БОШ МУҲАРРИРЛАРГА ОСОН ДЕМАНГ!

                                                         

Долзарб мавзу


Мендан баъзан ёш ҳамкасбларимиз ва шогирдларимиз “Сизлар иш бошлаган пайтда газеталарга, обунага эътибор қандай эди” деб сўрашади. Шунда мен жавоб бераман: Биз ишлаган даврларда газеталарга жиддий эътибор бериларди. Бош муҳаррир туман ҳокимининг энг яқин кўмакчиси ҳисобланарди. Район партия комитетининг 9 нафар бюро аъзоси бўлса уларнинг бири албатта бош муҳаррир бўларди. Бош муҳаррир бевосита кадрлар масаласида ўз фикрини айтиш ҳуқуқига эга эди. Газета саҳифаларида босилган танқидий мақолалар Район партия комитетида муҳокама этилиб айбдорларга тегишли жазо бериларди. Газеталарнинг йиллик адади 5000 нусхадан кам бўлмасди. Ҳафтада уч марта чоп этилган газета почта орқали аҳолига, хонадонларга ўз вақтида етказиб бериларди. Одамларнинг газетага нисбатан қизиқиши юқори даражада эди...
Буюк ёзувчимиз Одил Ёқубов ўз хотираларида Республикамизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов билан боғлиқ бир воқеани ҳикоя қилади. Адибнинг таъкидлашича, у киши “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррир этиб тайинлангач таҳририятдаги муаммолар борми йўқми буни Шароф Рашидов сўрайди. Шунда Одил ака ходимларга етарли шароит йўқлигини, ҳатто хизмат машинаси ҳам ажратилмаганлигини очиқчасига айтади. Бу гапни эшитгач Шароф Рашидов ёрдамчиларига зудлик билан газета таҳририятига ўзининг хизмат автомашиналаридан бирини ажратиб беришларини тайинлайди. Эртаси куниёқ автомашина таҳририятга етказиб берилади. Ўша йиллари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси қарийб бир миллион нусхада чоп этиларди. Бошқа газеталар ҳам катта нусхада чоп этилганлигини биз яхши эслаймиз. Ўша пайтда Самарқанд вилоятида чоп этиладиган ҳозирги “Зарафшон” газетасига таниқли журналист марҳум устозимиз Ахмаджон Мухторов бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатарди. Газета саҳифаларида бир-биридан қизиқарли мақолалар чоп этилар, одамлар гезатани излаб таҳририятга ҳам боришарди. Газетанинг ўша пайтдаги адади 96 минг нусхада чоп этганлигини таҳририятда ишлаган кекса авлод вакиллари яхши эслашади. Бир сўз билан айтганда давлат томонидан таҳририятларни қўллаб-қувватланганлиги ўзининг самарасини берганлигини гувоҳи бўлганмиз. 
Хуш , бугун аҳвол қандай?
Бу саволга жавоб беришимиз анча мушкул. Сабаби ўзингизга аён. Бир ёқда бозор иқтисодиёти, иккинчи томонда пойтахтдаги айрим амалдорларимизнинг мажбурий обунага йўл йўқ шиори остидаги чиқишлари босма нашрларнинг талаб даражасида фаолият кўрсатишига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Бир пайтлар бир неча миллион нусҳада чоп этилаётган халқ таълими вазирлигининг “Маърифат” газетасининг адади ҳам кескин тушиб кетди. Ўқитувчиларнинг асосий мутолаа қиладиган соҳа газетасининг аҳволи шу бўлгандан сўнг бошқа газеталар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Негадир пойтахтдаги айрим амалдорларимиз маънавиятдан кўра кўпроқ пул масаласини ўйлашаётганга ўхшайди. Ахир биз олдин одамларни тарбиялашимиз, уларга аҳлоқ-одоб, маънавий-маърифий соҳаларда амалга ошириш лозим бўлган вазифаларни албатта босма нашрлар орқали тарқатишимиз лозимку. Ҳозирги пайтда газеталар ўз кунини ўзи кўрмоқда. “Ўзинг учун ўл етим” нақли айнан газеталарга мослаб айтилгандай. Бош муҳаррирлар сифатли ва мазмунли газета чиқаришни эмас, балки келгуси йил учун қанча обуна қила оламан деган ўй билан яшашади. Чунки обуна қилинмаса газетанинг чиқиши тўхтайди, фаолияти тугатилади. Буни бош муҳаррирлар яхши англашади. Шу боисдан обуна мавсумидан олдин туман ҳокимлиги ва йирик ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боришга ҳаракат қилади. Аслида қонун бўйича ҳокимлик обуна масаласида таҳририятларга ёрдам бериши лозим. Аммо ҳамма жойда ҳам туман ҳокимлари газеталарга ҳар доим ҳам амалий ёрдам бераяпти деб бўлмайди. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида чоп этилаётган “Чироқчи” газетасининг бош муҳаррири Ҳазратқул Эгамбердиевнинг таъкидлашича, бир неча йилдан буён ҳокимлик томонидан обуна масаласида ҳам амалий ёрдам берилмаган. Ҳатто ўтган йиллари 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами кунида ҳам ҳокимлик таҳририят ходимларига эмас, блогерларга зиёфат қилиб совға-салом тарқатишган. Яқинда эшитишимизга қараганда амалдаги ҳоким, бош муҳаррирни пахта мавсумига жалб этиш тўғрисида топшириқ берган. Айни пайтда ҳокимлик ва таҳририят ўртасида зиддият вужудга келиб тортишувлар давом этаётган экан. Албатта бу борада юқори ташкилотлар сўзсиз ҳокимнинг ёнини олишади. Бугунги ҳокимларга чексиз ваколатлар берилган. Хоҳласа истаган ташкилот раҳбарини ишдан олади. Хоҳласа устидан иш қўзғатиш ваколатига ҳам эга. Бундай ҳокимлар билан жамиятни ривожлантириб бўладими? 
