"БЕШ ТАШАББУС ОЛИМПИАДАСИ"ГА СТАРТ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2022 йил 19 январдаги ПҚ-92-сонли қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорда мамлакатимизда ёшларни миллий қадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга  ҳурмат ва садоқатли қилиб тарбиялаш, дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, ижодий салоҳиятини ошириш, иқтидорли, ижодкор ёшларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилган. Шунингдек, ёшларни ўз ақл заковатини намоён қилишга кўмаклашиш, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларига меҳр уйғотиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спортга   хусусан, оммавий спорт турларига кенг жалб этиш кўсатиб ўтилган. 
Ушбу қарор ижросини таъминлаш, уни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида туманимизда 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида маданий-маърифий, интеллектуал ўйинлар, китобхонликни кенг тарғиб этадиган ҳамда спорт турлари бўйича 14 турдаги тадбирлар ташкил этилди. Беш босқичли ташаббус олимпиадаси электрон платформаси орқали туманимиздан 13 181 нафар ёш рўйхатдан ўтиб, шундан 11 246 нафар ёшлар тадбирларга қамраб олинди. Маҳалла, сектор ва туман босқичлари жорий йилнинг апрель ва май ойлари давомида ўтказилди. Танловларнинг республика босқичига туманимиздан 10 нафар ёш иштирок этди. Хусусан, "Ёшлар овози" танловида Пичоқчи МФЙ, стол тенниси бўйича Янгиқишлоқ МФЙ, шашка туридан Узунқишлоқ МФЙ, стол теннисидан Гўзалкент МФЙ ва енгил атлетика тури бўйича Янгиқишлоқ маҳаллалари ёшлари иштирок этиб совринли ўринларни қўлга киритишди. 
Бугунги кунда туманимизда 16-30 ёш тоифасида жами 33084 нафар ёш ёшлар балансига киритилган.
Маълумки, жорий йилнинг 10 сентябридан республикамизнинг барча ҳудудларида беш ташаббус олимпиадасининг иккинчи мавсумига старт берилди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан июль ойи "Тарғибот ойлиги" деб эълон қилинди. Шу ой давомида Ёш китобхон бот платформаси ҳамда беш ташаббус бот орқали ёшларимиз рўйхатдан ўтказилди. Тарғибот натижаларига кўра Ёш китобхон бот орқали туманимиздан бугунги кунга қадар 4271 нафар ёш рўйхатдан ўтган бўлса, Беш ташаббус бот орқали 14157 нафар ёш лойиҳаларда қатнашиш истагини билдирган.
Азиз тумандошлар, ёш йигит ва қизлар, "Беш ташаббус олимпиадаси"нинг 14 та турдаги танлов ва лойиҳаларига сизларни чорлаб қоламиз!
Маъруфхон МУСАЕВ,
                        Ёшлар Ишлари Агентлиги туман бўлими раҳбари.