Лойишда қачон тартиб бўлади?
- 27.01.2022, 14:34
- ДОЛЗАРБ
- 541
-

Лойишдаги ободонлаштириш, марказий Амир Темур шохкўчасидаги транспорт воситаларининг тартибсизликлари ҳақида қарийб 15 йилдан буён газетамиз саҳифаларида танқидий чиқишлар мунтазам қилинаяпти. Бу орада бир неча бор ҳоким ўзгарди. Лекин аҳвол баттар бўлса бўлди-ки, яхшилангани йўқ. Аввалги ҳокимларимиз ҳам катта-катта ваъдалар беришиб алоҳида автотураргоҳ ташкил этамиз, Лойишда тартиб ўрнатамиз деган гапларни кўп бор айтишганди. Афсуски, ўша қуюқ ваъдалар ваъдалигича қолиб кетди. Шу кеча кундузда ҳам марказий шохкўчада аҳвол ниҳоятда ачинарли. Айниқса якшанба кунлари кўчадан ҳатто пиёда юриб ҳам ўтолмайсиз. Тирбандлик шу даражада авж оладики, қўпол қилиб айтганда ит эгасини танимай қолади. Тартибга оладиган масъул ташкилотларнинг бу масалага жиддий эътибор беришларини истардик. Чунки айрим ҳайдовчиларнинг пиёдалар ўтиб-қайтадиган йўлакни ҳам худди ўзининг шахсий мулкидек эгаллаб, машинасида бемалол ўтирганларига нима дейсиз. Хуллас, гапираверсак гап кўп. Лойишда автотураргоҳ қачон қурилиб ишга туширилади? Лойишда қачон тартиб ўрнатилади? Бу саволларга жавоб берадиган мард борми?
Кенжа Ботир.
Суратларда: Лойишдаги бугунги ачинарли манзаралар акс эттирилган.