Инсон ва қонун НОҚОНУНИЙ УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ


Туманимиздаги тегишли масъул ташкилотлар томонидан олиб борилаётган бир қатор чора-тадбирларга қарамасдан кейинги йилларда айрим фуқароларимизнинг суғориладиган ер участкаларида  уй-жой қурилиш ишларини амалга ошириб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари тез-тез учраб турмоқда.
Судланувчи Пўлатов Сардор (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундай шахслардан бири ҳисобланади. Унинг олий маълумотли ўқитувчи, қолаверса, қонун-қоидани яхши била туриб ана шундай ноқонуний ишга қўл урганлигини қандай баҳолаш мумкин? 
2024 йил 22 август куни туман кадастр ходимлари Оқдарё тумани "М.Улуғбек МТП" ҳудудидаги "Оқдарё куз ҳосили" фермер хўжалиги ҳудудида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайта ўрганиш жараёнида С.Пўлатов фермер хўжалигига қарашли бўлган ерларни эгаллаб олиб,  қурилиш қурганлиги аниқланган. С.Пўлатов   томонидан 2017 йилдан 2024 йилгача ноқонуний эгаллаб олинган барча ерлар ўлчовдан ўтказилиб, давлатга етказилган зарар суммаси аниқланган. 
Сардор Пўлатов "Оқдарё куз ҳосили" фермер хўжалиги ер майдонига қарашли бўлган хўжалик харитасининг 468-рақамли контуридаги суғориладиган 0,11 гектар ер майдонини бирор-бир ҳужжатларсиз эгаллаб олади. У ушбу ер майдонининг 280,0 кв.м қисмига ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб, натижада ерга 31.429.343 сўм зарар етказган.
Судланувчи Пўлатов Сардор, Ўзбекистон Республикаси ЖК 2291-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Т. Алмаматов,
Самарқанд вилоят судининг 
судьяси.
Баҳодир Полванов,
Жиноят ишлари бўйича Оқдарё 
туман судининг раиси.
Мавзуга оид: