журналист - Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатларнинг оммавий ахборот воситаларида хизмат қиладиган ёхуд уларда шартнома асосида ишлайдиган ва маълум мавзудаги ахборотни тўплаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланувчи шахсдир.

Демак, журналист текширув ўтказишдан олдин у журналист мақомида бўлиш шарт. Яъни, юқоридаги қонун  бўйича бирон бир  оммавий ахборот воситасида хизмат  қилиши ёки  шартнома асосида ишлаши зарур. Жамоатчи  мухбир агар фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида  ишга қабул қилинган ва  бу ҳақидаги тегишли ҳужжатларга эга бўлса,  маълум бир ахборот ташкилотлардан сўраш мумкин.

Қонунга кўра, журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга.

Журналист ўз текширувларнинг натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга, уларни давлат органлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари,  жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин. Журналист тешируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қуйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.

Журналист ўзи тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.

Шавкат ҚУРБОНОВ 

ҳуқуқшунос.