АМИР ТЕМУР ҚАБРИНИНГ ОЧИЛИШИ


Ушбу материални Малик Қаюмовнинг хотиралари, бошқа шу масалага оид манбалар Амир Темурнинг қабрини очиш билан боғлиқ маълумотларни тўплаган Р.Хидиров томонидан эълон қилинган маълумотлар асосида тайёрладик.
Ўша даврда буюк саркарда қабри қаерда жойлашгани ва умуман Амир Темур Ўзбекистонда дафн этилганлиги ҳақидаги гапларга Совет раҳбарияти шубҳа билан қарарди. 1941 йил 21 март куни Сталинга Марказий комитет ва Маданият министрлиги томонидан Гўри Амир мақбарасида археологик қазишма ишларини олиб бориш ҳақида хат етиб келди. Экспедициянинг мақсади - Амир Темур қабрини аниқлаш ва Ўрта асрларда яшаб, фаолият юритган Темурийлар сулоласини илмий асосда текшириб ўрганиш деб кўрсатилганди, деб маълумот берилади юқоридаги манбаларда. Тегишли ҳужжатлар тайёрлангандан сўнг Сталиннинг буйруғига кўра ишчи гуруҳ тузилди. Унга бошлиқ қилиб олим ва жамоат арбоби Қори Ниёзов тайинланди. Гуруҳга тилшунос олим А.Семёнов, антрополог олим М.Герасимов, таниқли ёзувчи С.Айнийлар киритилди (ўша пайтлар Амир Темур ҳақида асар ёзиш С.Айнийнинг орзуси булган). Малик Қаюмов эса иш жараё- нини тасвирга олувчи бош оператор этиб тайинланди.1941 йил 15 май куни экспедиция бошланиши белгиланган кундан 5 кун олдин, ишчи гуруҳи Самарқандга етиб келди ва тайергарлик ишлари кўриб қўйилди. Гўри Амир мажмуасидаги қабрларнинг очилиши ҳақида хабар топган маҳаллий аҳоли норозилик билдириб, йиғилишиб кела бошлашди. Биринчи кунданоқ минглаб одамлар келишди. Йиғилганларнинг баъзиларини эса бу олимлар нималар қилмоқчи эканлигини билиш қизиқтирар эди. 1941 йил 2 июнь биринчи иш куни деб белгиланди. Ҳар эҳтимолга қарши маҳаллий усталар ҳам чақириб қўйилди. Шу куни эрталаб соат 8:00 да мажмуадаги қабрлардан бирининг устидаги тошни кўтаришди. Бу қабрни ўрганиш учун уч кун сарфланди. Негадир ундаги суяк қолдиқлари яхши сақланиб қолмаган эди. Герасимов фақат бош чаноғи ва умуртқа суякларини олиб, уларни бир қутига солди. Бу қабр Амир Темурнинг суюкли фарзанди Шоҳруҳ Мирзога тегишли эди, дейилади хотираларда. Навбатдаги - иккинчи қабр устига қўйилган тош оғирлиги туфайли уни кўтариш учун маҳаллий аҳоли ҳам ёрдамга чақирилади. Усталар занжирларни ричаглар билан тортиб, қабр устидаги тошни кўтариб олишди. Бу қабр ичидаги кишининг бош суяги тана суякларининг ёнида турарди. Бош чаноғида ўткир тиғдан қолган излар ҳам бор эди. Гуруҳ аъзоларида Темурнинг севимли набираси Мирзо Улуғбекнинг қабри очилганлигига шубҳа қолмаганди. Улуғбек қабри билан икки ҳафта шуғулланишди. Суяклар, кийим қолдиқлари ҳам сақланиб қолган эди. Навбат Амир Темур қабрига етиб келганини кўпчилик сезаётган эди. Олимларнинг эътибори биринчи бўлиб  қабр устидаги тошга ўйиб  ёзилган ёзувларга тушди. Унда "Вақти келиб ҳаммамиз бу   дунёни тарк этамиз. Бизгача ҳам буюклар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Агарда кимда-ким бу нарсани тан олмаса, қабрни қўзғаб ёки ўтганлар руҳини безовта қилса, энг даҳшатли балога йўлиқсин", деган мазмун акс этарди. Ёзувнинг охирги сўзлари экспедиция аъзоларини сергаклантириб, қўрқувга солди. Ишни тўхтатмоқчи ҳам бўлишди. Аммо "юқорининг буйруғи" бўйича қилинаётган ишни ҳеч бир қўрқув тўхтата олмасди. 21 июнь куни эрталаб соат 7:00да ишчи гуруҳ аъзолари йиғилишди. Лекин иш ҳадеганда юришавермади. Иш бошланганидан ярим соат ўтар-ўтмас кўтариш крани бузилиб қолди. Қабр устида ётқизилган плитани секин-аста қўлда сура бошлашди. Унинг тагида тупрокдан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Куннинг ярмига келганда плитани очишга муваффақ бўлишди. Олимлар қўллари билан ерни ковлай бошлашди. Соат 13:00 гача учта мармар плитани олиб ташлашга улгуришди. Ниҳоят, тобутнинг қора қопқоғи кўринди. Кутилмаганда барча ёритиш ускуналари ўчиб қолди. Ҳар хил овозлар эшитилиб, нафас олиш қийинлаша бошлади. Танаффус эълон қилинди. Танаффус пайтида Малик Қаюмов чой ичмоқчи бўлиб ҳовлига чикади. Унинг кўзи қўлларида бир китобни ушлаб ўтирган учта чолга тушди. Малик Қаюмов отахонлар билан салом-алик қилар экан, чоллар   унга "Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас, уруш бошланади", - деб айтишди. Малик Қаюмов: "Буни сизлар қаердан биласизлар?" - деб сўраганида, унинг қўлига қариялар араб ёзувидаги катта бир китобни тутқазишди. Араб ёзувини ўқий оладиган оператор диққат билан саҳифадаги жумлаларни ўқий бошлади, унда: "Буюк лашкарбоши қабрини қўзғаш мумкин эмас. Акс ҳолда уруш бошланади", - дейилганди. Малик Қаюмов тезда Қори Ниёзов, С.Айний ва Семёновларни чақириб келди. Улар ҳам кексалар билан саломлашиб, китобни ўқишга киришиб кетишди. С.Айний чолларни койиб, уларни ҳассаси билан ҳайдай бошлади. Отахонлар ортига қайтишди. Малик Қаюмов ўйчан ҳолда анчагача чолларнинг орқасидан кузатиб қолди. Қариялар муюлишга етар-етмас ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолишди. Оператор кўзларига ишонмади ва тезда ўзига келиб, уларнинг кетидан югурди. Аммо чолларни топа олмади. Маҳаллий аҳолидан суриштирганида ҳам ҳеч ким у чолларни кўрмаганлигини ва фақат улар ҳақида турли гап-сўзлар эшитишганини айтишди. Балки бу отахонлар инсониятни олдинда турган фожиадан огоҳлантириш учун одам қиёфасида келган фаришталармикин, деб ўйлаган ишчи гуруҳ аъзоси М.Қаюмов деб маълумот беради хотираларни синчиклаб урганиб чиққан Р.Хидиров. Соат 15:30 да иш жараёни яна ёруғлик билан таъминланди. Антрополог олим Герасимов тобут устидаги охирги тахталарни олаётганида қандайдир тасвирлаб бўлмас хушбўй ҳид атрофга таралди. Қабр ичида бир бақувват баҳодир одам ётганлиги сезилиб турарди. Герасимов Темур бош чаноғини қўлида тутиб, атрофдагиларга кўрсата бошлади. Буюк лашкарбошининг ўнг оёғидан яраланганлиги излари унинг   суякларида ҳам сақланиб қолган эди. Темур қабрининг очилганлигига барчанинг ишончи комил бўлди. Айний эса хурсандлигидан "Айтганим тўғри чикди, Темурнинг қабри Самарқандда экан", дея бақирарди. Ўша куниёқ турли газета ва радиоканалларда "совет олимларининг Темур қабрини топишганлиги" тўғрисида хабарлар тарқалди.        22 июнь тонгида эса уруш бошланганлиги тўғрисидаги хабар радио орқали эълон қилинди. Гитлерчилар совет ўлкасига уруш эълон қилган эди. Экспедиция гуруҳи бу машъум хабарни эшитиб, ўзларини йўқотиб қўйишди. Башоратчи чолларни қувиб солган С.Айний эса бир бурчакда мунғайиб, ўтириб қолди. Экспедиция ишини тўхтатишиб, Тошкентга қайтишди. М.Герасимов Темур бош чаноғини ўрганиб, унинг юз тузилишини ишлаш учун суяк қолдиқларини олиб Москвага йўл олди.
«Амир Темур суяк қолдиқлари солинган қути Москва осмонида, фронт устида айлантирилиб, ўз жойига қўйилгандан сўнг уруш оловлари сўна бошлади». Бу афсонами ёки хақиқат, лекин буюк саркарданинг қабри очилишидаги мана шундай фикрлар халқимиз орасида мавжуд. Нафақат халқ оғзидан, балки мутахассис олимлар томонидан айтилаётган бу фикрлар афсона ёки ҳақиқатлиги борасида ҳали-ҳануз аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. Рус православ черкови ҳам юқорида қайд этилган қути айлантирилган чегарадан душман аскарлари умуман ўта олмаган, дея тахминий мушоҳада юритишади. Анча сирли ва ҳар хил гап-сўзларга сабаб бўлган Темур қабрини ўрганиш бўйича ишлар якунига етгач, ҳисобот тайёрланди. Унинг бир нусхаси "марказ"га жўнатилган бўлса, яна бири Амир Темур қабрини ёпишаётганда тобутига қўшиб солинди. Бу ҳисобот тўрт тилда - ўзбек, рус, форс ва инглиз тилларида Самарқанд қоғозига хитой сиёҳида ёзилган, дея кўрсатма беради олимлар. Икки кундан кейин Сталинград остоналарида ғалаба қозонилганлиги тўғрисида хушхабарлар етиб келди... Бу воқеалардан сўнг Сталин умрининг охиригача Темур қабрини безовта қилмади. Темурийлар тарихи бўйича Эрмитаж музейида ўтказилиши кўзда тутилган кўргазма ҳам амалга ошмади. Темур ҳақида китоб ёзишни ният қилган С.Айний ҳам бу борада ҳеч нарса ёза олмади. Кўлга киритилаётган ғалабалардан қувонган "Ўртоқ Сталин" 1943 йил ёзида Самарқанддаги Темур мақбарасига эътиборини қаратиб, унга 3-экспедицияни жўнатди. Мақбара ва унда жойлашган  қабрларни таъмирлаш учун 1000 000 рубл (ўша пайтда бу пулга тахминан 500 га яқин сўнгги русумдаги машина олиш мумкин эди деб хабар беради Р.Хидиров) маблағ ажратганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Буюк саркарда ва давлат арбобини қабрини очиш билан боғлиқ юқоридаги хотиралар ва тўпланган маълумотлардан шундай хулосага келиш мумкинки, буюк шахс хотираси ҳатто ўз замонасида ҳеч қандай афсонани, ҳеч қандай миллий ҳақиқатни тан олмайдиган "Сталинчилар"ни ҳам ташвишга солиб қўйганлиги айни ҳақиқат. 

Нодир МИРЗАЕВ, 

тарихчи.