ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги кенг нишонланаётган мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинлик ва қонуний манфаатлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилган янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ривожланган демократик давлат, эркин ва мустақил, фаровон жамият қуришдек ғоят муҳим жараёнда миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумэътироф этилган халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада кенг ва тўла таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу кунларда мамлакатимизда катта сиёсий тадбир - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борадаги барча жараёнлар очиқ, ошкора, миллий сайлов қонунчилиги асосида ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 8 февралида қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришга биноан мамлакатимизда Президент сайлови октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 23 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ана шу йирик сиёсий жараёнга старт берилди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрни - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди. Ўз олдига мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичга кўтаришдек буюк мақсадни қўйган янги Ўзбекистонда Президент сайлови янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши мажлисда алоҳида таъкидланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2016 йил 4 декабрдаги Президент сайловидан кейинги даврда халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида ва миллий сайлов қонунчилигимизда катта ўзгаришлар юз берди. Миллий сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти янги юксалиш поғонасига кўтарилди. 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси бунинг яққол далилидир. Мазкур Кодекс илгари амалда бўлган сайловга оид бешта қонун ва ўнлаб қонуности ҳужжатларини ўзида мужассам этган. Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этишга сўнгги йилларда эътибор ошди.
Президент сайлови Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Бу йилги сайлов мамлакатимиз тараққиётининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётганлигининг ёрқин ифодаси бўлади.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб сайловга тайёргарлик ишлари бошланиб кетди. Сайловга тайёргарлик кўришдаги энг муҳим вазифалардан бири - фуқароларга сайлов тўғрисида тўла, ишончли ва тезкор ахборотни етказиш, аҳолида сайлов оддий, шу билан бирга, муҳим фуқаролик бурчи эканлиги ҳақидаги фикрни шакллантириш, бефарқлик кайфиятидаги шахсларни сайлов ҳуқуқини фаол амалга оширишга чорлаш, уларга сайлов жараёнларида иштирок этишдан ҳар бир фуқаро ва жамият манфаатдор эканлигини сингдириш ҳамда мамлакат таррақиётига дахлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборат.
Сўғончи қишлоғида бугунги кунда 975 та оила ва 2209 нафар фуқаролар истиқомат қилишади. Шундан "Темир дафтар" га 4 нафар, "Аёллар дафтари" га 50 нафар фуқаро киритилган. Мактабимиз жамоаси ҳам янги ўқув йилига, Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини муносиб кутиб олишга ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўришмоқда. 
Жорий  йил 24 октябрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро тамойилларга таяниб, юксак демократик савияда, уюшқоқлик билан ўтказишда албатта, биз депутатлар ҳам ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз. 
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз аҳлини тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. 
Чарос МУҲАММАДИЕВА,
6-мактаб директори, 
туман кенгаши депутати.