Туман Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Маъруфхон Мусаевнинг туман ёшларига М У Р О Ж А А Т И

Хабарингиз бор, 2025 йил 14 февралда Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ёшлари билан тарихий учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда ҳурматли Президентимиз "мамлакат ёшларини - халқимизнинг, Ватанимизнинг олтин фонди" эканлигини таъкидлаб, келгусида Учинчи Ренессанс пойдеворини айнан Янги Ўзбекистон ёшлари яратишига ишонч билдирди.

1. Мазкур учрашувда Давлат раҳбари ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган 3 та катта ҳужжатни имзолаганини айтиб ўтдилар.

Биринчиси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш янги жамғармаси ташкил этилади.

Энди, тадбиркор ёшларга имтиёзли кредитлар бериш, ташаббускор ёшларнинг стартап лойиҳаларига инвестиция киритиш тизими яратилади.

Иккинчи қарор билан, олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича Миллий банкка ресурс бериб, ушбу банкни битирувчи ёшлар бандлигини таъминлашга масъул этиб белгиланди.

Бунда, олийгоҳ, банк ва корхонанинг уч томонлама мажбуриятлари аниқ белгиланди.

Умуман, ҳар бир ректор 50 фоиз вақтини битирувчи талабаларни иш билан таъминлашга қаратади. 

Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат Комиссия тузилди.

Комиссия ҳар чоракда йиғилиб, яратилган иш ўринлари, кадрларга эҳтиёж, бўш ўринларга ёшларни жойлаштириш масалалари муҳокама қилади.

Учинчи ҳужжатга кўра, Алоқабанкни ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч "ёшлар банки"га айлантирилди.

Алоқабанк томонидан ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратиш тизими яратилди.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор бўлган, камида 20 нафар ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга кредит бериш механизми белгилаб берилди.

Банк кредитларининг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтириш белгиланди.

Шу нуқтаи назардан Президентимиз 2025 йил - Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига бар-ҳам бериш йили бўлади дея таъкидлаб ўтдилар.

2. Ёшларни касб ва тилга ўқитиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсадида катта дастур қабул қилинди.

Сервис соҳасидаги янги Фармонга мувофиқ, тадбиркорлар ёш ходимларни ишга олиб, камида 3 миллион сўм ойлик тўласа ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлиши ва бу имтиёз 3 йил амал қилиши эълон қилинди.

3. Бугунги кунда креатив иқтисодиёт жадал ривожланаётганлиги таъкидланиб, креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича алоҳида қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асослари белгилаб берилганлиги эълон қилинди.

Энди, креатив индустрия паркларини ҳудудларда ҳам барпо этиладиган бўлди. Креатив индустрия парки резидентларига 2030 йил якунигача имтиёзли солиқ режими жорий этилади. 

Индустрия парклари негизида креатив соҳа вакилларини ўқитадиган бизнес мактаблари ташкил қилинади.

Хорижий тилларни ёшлар орасида оммалаштириш соҳасида яхши янгилик эълон қилиниб, энди, Агентликнинг янги жамғармаси ҳисобидан хорижий тиллардан "С-1 даражаси"га эга бўлган ёшлар ташаббус кўрсатиб, олис ва чекка ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини очса, уларга 120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда бериш тартиби белгиланди.

Меҳнат бозорига тил биладиган ёшлар кириб келишини рағбатлантириш учун хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга харажатлари "2+6" шаклида қоплаб бериладиган бўлди.

4. "Бир миллион дастурчи" лойиҳасига қўшимча 300 минг ёшлар жалб этилади. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб "Курсера" платформасида 3 мингдан ортиқ курсларда сунъий интеллект ёрдамида ёшлар учун ўзбек тилида таълим олиш имконияти йўлга қўйилади.

5. Энди, камбағал оиланинг билимли фарзандига таълим кредитини фоизсиз бериш, қўшимча грант ажратиш, контракт тўловининг бир қисмини қоплаб бериш амалиёти жорий этилиши айтилди.

Иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим - "Ёрқин келажак" лойиҳаси жорий этилади. 

Бунда ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, билимга чанқоқ ёшлар саралаб олиниб, иқтидори аниқланиб ҳамда тайёргарлик курсларида ўқитиладиган бўлди.

Ҳар йили саралашдан ўтган 1 минг ёшлар дунёнинг "Топ-100" олийгоҳларига юборилиб, ўқиш ва яшаш харажатлари қоплаб берилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, дунёнинг нуфузли "Топ-100" олийгоҳларида илмий даража олган 35 ёшгача бўлган ёш олимларга уй-жой учун 10 йил муддатга 800 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш амалиёти йўлга қўйилиши айтилди.

6. 3 йил аввал яратилган "оғир" тоифадаги ёшлар билан ишлаш бўйича тизим жорий йилда ҳам давом эттирилиши ҳамда 150 мингга яқин ёшларга вазирлик ва ҳудуддаги раҳбарларга номма-ном бириктирилиши айтилди.

7. Ёшларимизда ватанпарварлик руҳини кучайтириш бўйича 10-11-синф ўқувчилари ўртасида бошланган "Ватан таянчи" ҳаракати энди, касб-ҳунар мактаби, техникум ва хусусий таълим ташкилотларида ҳам йўлга қўйилиб, 1 миллион ўқувчи қамраб олиниши эълон қилинди.

Отряд аъзоларини ҳар бирига ўқиш ва спортда оқсаётган, салбий хулқ-атворли тенгдошлари, қуйи синф ўқувчи-ёшлари бириктирилади.

8. Охирги сайловда ана шу ёшларимиздан икки нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари Кенгашларга депутат бўлиб сайланганлиги таъкидланди.

Ёшларга дахлдор қонун лойиҳалари "Ёшлар парламенти" аъзолари билан бирга муҳокама қилинади ва ялпи мажлисда лойиҳа бўйича ёшлар вакилларининг фикри ҳам эшитилади.

Шу мақсадда Давлат раҳбари Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузишни таклиф этди.

Маҳаллий кенгаш сессияларида ёшлар масалалари бўйича масъул органлар раҳбарларининг ахборотини эшитиш тизими йўлга қўйилади.

Барча 222 та маҳаллий Кенгашлар ҳузурида "Ёшлар гуруҳи" ташкил этилиши алоҳида эътироф этилди.

Ҳурматли Оқдарё ёшлари!

Мазкур учрашувда белгилаб берилган муҳим йўналишлардан келиб чиқиб, 2025 йилда аввало биз қуйидаги устувор вазифаларимизни белгилаб олдик:

- маҳаллалар кесимида тадбиркорликка хоҳиши баланд 282 нафар ёшнинг рўйхатини шакллантириш;

- хорижда ишлаш истагидаги ёшлар билан ишлаш бўйича янгича механизмларни жорий этиб, 200 нафар ёшларни хорижий тиллар ва касбга ўргатиш;

- 1134 нафар ёшларга "Ёшлар дафтари" имкониятларидан амалий ёрдам кўрсатиш;

- "Бир миллион дастурчи" лойиҳасига қўшимча 1 минг ёшларни ўқитиш;

- "Курсера" платформасида 35 нафардан ортиқ курсларда сунъий интеллект ёрдамида ёшлар учун ўзбек тилида таълим олиш имкониятини амалга ошириш;

- деҳқончилик қилиш мақсадида ер ажратилган 934  нафар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

-  215 нафар ёшларни чет тилларига ўқитиш ва сертификат билан таъминлаш;

- хорижда ишлаш истагида бўлган ёшларни тартибли ва хавфсиз жўнатиш бўйича ҳудудларда хатлов ўтказилиб, фуқаронинг (ёшларнинг) "меҳнат миграцияси баланси"ни шакллантириш;

- ёшларни касб ва тилга ўқитиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсадида бу йил салкам 1364 нафар ёшларни банд қилиш бўйича катта дастур қабул қилиш;

- ушбу чора-тадбирлар орқали эса туманимизда ишсиз (ёшлар) лик даражасини 4.5 фоизга камайтириш режа қилинган.

