ЙЎЛАКЛАРДА БОЗОР АВЖИДА(МИ?!)

Туманимиз маркази бўлган Лойиш шаҳарчаси кундан-кунга чирой очиб, нурафшон бўлиб бораётганлиги кўзни қувонтиради. Айниқса, марказий Амир Темур кўчасининг кенгайтирилганлиги, транспорт воситаларининг икки томонлама қатнови, шунингдек йўловчилар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиб, етарли шарт-шароит яратилганлигидан халқимиз бениҳоя мамнун бўлишмоқда.
Минг афсуски, "Оқдарё деҳқон бозори"га борар экансиз, унинг атроф-муҳитидаги тартибсизликларни кўриб, дилингиз ранжийди. Бир томондан катта кўчада жойлашган ошхоналар ошпазларининг йўлакларга чиқиб пишираётган кабобларидан чиқаётган аччиқ тутунлар, бир томондан турли хил ёғ ҳидлари одамларнинг димоғига урилади. Энг асосийси, йўлакларга айни иссиқ пайтида кўргазмага чиқариб қўйилган гўшт ва гўшт маҳсулотларидан тайёрланган турли хил таомлар, ошпазларнинг айрим асбоб-ускуналари йўлакларни эгаллаб олганлигини қандай баҳолаш мумкин? Ахир, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, унинг саломатлигига салбий таъсир қилувчи бундай ҳолатларга бар-ҳам бериш айни бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири эканлигини асло унутмаслик лозим. 
Айни пайтларда ҳам бозор атрофидаги тартибсизликлар, атроф-муҳитнинг антисанитария ҳолатига сабабчи бўлаётган,  ўзини хон, кўланкасини майдон деб ҳисоблаётган бундай "тадбиркор" ларга шаҳарнинг ҳам ўз эгаси борлиги, тартиб-интизомга риоя қилиш ҳар бир кишига тааллуқли эканлиги ҳақида газетамизда бот-бот танқидий мақолалар бериб борилмоқда. Лекин, танқидий чиқишларимиз аксарият ҳолларда тегишли ташкилот раҳбарлари эътиборидан четда қолаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?  
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан берилган маълумотга кўра яқинда туман ИИБ ҳамда туман СЭО вакиллари ҳамкорлигида Оқдарё туман маркази Лойиш шаҳарчасининг Амир Темур кўчаси атрофида жойлашган савдо дўконлари олдида, пиёдалар йўлакчасида шаҳарсозлик қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан ташкил этилган кўча савдоларини бартараф этиш борасида чора-тадбирлар олиб борилган. Тадбир давомида сотувчиларга фақатгина бозор ҳудудида савдо қилишлари лозимлиги, дўкони бор тадбиркорларга маҳсулотларини дўкон ичкарисида сотишлари лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилганлиги таъкидланган.
Минг афсуски, бозор атрофидаги  дўкон ва ошхоналарда, йўлаклардаги тартибсизликлар ҳамон давом этмоқда. Амир Темур кўчаси бозор атрофида жойлашган савдо дўконлари олдида, пиёдалар йўлакчасида шаҳарсозлик қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан ташкил этилган кўча савдолари тўлиқ  бартараф этилгани йўқ. Юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли  чора-тадбирлар белгилаши лозим бўлган мутасадди ташкилотларнинг бу борадаги жавоб хатларини кутиб қоламиз.  
 ШУКРОНА.  
Мавзуга оид: