“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!”

Она тили миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Консти-туциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Бундан 31 йил муқаддам Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ Президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш бора-сида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Тил – миллатнинг маънавий бойлиги. Тил нафақат муомала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имкониятни яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармон қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан туман “Истироҳот боғи”да “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги, Ёшлар Иттифоқи, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган ушбу тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ойгул Маматова, Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши раиси Маъруфхон Мусаев ва бошқалар сўзга чиқишиб, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлганлигини, она тилимизни асраб-авайлаш ва унинг нуфузини янада ошириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида фикр-мулоҳаза юритдилар.

Маънавиятимизнинг муқаддас кўзгуси
- 22 окт, 13:24