«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

Ва ниҳоят, Самарбек орзусига етди, ота ўғил бўлди. Отаси  қўшни  туманда ички ишлар бўлими бошлиғи. Самар бугун она  юрти  Миёнколнинг, “Озодлик” маҳалласига келиб, профилактика инспектори  бўлиб  иш бошлади. Яқиндагина олийгоҳни битириб келган Самар яна уйидагилар билан хайрлашиб, ишга шўнғиди. Онаси Шарофатхон таниқли журналист, нуфузли марказий газеталардан бирининг  Самарқанд вилояти мухбири. Она ўғлидан кўнгил узолмасдан  у билан бирга Миёнколга, туғилган қишлоғи, ота уйига келди, эрталаб Самарбекни буви, бувалари, оғайнилар ҳаммаси  дуо қилиб ишига кузатишди.

- Биринчи кунданоқ, қўрқитмоқчи эмасман-у, ўғлим, - деди она дарвозадан чиқаётиб ўғлининг елкасига қўлини ташлар экан, - туманимиздаги энг  оғир “зона”га  тушдинг, бу менинг туғилиб ўсган маҳаллам, ҳар бир одамини  беш қўлдай биламан, омад ёр бўлсин сенга, мен ёнингдаман, ўғлим, фақат, Ановдан эҳтиёт бўл!

-  Анов... Ким... нима  у?

- Нима эмас, ким... Одамлар у ифлоснинг отини аташдан ҳазар қилиб, анов дейишади. Отангни ҳам шу туманда  ишлатгани қўймаган аёл, қисқаси, мараз, судхўр,  тийувсиз махлуқ!

Самар шу пайтгача отасини ҳеч кимдан енгилмайдиган, қонун ҳимоясидаги инсон,  ростгўй, ўз ишининг устаси  деб биларди, онасининг лутфидан эса ҳеч қачон бундай ёқимсиз, қўпол сўзларни эшитмаган эди. Шунинг учун ҳам волидасининг ҳозирги заҳарханда сўзлари унга ғалати ҳамда қаттиқ огоҳлантиришдек туюлди ва кўнглидан “Наҳотки, шунчалар зўр? Кўрамиз...” деган хаёл ўтди. Онасининг  танбеҳини хотирасининг бир бурчига тугиб қўйди. 

Самар  кун бўйи маҳалла посбони билан қишлоқларни айланиб, кўчаларни ўрганди, одамлар билан танишди. Посбон йигит жуда хушчақчақ экан, дастлаб нотинч, муаммоли оилаларни таништирди. Турли муаммолар, вазиятлар, уйлар, оилалар... Улар кечга  яқин охирги кўчага киришди:

- Мана бу уйда боқувчисини йўқотган аёл яшайди, бу уйда ногирон киши бор, бу уйнинг эгаси Чернобилда бўлган, буниси Афғон урушида...  Посбон навбатдаги уйга қарар экан:

- Эй, бунисини қўйовринг,- деди ижирғаниб ва малоллангандек  терс ўгрилиб, ўнг  қўлини силтаб қўйди.

-  Нега чаппа қайтдингиз, кимнинг уйи бу?

- Якка- ёлғизлардан... ҳалиги ... Анов...

- Анов!? Самарнинг ёдига эрталаб онаси айтган аёл тушди ва олдин уйга, сўнг  ҳашаматли темир  дарвозага, сўнг посбонга  тикилди:

- Коптива турибди-ю эшигида,- таажжубланди Самар,- қанақасига якка ёлғиз?

- Битта фарзанди, шу  қизи бор, Тошкентда яшайди, келиб-кетиб туради. Якка-ёлғизлар рўйхатига кириб олди, энди камбағаллар рўйхатига “темир дафтар”га  киритасан деяпти, ҳамма ёққа шикоят  ёзавериб жонимизга тегиб кетган. Ҳозир кўриб қолса, бир балога қоламиз, бирор нима бериб қутиласиз... Кетдик...

- Йўғ-е, иморатларам даҳшат-у, қанақасига камбағал дейсиз буни?

- Бу аёл пулгаям, уйгаям тўймайди. Тошкентда куёви бор, шу  Қамарой  қизининг эри, ички ишлар вазирлигида ишлайди. “Даб” десангиз  бўлди, тепадан телефон бўлади, ишини тўғриламасангиз икки дунё бир тутам. Кетдик, кайфиятингизни бузмасдан биринчи кунни якунланг, командир,- деди у астойдил.

Самар бир кунлик ишни қойиллатгандек, папкасини қўлтиқлаб, бўлимга келди. Уни кечки навбатчиликка тайинлашди. Самар онасига қўнғироқ қилиб, кечаси боролмаслигини айтди. У хурсандлигидан кеча-ю-кундуз ишлашга ҳам тайёр, ахир, бу кунни, ота касбида ишлашни неча йилдан бери орзиқиб кутади. “Алло, 02 эшитади!” деган сўзни айтиш қачон насиб қилар экан деб озмунча интиқдими. Аксига олиб, бугун “етдим” деганда телефонда бошқа ходим ўтирди, ёши улуғроқ, барваста капитан, Самар унинг ёрдамчиси бўлди. Самар  телефоннинг жиринглашини кутяпти. Ҳар қалай унинг биринчи иш куни, биринчи навбатчилиги ва биринчи қўнғироқ... Ва ниҳоят, телефон жиринглади:

- Алло, 02 эшитади,  капитан Холиқов. Капитаннинг афти бужмайди.

- Ким?...Анов... Уйни ёқяпти?... Бензин сепяпти?... Нима билан? Канистр билан...

Самарнинг юраги ўйнаб, ўрнидан туриб кетди, онаси айтган тийувсиз махлуқ кўз ўнгида намоён бўлди-ю,  худди, оғзидан олов пуркаётгандек, кўнглига ваҳима туша бошлади.  Аммо, негадир... Капитаннинг бу хабарни рўйхатга ёзмасдан, бамайлихотир, ручкасини дафтарнинг устида айлантириб ўйнаб ўтирганини кўриб ҳайратга тушди:

- Уйга олов  қўйяпти?... Ёқяпти дедими?!- деди Самар кўзларини катта очганча капитанга тикилиб.

Капитан оҳиста қўл силтаб, Самарга “ўпкангни бос... ўтир...” ишорасини қилди. Самар жойига ўтирди.

· Бўпти,  борамиз, кутинглар!

Командир гўшакни қўйди. Панжаларини тароқ қилиб, бошини силаб керишди:

- Яна ўша Анов...жонга тегди. Мен “начальник”ка маслаҳат қилай. Сен ўтир, трубкани кўтарма.

Самар ўтиролмади, баттар ташвишга тушди, наҳотки, кимдир ўт қўймоқда, бировнинг уйи ёнмоқда! Нимасини маслаҳат қилади булар? Тавба, кеч қолсак уй ёниб кул бўлади-ю, кейин борганингнинг нима кераги бор?

Холиқов бошлиқнинг хонасига кирди. Телефон кавлаб ўтирган ўрта ёшли, норғил, келишган майор  йигит навбатчига қаради.

- Ўртоқ “начальник”, Анов қайнисининг уйига яна ўт қўймоқчи, оқсоқолнинг ўзидан “афиссиялний” чақирув бўлди.

- Ёзиб қўйдингизми?, - шошиб сўради бошлиқ.

- Йўғ-е, сиздан сўрамай ёзиб... ўлибманми.

Бошлиқни суст босганини кўриб командир яна ақл бўлишни бошлади.

- Шу... Прокурорга маслаҳат солиб кўрамизми, а?

- Йў-ў-қ, фойдаси йўқ. Прокурор ҳокимга айтади, ҳоким яна мени дўғлайди, биласизку, отахон, - кесатди бошлиқ. – Ундан кўра, тинчгина, бир амаллаб уйига обориб ташланг. Қизи келган, олиб қолади.

- Ўртоқ “начальник”, бироз мазам йўқроқ. Янги келган миршаб бора қолсин-а? Ҳар қалай, ўзининг маҳалласи...

Бошлиқ мийиғида истеҳзо билан кулди:

- Ҳаҳ, ҳаммангиз  ўз тинчингизни  ўйлайсиз-а? Ёш болани балога қўймоқчимисиз? Тажрибали ходим бўла туриб-а?  Ановдан қўрқасиз, худодан қўрқмасангиз ҳам.  Бу сафар бошлиқнинг гапи командирга малол келди. Ичида “Ўзингизчи?” демоқчи бўлди-ю, ташқарига чиқармади. Ишининг битишини кўрди.

- Ёш кадр, тажрибаси ошсин дейман-да...

- Ҳа-я, кадр денг? 

Яна кесатиб жилмайди бошлиқ. – Хўп, мана шунисини ўзингиз тарбияланг, олдин Ановни тинчитинг. Гап-сўз чиқмасин, хатга тушмасин...

Холиқов бошлиқнинг хонасидан кабутардек енгил учиб чиқди, навбатчилар хонасига кириб Самарга қовоқ қилди.

- Чақирув қабул қилинди. Ановни уйига обориб ташлайсан.

- Анов, ким Ановнинг оти борми? Нега уни бу ерга олиб келмасдан уйига оборишим керак?

- Топшириқ шундай, ақл ўргатма, бизда тартиб: Ё, хўп,ё, йўқ. Йўқ десанг, ё, сен  ариза ёзасан, ё, мен “рапирт” ёзаман.

- Хўп, ҳеч қурса, Ановнинг исмини айтинг. Адресини айтинг. Қаерга боришим керак?

- Шопирга айтаман, у билади ҳаммасини, - деди Холиқов боши билан ҳовли томонга ишора қилиб,- унинг тажрибаси ошиб кетган.

Капитан шофёрни чақирди, у бир зумда вазиятни тушунди:

- Уфф, яна Ановми?  Бу сафар қаерга?

- Маҳаллакомнинг уйига.

Бошқа ҳеч ким бирор сўз айтмади. Самар махсус хизмат машинасига ўтирди. Қоронғи тушган, айни, одамлар овқатланиб, дам олар пайти. Шофёр фонарларини пориллатиб, манзилга етиб келгач, Самарга тайинлади:

- Ука, янги экансиз, эҳтиёт бўлинг, иложи борича Ановга яқинлашманг, нотўғри сўз айтиб қўйманг, “запис”га тушасиз. Бир амаллаб машинага тиқсангиз бўлди... Уйига обориб ташлаймиз, олам гулистон.

Самар машинадан тушяпти-ю, оёғи остида ер йўқдай. Ёпирай, ўзининг маҳалласи-ку, кундуз келиб, шу уйда, маҳаллакомнинг уйида бир пиёла чой ичиб, танишиб кетганди, атроф тинчгина эди. Ҳозир эса...Ўша дарвозанинг олдида, чироқнинг тагида ўттиз-қирқта таниш-нотаниш одамлар йиғилган, ҳаммасида телефон, фонарлари бир текис ярақлаб,  ёниб-ўчяпти, худди, юлдузли осмон ерга тушгандай. Ора-орада видеокамералар ҳам сузаяпти. ғала-ғовур, бақир-чақир!

- Сиз ҳам юринг,- деди Самар шофёрдан  ҳаяжонини яширолмай. Камераларни кўриб унинг юрагига ғулу тушди, ҳозирги пайтда ҳукумат ходимлари бошлиқлардан ҳам кўра, ижтимоий тармоқлардан қўрқиб қолган. “Нотўғри ҳаракат қилиб қўйсам, биринчи куннинг ўзидаёқ интернетда шарманда бўламан” деган хаёл ёш миршабнинг бутун фикратини чулғаб олган эди. Шофёр бира тўла рад жавобини айтди:

- Эй-й-й, йў-ў-ўқ, мени тинч қўйинг, “шофёрнинг аралашишга ҳаққи йўқ”деб мениям устимдан неча марталар ёзди. Сал қолди ишдан кетишимга, “доля”сини бериб қутулдим.  Ана, оқсоқолнинг ўзи бор-ку. Мен шу ерда кутаман, “ҳайда!” десангиз бўлди, машина тайёр... Боринг, боринг, раиснинг кучи етмаяпти, бир балони бошламасин. Олов билан ўйнашиб бўладими?

Давоми бор.


Ойгул МАМАТОВА.