ИММУНИТЕТНИ КЎТАРИШГА ЁРДАМ БЕРУВЧИ ИЧИМЛИКЛАР

Кўпчилигимиз куз-қиш мавсумида шамоллаб қолсак, иммунитетни кўтариш мақсадида дарров дори ичишга ҳаракат қиламиз. Бундай пайтда табиий янги мева-сабзавотлар ҳам бирга истеъмол қилинса, уларнинг шарбатларини фильтрланган ёки қайнаган сув аралаштириб ичилса, дорилардан кўра самаралироқ таъсир қилади. Баъзи кишилар уларни ўзини еганда организми яхши қабул қилса, баъзи инсонларда бу бир қанча қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Уларни албатта шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиш лозим. Хўш, қандай ичимликлар совуқ об-ҳавода саломатликни асрашда ёрдам беради?.
Тоза сув, сут, кўк чой ва
шифобахш чойлар
Инсон бир суткада тана вазнининг ҳар бир кг учун 30 мл дан суюқлик ичиши лозим. Энг ками 1,0 л дан то1,5-2,0 л гача, ёз ойларида эса 2,0-2,5 л гача суюқлик ичиш керак. Шундан тахминан ярми тоза сув бўлса, қолгани турли ичимликлар ва суюқ овқатлар бўлиши даркор. Кўк чой таркибидаги айрим моддалар организмда вируслар ривожланишининг олдини олади, лютеин, заексантин ва С, Е витаминлари кўз касалликларини самарали даволса, кофеин терини қаришдан асрайди. Бундан ташқари сут, сутли қора чой, асал-лимонли, олмали, мурчли, малина, смородина, қулупнай, анжир қоқили, долчинли, занжабилли, ялпизли ва лимонўтли чойлар ичиш ҳам иммунитетга яхши таъсир қилади.
Лимон шарбати
Лимон шарбатини ўзини ича олмайдиганлар унга озгина шакар, сув аралаштиришлари мумкин. Унинг таркибида кўплаб витамин ва микроэлементлардан ташқари терини замбуруғ ва экземалардан сақловчи, организмда иммунитетни кўтаришга хизмат қилувчи ишқор ва кислота даражасини меъёрлаштирувчи моддалар мавжуд.
Лавлаги, олма, сабзи ва
помидор шарбати
Лавлаги шарбати қон босимини тушириб, жисмоний фаолликни оширишга ёрдам беради. Аслида фақат уни ўзини ичиш ошқозонни бироз таъсирлантиради. Агар у олма, сабзи ёки помидор шарбати билан аралаштириб ичилса, фойдалилиги янада ошади.
Киви шарбати
Кивидаги А, С, Е витаминлари иммунитетни ошириб, организмни тозалаш учун клетчатка ва юрак фаолиятини меъёрлаштириш учун калий билан таъминлайди.
Брокколи карами шарбати
Брокколи карами бета-каротин, кальций, йод, В1, С витаминлари ва оқсилнинг маконидир. У танада остеоартрит пайдо бўлишининг олдини олади. Аёлларда гормонлар мувозанатини меъёрлаштириб туради. Брокколи шарбати помидор шарбати билан аралаштириб ичилса, простата бези саратонининг олдини олади.
Сабзи шарбати
Тез-тез алоҳида сабзи шарбати тайёрлаб ичиб туриш ҳам кўз, жигар, юрак қон-томирлар ва тери учун жуда фойдали. Ундаги оқсил, углевод, ёғ, А, С, В1 ва В2 витаминлари, темир, натрий ва фосфор иммунитетни кучайтириш билан биргаликда ўпка, жигар ва ичакларни турли касалликлардан ҳимоя қилади.
Иммунитетни тушириб юборувчи омиллар
Тоза сув, суюқликни кам истеъмол қилиш, шахсий, жамоат ва овқатланиш гигиенасига амал қилмаслик, бирор нарсадан ё воқеадан қаттиқ қўрқиш, узоқ вақт давом этувчи стресс ҳолатлари, тушкунликка тушиш, кўп шакар ва ширинликлар ейиш, совуқлик ва хамир овқатларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, спорт ва чиниқтирувчи гимнастика турлари билан етарлича шуғулланмаслик, давомли равишда бирваракайига ҳаддан ташқари кўп оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланиш ёки камҳаракатлилик, спиртли ва газланган ичимликларга рўжу қўйиш, кашандалик, нос чекиш, гиёҳвандлик моддаларини қабул қилиш, антибиотиклар ва гормонларни ўзбошимчалик билан пала-партиш қабул қилиш, тўйиб ухламаслик, витамин ва микроэлементларга бой озиқ-овқат маҳсулотларига тўйиб овқатланмасдан камқонлик касаллигига чалиниш, қуёш нури-офтобда узоқ вақт ҳимоясиз юриш ёки аксинча ундан етарлича баҳра олмаслик, буларнинг барчаси иммунитет душманларидир.
Инсон қачонки соғлом овқатланиш билан биргаликда юқоридаги ичимликлардан ҳам вақти-вақти билан куз-қиш мавсумида етарлича фойдаланса ва салбий омилларга барҳам берса, яъни соғлом турмуш тарзига амал қилса, турли касалликларга чалинишдан ҳоли бўлади.
С. ҚОСИМОВА,
туман тиббиёт бирлашмасининг соғлом турмуш тарзи
бўлими мудири.
Д. Каттаева,
соғлом турмуш тарзи
услубият шифокори.