ҲАМИША ЮРАГИМДА ЯШАЙСИЗ

Инсон ҳаёти давомида бир қанча номларнинг соҳиби бўлади. Гўдак, фарзанд, ака-ука, опа-сингил, ота ёки она. Менинг қаҳрамонимнинг эса бу каби исмлари кўп.

Жамол Исроилов 1953 йил 21 декабрда туманимиздаги Янгиқўрғон қишлоғида зиёли оилада таваллуд топган. Отасидан эрта ажралгач, онасини ёлғизлатиб қўймади. Волидасига суянчиқ бўлиб, тўрт ука ва тўрт сингилларини олий маълумотли қилиб ўқитди. 

Эсимни танибманки, бу беназир инсонни «директор ота» деб чақирардик. Сабаби, ҳаётининг кўп фаолиятини мактаб директорлиги лавозимида олиб борди. Мактабда ўқитувчиликдан ўз ишини бошлаган бу инсон нафақат мактабда, балки олий таълим муассасасида ҳам келажак авлод учун илм нурини таратди ва Иқтисод фанлари номзоди бўлди. Ўзи яшаган туман фуқароларининг ишончини оқлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган даврида нафақат ўз кишлоғида, балки вилоятнинг бошқа туманларида ҳам мактаблар қурилишига ўз ҳиссасини қўшди. Ўзи туғилиб ўсган қишлоқда тўртта мактаб ва битта ихтисослаштирилган мактаб-интернат қурди. Туманимизда биринчилардан бўлган ушбу мактаб-интернат шарт-шароитлари ва ўқитиш тизими бўйича республика мактаблари билан бемалол беллаша олади. Биргина 2019-2020 ўқув йилида мактаб битирувчиларининг 66,7 фоизи талабаликка қабул қилиниб, вилоятда биринчилардан бўлганлиги  бунинг яққол мисолидир.

Ж.Исроилов нафақат ўз яқинларига, балки бутун қишлоғимизга оталик қилди, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, ҳамқишлоқларининг ижтимоий ҳаётини яхшилашга қаратилган бир қанча ишларни амалга оширди. Шулардан бири, қишлоғимизни биринчилардан бўлиб табиий газ билан таъминланишида ўз ҳиссасини қўшгани, йўл қурилишлари, бозор ва дўконлар қурилишларидаги ҳиссаларини айтиб ўтиш мумкин. Умри давомида жуда кўп инсонларга, айниқса муҳтожларга қўлидан келганча ёрдам берди. Аммо буни ҳеч қачон ошкора қилишни хоҳламасди. 

Бир сўз билан айтганда, “директор ота” қишлоғимизнинг ҳақиқий “хожи отаси” эди.  У инсон ҳақиқий психолог ҳам эди. Сабаби кимга, қандай вазиятда муомала қилиб гапиришни жуда яхши билар эди. Албатта тинимсиз қилинган меҳнатлари ҳам рағбатлантирилиб борилди. Жумладан “Халқ таълими аълочиси”, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10, 15, 20 ва 25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Ўйлайманки, инсон умри давомида қаерда ва ким бўлиб ишлагани эмас, қандай инсон бўлиб яшаб ўтганлиги муҳим. Агар бу инсоннинг ҳаёт йўлини қисқача таърифлаш керак бўлса, шундай таърифлаган бўлар эдим:

У киши меҳрибон ота, жонкуяр ака, яхши дўст, масъулиятли депутат, зиёли раҳбар, ҳақиқий устоз, талабчан ва шу билан бирга фидойи директор, уддабурон тадбиркор... Бу каби таърифларни бир дафтар қилиб тўлдиришим мумкин, аммо энг асосийси у барчамизни бирдек ўйлайдиган ғамхўр ота эди... Аммо бевақт ўлим “директор ота”ни орамиздан эрта олиб кетди. Қишлоғимиз юраги бўлган бундай инсонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди. Хожи отам доим юрагимда  ва дуоларимда мангу  яшайди.

 Хумора МУҲАММАДИЕВА.