Шу ўринда айрим мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтишга тўғри келади. Агар ички ишлар ёки прокуратура ходими жабр кўрса унга нисбатан шу соҳанинг эгалари томонидан тезкорлик билан суруштирув ишлари амалга оширилади. Гарчи ходим айбдор бўлсада уни оқлашга ҳаракат қилишади. Бироқ журналистика соҳасида аҳвол умуман бошқача. Бош муҳаррир бўлсанг ҳам сени ҳимоя қиладиган юқори ташкилотларинг, айниқса Ўзбекистон журналистлар уюшмаси пинагини ҳам бузмайди. “Ўзинг пиширган ошни ўзинг еявер” қабилида томошабин бўлиб тураверади. Ахир бундай вазиятда уюшма ва бошқа тегишли ташкилотлар муҳаррирларнинг ҳимоясига отланиши керак эмасми? Ана шундай қилинганда уюшма ўз вазифасини адо этган бўлмасмиди? Бу масалада ҳар биримиз ўйлаб кўрмоғимиз лозим. 
Хуш, туман газеталарининг бугунги аҳволи қандай? Улар ҳозирги қийин шароитда обуна масала билан қай тартибда шуғулланаяпти? Ана шу савол билан Республикамизнинг айрим туманларидаги ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашдик. 
Ўктамхон Акбарова - Фарғона вилояти Данғара тумани “Данғара” газетасининг бош муҳаррири: - Кўп йиллардан буён чоп этилиб келинаётган газетамиз саҳифаларида имкони борича қизиқарли мақолаларни чоп этишга ҳаракат қиляпмиз. Албатта бу ҳам обуначиларимизнинг сони ошиб боришига хизмат қилмоқда. Муассис сифатида туман ҳокимлиги ҳам ўз вазифасини кўнгилдагидек бажараяпти дейишимиз мумкин. Чунки шахсан ҳокимимиз ўзи таҳририят ходимлари билан яқин алоқада бўлиб муаммоларни ўз вақтида ҳал қилмоқда. Албатта менинг ўзим ҳам айрим масалаларда тўғридан-тўғри ҳокимга мурожаат қилишимга тўғри келяпти. Ҳокимлик билан яқин алоқада бўлганлигимиз туфайли газетамизнинг адади ҳар йили 3 минг нусхадан кам бўлмаяпти. Биз обунани ҳозирдан бошлаб юбордик. Тумандаги катта-кичик ташкилотлар билан шартномалар тузаяпмиз. Келгуси йилда газетамизнинг адади 3 минг нусхадан кам бўлмаслиги аниқ. Буни шу кунлардаги фаолиятимиздан ҳам билсак бўлади.
Абдусалом Йўлдошев – Сурхондарё вилояти Музробот туман “Музробот” газетасининг бош муҳаррири: - Газетада илк фаолиятимни бошлаганимга ҳам 45 йилдан ҳам ошди. Шу йиллар мобайнида турли ҳарактердаги ҳокимларни ҳам кўрдик. Уларнинг айримлари газетага ҳурмат билан қараса, баъзилари обуна масаласига эътибор ҳам бермаганлиги бор гап. Шундай бўлсада биз таҳририят ходимлари билан ўзаро келишган ҳолда ташкилотлар билан шартнома асосида иш юритаяпмиз. Албатта бу борада туман ҳокимлиги бизга амалий ёрдам бераяпти. Чунки муассис сифатида ҳокимлик ўз вазифасини сидқидилдан бажарса албатта газета мунтазам чоп этилаверади. Бизда ҳар йили 3 минг нусхадан ортиқ обуна қилинаяпти. Газетанинг ўз вақтида тарқатаётганлигимиз ҳам обуначиларимизнинг сонини кўпайтирмоқда. 
Очиғини айтиш керак, ҳозирги кунларда бош муҳаррирлар олдида долзарб масала – бу келгуси йил учун қанча кўп бўлса шунча яхши шиори остида обунани ташкил этишдир. Энг кўп обуна бўладиган ташкилотлар ҳисобланган халқ таълими ва тиббиёт тизимидаги ходимларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда иш юритсак албатта кўзланган мақсадимизга эришимиз мумкин. Газетамизнинг ташкил этилганлигининг 90 йиллигини ўтган йили нишонладик. Бу борада туман ҳокимлигининг ёрдами катта бўлганлигини алоҳида таъкидлашимиз керак. Айни пайтда газетамиз 3200 нусхада чоп этилаяпти. Бизда фақат йиллик обуна мавжуд. Олти ва тўққиз  ой учун бирор нусҳа ҳам обуна қилинмайди. Албатта мана шу усулимиз ўзини оқлаб келаяпти. Шу ўринда обуна масаласида бизни қўллаб-қувватлаб келаётган туман тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълими бўлими ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бу борада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, обуна масаласида барча бош муҳаррирларнинг ишларига омад тилаймиз. Бугунги шароитимизда бош муҳаррирларимизга осон эмаслигини юртдошларимиз билиб қўйишларини истаймиз. Ҳамиша омон бўлинг азизлар! Обуна мавсуми кўнгилдагидек ўтади деган умиддамиз.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
Самарқанд вилояти, Оқдарё туман
 “Оқдарё овози” газетасининг бош муҳаррири, 
“Йилнинг энг фаол журналисти” 
Республика танловининг ғолиби.
Мавзуга оид: