ТУМАНИМИЗ МАКТАБЛАРИДА "СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ"САДОЛАРИ ЯНГРАДИ

25 май куни туманимиз умумтаълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» садолари жаранглади. Дилларга ўзгача шукуҳ, қалбларга олам-олам ҳаяжон солиб, бир умр эсда қоладиган ушбу тадбирни тартибли ва мазмунли ўтказиш учун туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги барча таълим муассасаларида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда тайёргарлик кўрилди.

Умумтаълим мактабларида ташкил этилган байрам тадбирларида хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида туман Ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда зарурий чоралар кўрилди. "Сўнгги қўнғироқ" тадбирларида республика Президенти Ш.Мирзиёевнинг битирувчиларга йўллаган тарихий табригини етказиш ва битирувчиларни қутлаш учун барча мактабларга туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, туман Кенгаши депутатлари бириктирилди. 

Жорий ўқув йилида туманимиздаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 2023 нафар йигит-қиз битирмоқда. Шунингдек, 9-синфни 1985 нафар, 4-синфни эса 2923 нафар ўқувчи битириб, таълимнинг кейинги босқичига ўтади. Туман бўйича  жами  2609 нафар ўқитувчи келажагимиз ворислари бўлган 28 минг 250 нафар ёш авлодга таълим ва тарбия беришмоқда. 

Бугунги кунда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. "Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан бошланади" деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди. Айниқса, бутун юртимизни қамраб олган беш муҳим ташаббус доирасида ёшларимизнинг етук инсонлар бўлиб камол топиши учун кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда тумандаги ижтимоий соҳа объектларини интернет тармоғига улаш бўйича жами 58 та мактаблардан 42 таси интернет тармоқларига уланган бўлиб, 15 тасига оптик толали алоқа кабеллари тортилган ва охирловчи қурилмалари олиб келинган. 

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2020 йилнинг 23 мартида "Тумандаги иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий рағбатлантириб бориш тўғрисида"ги 26-183-сонли қарори қабул қилиниб, унга кўра тумандаги иқтидорли ўқувчи ёшлар орасидан 10 нафар кўрик-танлов ғолибларига маҳаллий бюджетнинг захира маблағлари қисми ҳисобидан ҳар ойда бир марта ҳар бири учун 245 минг сўмдан мукофот пули тарқатилишини таъминлаш вазифалари белгиланди. 

Тумандаги барча умумтаълим муассасаларида "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари юксак тайёргарлик ва байрамона руҳда ўтказилди. Шу ўринда туманимиздаги 32-умумий ўрта таълим мактабини битираётган ўғил-қизлар учун бу тадбир янада унутилмас, бир умр ёд этишга арзигулик бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Мактабга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, туман ҳокими Нажмиддин Сулаймонов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева ва бошқа раҳбарлар битирувчиларни табриклаш учун ташриф этишди. Тадбир расмийликдан холи, битирувчилар ва раҳбарларнинг жонли мулоқоти, самимий учрашувига айланганлиги билан унутилмас ва ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди.

Вилоят ҳокими мактаб ўқувчиларига Президентимизнинг битирувчиларга табригида билдирилган ният, мақсадларни алоҳида таъкидлади, улар билан дилдан суҳбатлашиб, орзу-мақсадлари, қизиқишлари билан ўртоқлашди. Қалбларга ўзгача ҳаяжон улашган тадбир давомида битирувчилар ҳам ўз таассуротларини баён қилишди. Тадбир давомида алоҳида ўрнак кўрсатган бир қатор ўқитувчи ва ўқувчиларга вилоят ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бошқармасининг ташаккурномалари, совғалари, мактаб кутубхонасига эса 300 номдаги бадиий адабиётлар топширилди.

 - Бир сўз билан айтганда, мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларининг битирувчи ўғил-қизларига табригида.-  Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди.

Шу муносабат билан сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар.

Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади.

Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!                           

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид: