ИСЛОҲОТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари учун янги давр бошлангани барчага маълум. Айниқса, ўтган 2020 йил судлар фаолияти учун тарихий ўзгаришларга бой бўлди. Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом эттирилиши таъкидланди. 
Дарҳақиқат, жорий йилимиз ҳам қонунчиликда сермаҳсул ва самарали бошланди. Изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида Президентимиз бир қатор қонунларни имзолади. Бу қонунларда суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланган. 
Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал, Фуқаролик-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
2021 йил 18 февралда "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун Ўзбекистон қонунчилиги тарихида бўлмаган янгиликларни жорий этмоқда. 
Ривожланган давлатлар юрисдикциясида турли кўринишларда муваффақиятли қўлланилиб келинаётган мазкур амалиётлар, миллий қонунчилигимизга, қолаверса миллий менталитетимизга мослаштириб ишлаб чиқилди. Бу тартиб жуда кўп ортиқча ташвишларни олдини олади. 
Қонун билан "Кўрсатувларни мустаҳкамлаб қўйиш" деб номланган янги амалиёт жорий этилди. Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш - гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, суд томонидан амалга оширилади.
Амалиётдан маълумки, баъзан бир неча ойлаб давом этадиган тергов ва суд жараёнларида гувоҳлар ёки жабрланувчилар бошдан охиригача тўлиқ иштирок эта олмаслиги мумкин. Чунки ҳаёт бир хил давом этмайди, турли тасодифларга тўла. Иссиқ жоннинг иситмаси бор, деганларидек, турли касалликлар ва бошқа оқибатлар туфайли гувоҳлардан бири ёки жабрланувчи энг керакли пайтда терговда иштирок этолмай қолиши мумкин. Шунингдек, бугунги жадал ривожланаётган ва глобаллашаётган даврда ҳаёт ташвишлари кутиб турмайди. Тадбиркорлик ва бошқа сабаблар билан хорижий давлатларга чиқиб кетиши керак бўлган шахслар бир неча ойлаб тергов ва суд жараёнлари тугашини кута олмаслиги ҳам бор гап. Қолаверса, одамзоднинг характери ҳар хил, кечаги гапидан бугун тонадиганлар, турли тазйиқ ёки оғдириш, рағбатлантиришлар туфайли фикри ўзгариб қоладиганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Шундай пайтда тергов органида қайсидир гувоҳга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлиши мумкин. Жиноят ишларида эса ҳар бир кўрсатув ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. 
Илгари шу каби яна турли хил кутилмаган ва кўзда тутилмаган ҳолатлар тергов ва суд жараёнларида катта муаммога айланарди, ҳаттоки иш боши берк кўчага кириб қолган пайтлар бўлган. 
Тергов жараёни мукаммал бўлишига халақит берувчи юқоридагиларга ўхшаш ҳолатлар вужудга келганда, гувоҳ ёки жабрланувчини ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади, деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлсада, тергов органи гувоҳлар ёки жабрланувчилардан бирининг кўрсатувини мустаҳкамлаб қўйиш масаласида судга мурожаат қилиши, суд тергов органи келтирган асосларни ўрганиб чиққач, тегишли тартибда кўрсатувни мустаҳкамлаб қўйиши мумкин.
Қонунда кўрсатувларни мустаҳкамлаб қўйиш асослари, тартиби, шартлари батафсил кўрсатиб берилган. Қонунчиликка жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, деб номланган яна бир муҳим янгилик киритилди. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув - жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.
Дастлабки эшитув суриштирув одил судловга киришишнинг дебочаси бўлиб, энг муҳим тамойил - тортишув принципи асосида амалга ошириладиган процессуал жараён. Чунки ҳақиқат баҳсларда, тортишувларда очилади.
Судья жиноят ишини қабул қилиб олгач, аввало унинг ўзи фаолият юритаётган суд судловига тегишлигини аниқлайди. Кейин жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш масаласини кўриб чиқади. Мана шу ерда ҳақиқий мураккаблик юзага келар эди. Судья якка тартибда, тарафлар иштирокисиз жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатиш учун асослар бор ёки йўқлигини аниқлаши деярли имконсиз ҳолат. Шу пайтда тарафлар иштирок этганда тортишув ҳолати юзага келади ва тўғри хулосага келиш мумкин бўлади. Амалиётда шундай эдики, судья ишни тугатиш асоси мавжудлигини яққол кўриб турса-да, ноилож жиноят ишини судда кўриш учун тайинлар эди. Сўнг суд мажлисида - тарафлар иштирокида бу масалани ўрганиб, жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинарди. Бу эса қанчадан-қанча оворагарчилик, иш вақти, суд ходимларининг беҳуда меҳнатидир.
Бу вазиятнинг оптимал ечими - жиноят ишини судга тайинлаш босқичини тарафларнинг фаол иштироки ва тортишув принципини реал таъминловчи дастлабки эшитув шаклида ташкил этишдир. Демак, дастлабки эшитув жорий этилиши суд, дастлабки тергов органлари ҳамда фуқароларнинг вақти ва саъй-ҳаракатларининг тежалиши, жиноят ишлари юритувига жалб этилган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тез фурсатда тикланишини таъминлашга хизмат қилади. 
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув жорий қилинди. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув айрим тоифадаги жиноятлар бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир. Ушбу тоифадаги жиноят ишлари соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиниши кўзда тутилган. Қонунда бу жараённинг тартиблари мукаммал белгилаб берилган. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг бош мақсади - айбланувчининг содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги асосида судда енгилроқ жазо тайинланишига эришиш, шунинг баробарида, кўплаб сансалорликларга сабаб бўладиган узоқ давом этувчи суд жараёнларини қисқартиришдан иборатдир. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят содир этишда гумон қилинган шахс билан прокурор ўртасида тузилади. Бунда гумонланувчи ёки айбланувчи айбловни тан олган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлиши лозим.
Бундай келишувлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар юзасидан тузилади, ўта оғир жиноят содир этган шахслар билан келишув тузишга йўл қўйилмайди.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг ижобий жиҳатларидан асосийлари тарафлар ўртасидаги зиддиятли муносабатларнинг юмшаши ҳамда судлов ва айблов органларининг вақти ва маблағлари тежалиши, яъни иш юкламаси камайишидир. 
Айнан айбланувчи томонидан айбнинг тан олиниши унинг ижтимоий хавфли қилмиши юзасидан суд муҳокамасидан воз кечганини англатади. Мазкур келишув натижасида айбланувчининг айблов доираси қисқартирилиши ёки ундан айрим эпизодларнинг чиқарилиши ва квалификациянинг енгилроқ томонга йўналтирилиши, жазо ҳажми, миқдори ва ўташ тартибининг қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроғи тайинланиши мумкин. Қонунчилигимизга биноан жиноят иши суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг айбга иқрорлик бўйича келишуви судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади. Келишув тасдиқланган ҳолларда жиноят бўйича тайинланадиган жазо муддати ёки миқдори Жиноят кодексининг тегишли моддасида ёки қисмида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.
Қонунчиликдаги ушбу янгиликлар суд-ҳуқуқ тизимида янги даврни бошлаб беради. Мазкур янгилик қонун устуворлиги ва адолат тантанаси, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини юқори даражага кўтариб, одамлар рози бўлиши учун бемисл хизмат қилади.
Ҳ.Ярашев,
Самарқанд вилоят суди судьяси. 
М.Рўзиев,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси. 
Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10
Инсон ва қонун

Инсон ва қонун

  • 25 мар, 15:21
Адлия ва суд

Адлия ва суд

  • 05 фев, 11:52