Биз учун кун тартибидаги яна бир муҳим масала ёшлар жиноятчилиги масаласидир.

Вилоят-туман миқёсидаги раҳбарларга тарбияси оғир бўлган 404 нафар ёшлар номма-ном бириктирилиб, уларнинг барчаси билан учрашувлар ўтказилади ва муаммоси аниқланган ёшларга кўмак кўрсатилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларига оталиққа бериш тизими йўлга қўйилиши, ёшлар билан ўтказилган учрашувлар натижасида уларнинг дунёқарашини ўзгартириш орқали ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашилади.

Ватанпарварлик оромгоҳлари, "Жасорат" мактаблари, ҳарбий хизматга жалб этиш бўйича мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилади, 250 нафар ёшлар ҳарбий хизматга юборилади.

Ёшларнинг маънавий тарбияси ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларни ёт ғоялардан асраш ҳамда ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш бўйича 10-11-синф ўқувчилари ўртасида "Ватан таянчи" ҳаракатини юқори савияда ташкил этиб боришни йўлга қўйилади.

Анъанавий тарзда ўтказилаётган "Ёш китобхон" танловидаги иштирокчилар сони 3 карра оширилиб, уларни 20 минг нафарга етказилади.

"Китобсевар миллат" ғояси асосида ёшларда мутолаа маданиятини шакллантирилади бунда, "Мутолаа" лойиҳаси орқали 8 минг дан ортиқ ёшларни китобхонлар қаторига киритилади.

"Бек ва Лола", "Ал-Хоразмий", "Яшил макон" каби лойиҳалар ва мультфильмларни боғча ва мактабдаги ёшлар орасида янада оммалаштирилади. 

Ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган "Беш ташаббус олимпиадаси"га 39391 минг, ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига 27 минг ҳамда бошқа лойиҳа ва танловларга 10 мингдан ортиқ ёшларни жалб қиламиз.

Вилоятдаги иқтидорли ёшларнинг 3 минг 012 нафарини "Ibrat Academy" иловаси орқали хорижий тилларни ўзлаштиришга, 1 минг 368 нафарини "Mutolaa" иловаси орқали китобхонликни янада ривожлантиришга, 684 нафарини "Uzchess" иловаси орқали шахматга қизиқтиришга, 604 нафарини "Ustoz AI" иловаси орқали замонавий касбларга ҳамда "Qizlar akademiyasi" иловаси орқали 1 минг 622 нафар хотин-қизларни касбга ўқитишга эришамиз.

Шунингдек, вилоятимиздан хорижга бориб ўқиётган ҳар бир талабага бош-қош бўлиб, эҳтиёжларини аниқлаймиз, Ватанга қайтиб, ўз ўрнини топиш, муваффақиятли карьера қилиш, умуман барча масалада Давлат хизматини ривожлантиришга вилоят кесимида масъуллар билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириб борамиз. 

Жорий ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар ўртасида муҳандислик олимпиадалари ва танловлар ўтказиш йўлга қўйилади.

Ҳурматли тенгдошлар!

Умуман олганда ислоҳотларни маҳалла даражасига тушириш мақсадида барчангизни вилоятимизда жорий йилда ёшлар билан ишлаш бўйича намуна яратиш, таклиф ва ташаббусларимизни биргаликда рўёбга чиқариш ҳамда жонажон Ватанимизнинг тараққиёти йўлида бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилишга чақирамиз.  

Биз, ёшлар бу мақсадларимизга эришишда Ёшлар парламентининг ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам улкан масъулиятларидан фойдаланамиз.