САВОДСИЗЛИК АВЖ ОЛМАЯПТИМИ?
- 28.10.2022, 10:55
- ДОЛЗАРБ / Таълим
- 98
-

Кейинги юз йил ичида мамлакатимизда тўрт марта алифбо алмашаяпти. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларига қадар араб алифбоси, шундан сўнг 1940 йилга қадар лотин алифбоси, 1940 йилдан то ҳозирга қадар кирилл алифбосида ёзаяпмиз ва ўқияпмиз. Ҳадемай яна барча ҳужжатлар лотин алифбосида юритилиши айтилмоқда. Очиғини айтиш керак, бу ҳам маълум даражада халқ ўртасида саводсизликни келтириб чиқармоқда. Бунга мисоллар бисёр. Сабаби, ёши қирқдан ошганлар умуман лотинча ўқишни ва ёзишни билишмайди. Аксарияти ўрганишни ҳам хоҳлашмайди. Бу ҳам майли, ёши олтмишдан ўтганлар-чи. Пенсионерлар учун мўлжалланган "Нуроний" газетасига ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг муассислигида чоп этилаётган "Ҳидоят сари" журналига асосан олтмишдан ошган юртдошларимиз обуна бўлишади. Агар келгуси йилдан барча газета ва журналлар лотин алифбосида чоп этиладиган бўлса, юқорида биз тилга олган газета ва журналга обуна бўлувчилар топилармикин? Яна бир эҳтимол, алифбони ўзгартириш пайтида умумхалқ муҳокамасига қўйиш мақсадга мувофиқ эмасмиди? Чунки ҳозирга қадар қарийб саксон йил мобайнида кирилл алифбосида ўқиб ўрганган қанчадан-қанча олимларимиз, академикларимиз кам бўлишмаган-ку. Бу билан мен лотин алифбосини ҳаётга жорий қилиш нотўғри деган фикрдан йироқман. Демоқчи бўлганим бунинг учун маълум бир давр, йиллар лозим бўлади деган фикрни айтмоқчиман, холос. Мутахассисларнинг айтишига қараганда, айни пайтда лотин алифбосида иш юритаётган Туркияда эллик йил давомида лотин тилига ўтилган экан. Бундан кўриниб турибдики, ўртада бир авлод ўтгандан сўнг бу алифбо ҳаётга жорий этилди. Бизда эса бор-йўғи нари борса ўттиз йилга яқинлашаяпти, холос. Натижада айни пайтда одамларимиз саводсизликни бошидан кечиришаяпти.
Шу ўринда айрим фикрларни айтиш ўринлидир. Лотин алифбосида ўқиётган ёшлар мактабларда рус тили фани ўқитилаётганлиги учун бемалол кирилл алифбосида ўқишади ва ёзишади. Аммо юқорида айтилганидек қирқ ёшдан ошган аҳоли қатлами лотин алифбосида ёзишни ҳам ўқишни ҳам билишмайди. Шундай экан, мутасадди ташкилотлар жойлардаги ҳокимликларга мажбурий тартибда қарор юбормасдан бу борада жиддий ўйлаб кўришларини истардик. Нима бўлганда ҳам халқ икки алифбода иш юритиб саводсиз бўлиб қолмасин. Бу бизнинг шахсий фикримиз эканлигини ҳам унутмаслик керак, азизлар!
ЖЎШҚИН.