ПЕДАГОГЛИК ШАРАФЛИ КАСБ

Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табрик нутқида таъкидлаганидек, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
– Биз устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган, – деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида. – Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир.
Ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани таъкидланди.
– Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак, – деди Президент.
Видеоселектор йиғилишида таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиб, таълим сифатини оширишга оид вазифалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади.
Бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири.
– Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади. Хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилади. Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Шунингдек, фидойи педагоглар бошқа йўллар билан ҳам рағбатлантирилади.
Президентимиз томонидан педагогларга кўрсатилган бундай ҳурмат ва эътибор, ишонч бизларни янада фидойи ва замон билан ҳамнафас бўлиб ишлашга ундайди. Қатор йиллардан бери 23-умумий ўрта таълим мактабида келажагимиз ворислари бўлган жажжи ўғил-қизларимизга билимлар пойдевори ҳисобланган – бошланғич таълимдан сабоқ бериб келаман. Биз илк бора мактаб қучоғига қадам ранжида қилган болажонларга таълим-тарбия берар эканмиз, уларга ҳам устоз, ҳам она бўлишдек шарафли номга муносиб бўлишга, уларнинг қалбига она-Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини сингдиришга астойдил ҳаракат қиламиз.
Шуни қувонч билан айтишим лозимки, кўп йиллик меҳнатим давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” унвони билан тақдирландим. Бу эса мени ўз севган касбимга бўлган ҳурматимни, меҳр-муҳаббатимни янада ошириш билан бир қаторда ёш авлодни она-Ватанимизга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялашдек эзгу мақсад йўлидаги масъулиятимни янада оширишга даъват этади.
Ойша ОМОНОВА,
23-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич таълим ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси унвони соҳибаси.