МИЛЛАТ ВА ЭРК КУЙЧИСИ

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон - ўзбек адабиётининг ёрқин сиймоларидан бири сифатида бадиий тил бобида ўзига хос мактаб яратган сўз санъаткоридир. Унинг бадиий тил маҳорати жуда кўп ёзувчилар учун ибрат мактаби бўлганлиги, бундан кейин ҳам бу мактабда бадиий сўз оламига қадам қўядиганларнинг неча-неча авлодлари самарали сабоқ олмоғи шубҳасиз.
Чўлпон ўзининг баракали бадиий ижоди билан ўзбек адабий тилининг ривожи ва бо-йишига жиддий ҳисса қўшган хассос шоир ва беназир адибдир. Унинг шеърий, насрий, драматик, публицистик ва бошқа асарларида ўзбек тилининг гўзаллиги, бойлиги, туганмас ифода имконлари ўзини тўлиқ намоён этган. Бу асарларни ўқиганда, маҳоратли адибнинг ўзбек халқ тили хазинасини нечоғлик тугал эгаллаганлигига, бетакрор сўз ижодкори сифатида бу хазинадаги унсурларни ўз бадиий ниятига нечоғлик мувофиқ тарзда сайлай билганига, тилдаги лисоний воситаларга нақадар сайқалу жило бера олганига, бу бирликлардаги маъно инжаликларидан жуда катта усталик билан фойдалана олганига такрор ва такрор амин бўлмоқ ва ҳайратланмоқ мумкин.
Ҳуррият, истиқлол ва миллий мустақиллик ғояси Чўлпон ижодининг заминини ташкил этади. Бу эзгу ғоя шунчаки яланғоч жумлаларда эмас, балки бадиий сўз имконларидан, поэтик тилнинг таъсирчан воситаларидан моҳирона фойдаланган ҳолда ифодаланган. Шу боис унинг шеърияти ХХI аср кишисининг ҳам эстетик талабларига, шеър завқига тўла жавоб берадиган юксак шеърият ҳисобланади. Чўлпон шеъриятида ҳуррият ва инсон шаъни учун кураш руҳи яққол кўриниб туради. У шахс озод бўлиши учун, аввало, Ватан озод бўлиши кераклигини яхши англайди:
Бўғиқ, қисиқ бу кўнгил
кучли ўт билан ёнадир.
Ул ўт орасида юртнинг
хаёли жонланадир...
Шоирнинг маҳдудликдан бўғилган, мутеликдан "қисилган" кўнгли аёвсиз оташда ёнаётганига қарамай, олов ичида жонланаётган "юрт хаёли" унга кўпроқ азоб бераётганини тилга олади. Яъни, она юрт қайғуси олдида ҳар қандай шахсий дард ва ташвишларнинг унутилишини таъкидламоқчи бўлади. Шоир ҳурриятнинг шунчаки берилмаслигини, унинг учун чинакам ватансеварлик билан, она юртга буюк садоқат ва фидойилик билан курашмоқ лозимлигини дилдан ҳис қилади ва шеърларида баралла куйлайди.
Чўлпон инсон том маънода ҳур бўла олиши учун эрксизлигининг сабабларини теран англамоғи лозимлигини, бундан-да аввал, ҳур эмаслигини тўла тушуниб етмоғи даркорлигини кўп таъкидлайди. Инсон ўз ҳолини тафаккур этмоғи учун уни қуршаб турган муҳитни тасаввур қила олмоғи, вазиятни тўғри баҳолай билмоғи керак. Шу маънода шоирнинг "Мен ва бошқалар" шеърини ижтимоий-сиёсий муҳит ва вазият таҳлили асосида чиқарган хулосаси, дейиш мумкин:
Кулган бошқалардир,
йиғлаган менман,
Ўйнаган бошқалар,
инглаган менман.
Эрк эртакларини
эшитган бошқа,
Қуллик қўшиғини
тинглаган менман...
Бошқада қанот бор,
кўкка учадир,
Шохларга қўнадир,
боғда яйрайдир.
Сўзлари садафдек,
товуши найдек
Куйини ҳар ерда
элга сайрайдир.
Менда-да қанот бор,
лекин боғланган...
Боғ йўқдир, шох йўқдир,
қалин девор бор;
Сўзлари садафдек,
товуши найдек
Куйим бор... уни-да
деворлар тинглар...
Эркин бошқалардир,
қамалган менман,
Ҳайвон қаторида
саналган менман...
Чўлпон ўз шеърларида ижтимоий қолоқлик, жаҳолат ва тарихий хатолардан қутулмай туриб, истиқлолга эришиб бўлмаслигини тўғри таъкидлайди. Ҳуррият ва миллий истиқлол йўлига ғов бўлган иллатлар "Бузулган ўлкага", "Виждон эрки", "Тўфон", "Ёнғин", "Халқ", "Ўтли сув", "Кел бери", "Кураш" каби кўплаб шеърларида тилга олинади. Чўлпон чинакам истеъдод соҳиби ва ҳуррият куйчиси сифатида бадиий ижоднинг турфа жанрларида асарлар ёзди. Шунга қарамай, уларнинг барчасига ижодининг асосини ташкил қилувчи миллий озодлик мафкурасини катта маҳорат билан сингдирганлигини кузатишимиз мумкин. Хусусан, Чўлпон насрининг гултожи бўлган "Кеча ва кундуз" романида ҳам шахс ҳуррияти ва юрт озодлиги жанр имкониятларидан фойдаланган ҳолда, кенг ва теран ёритилади. Адиб мамлакатнинг ҳар томонлама инқирозига сабаб бўлган омилларни қидиради. Бу оғриқ бир қаҳрамон дилидан шу тарзда тилига кўчади: "Бизнинг бахтсизлигимиз - нодонлигимизда, холос. Миллат уйғонсин, кўзини очсин, ўқисин, билим олсин, маданий миллатлар қаторига кирсин, сўнгра у ҳам ўз давлати, ўз бахти, ўз саодатини қуради. Миллатни уйғотиш - уйғонганларнинг вазифаси!"
Мавзуга оид:

ЯНГИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ УЛКАН НАМОЯНДАСИ
- 23 июл, 13:51

Мустақиллигимиз фидойилари
- 15 июл, 11:57

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

ЎЗ ХАЛҚИНИНГ КЕЛАЖАГИ, ИСТИҚЛОЛИ УЧУН КУРАШГАН ШОИР
- 28 авг, 13:54