МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Нодир Мирзаев 1985 йилда туғилган. 2007 йилда Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. Қарийб 15 йилдан буён 4-умумий ўрта таълим мактабида тарих фани ўқитувчиси сифатида ва айни пайтда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳозирга қадар ижодкор ўқитувчининг газетамизда 50 дан ортиқ тарихга алоқадор мақолалари чоп этилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, яқинда у ўзининг кўп йиллик изланишлари маҳсули ҳисобланган "Оқдарё тарихи" номли илмий, ўлкашунослик йўналишдаги рисоласини ёзиб тугатди. Газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб ушбу рисоладан намуналар бериб борамиз. Туманимиз тарихига алоқадор бўлган рисола сизларга маъқул бўлади деган умиддамиз.

Cўз боши

"Тарих  хотираси,  халқнинг,  жонажон  ўлканинг, давлатимиз ҳудудининг холис  ва  ҳаққоний  тарихини  тиклаш,  миллий  ўзликни  англашни,  таъбир жоиз  бўлса,  миллий  ифтихорни  тиклаш  ва  ўстириш  жараёнида  ғоят  муҳим ўрин тутади".  

И.А. Каримов,

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти.
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, барча соҳа шу қатори тарихий хотира ва ҳаққоний тарихни яратиш ва уни ёш авлод онгига ҳаққоний ва атрофлича сингдириш масаласи  муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган муҳим вазифалар ва тарихчилар олдига қўйилган масалалар шундан иборатки, асл манбаларга таянган ҳолда Ватанимиз тарихига янгича ёндашиб, қадимги даврдан то бизнинг замонимизгача бўлган тарихий жараёнларни ва воқеаларни ўрганишимиз зарур. Ўзликни англаш, энг аввало, ўз маҳалласи, қишлоғи, тумани, вилоятини тарихини ўрганишдан бошланади. Ўз тумани ва маҳалласини Ватан тарихидаги ўрни ва аҳамиятини ўрганиш орқали дастлабки ватанпарварлик туйғулари шакллана боради. Биз ана шундай муқаддас мақсадни амалга ошириш учун  ушбу маълумотларни тўпладик ва  кенг китобхонлар ҳукмига ҳавола этмокдамиз.  
Ҳозирги давргача Оқдарё тарихи яхлит тарзда ўрганилмаган, Окдарё тарихига оид  алоҳида биронта манба ёки қўлланма яратилмаган. Мана шу жиҳатдан ушбу китобни яратиш орқали туманимизнинг узоқ тарихинининг тумандошларимиз учун нотаниш жиҳатларини аниқ далиллар орқали очиб беришга ҳаракат қилдик. Мазкур масаланинг долзарблиги ҳам ана шунда.
Ушбу тадқиқот қуйидаги масалаларни ёритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
1. Окдарё заминининг энг қадимги давр тарихи ва маданияти, аҳоли манзилгоҳлари хусусида маълумотлар бериш:
2.  Ўрта асрлар даврида Оқдарё ҳудудиларида шаҳарсозлик ва ижтимоий иқтисодий воқеаларни ўрганиш ва унинг ватанимиз тарихидаги ўрнига баҳо бериш:
3.  Бухоро амирлиги даврида ижтимоий ҳаёт ва шаҳарларнинг ривожи, аҳолининг жойлашувига оид маълумотларни таҳлилий равишда баён этиш:
4.  Ўлка аҳолиси, ижтимоий иқтисодий ва маданий турмуш тарзининг ХIХ-ХХ аср бошларига оид статистик маълумотларни ўрганиш, тўплаш ва ёритиш:
5.  Мустабид тузумнинг жирканч сиёсати қурбони бўлган тумандошларимиз тақдири ва улар фаолиятининг ижтимоий иқтисодий тараққиётдаги аҳамиятига баҳо бериш:
6.  Оқдарё заминидан етишиб чиққан буюк шахслар фаолияти ва табаррук жойларнинг тарихий аҳамияти ва уларнинг Ватан тарихидаги аҳамиятини ёритиш, ҳудуднинг туристик имкониятларига атрофлича баҳо бериш: 
7.  Турли даврларда содир бўлган этник жараёнлар, халқларнинг жойлашуви, жой номлари ва уларнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш; 
8.  Таълим тизими ва унинг ривожланиш тарихи, даврий ўзгаришларини илмий асосда ёритиш ва таҳлил қилиш.
Бу масалаларни муаллиф ҳар томонлама ва тўлалигича ёритишга даъво қилмаган ҳолда, тадқиқотда аввал маълум бўлган манбалардаги маълумотлар таққослаш асосида ўрганилиб, маълум бир тизимда илмий узвийликни ҳисобга олган ҳолда баён килди.
Китоб матнида баъзи бир жойлар номлари ва шахслар исми шарифларини кўрсатишда айрим хатоликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Воқеаларни баён этишда ҳужжатлар ва манбаларга таянганлигини эътиборга олган ҳолда тўғри баҳо беришингизни сўраймиз.
Воқеаларни баён қилишда тарихийлик ва илмийликдан чекинмаслик, барча манбаларда келтирилган ҳудудий географик тушунчаларни бузиб кўрсатмаслик мақсадида, вилоят, уезд, волость, қишлоқ, шаҳар ва тепаликлар номлари китобхонларга манбаларда қандай ёзилган бўлса, шундайлигича етказилган.
Ушбу китобни яратишда тарих фанлари номзоди, Миёнқол тарихи тадқиқотчиси, устоз Комил Пардаевнинг туркум мақолалари ва "ХVI-ХVIII асрларда Миёнқол" номли рисоласидан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология Институти илмий кутубхонаси фондларидаги ноёб манбалар, илмий адабиётлардан, вилоят ва туман архив ҳужжатларидан, туман статистика бўлими маълумотларидан имкон доирасида фойдаланилди. 
Китобда келтирилган маълумотлар  илмий манбалар асосида ёзилиб, маҳаллий маълумотлар, халқ хотираларида сақланиб қолган оғзаки маълумотлар ушбу китобга киритилмади.
Оқдарё тарихини муайян қисми ўрганилган бўлсада, бу вазифани ҳали очилмаган сирлари бисёр, яқин келажакда Оқдарёнинг асл фарзандлари бу борада кенг кўламли илмий изланишларни олиб бориб, бундан-да катта ютуқларга эришишларига ишончимиз комил.

ОҚДАРЁ ТУМАНИНИНГ ГЕОГРАФИК ТАВСИФНОМАСИ

1.1. Оқдарё тумани ҳақида умумий маълумот:
Оқдарё тумани 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. 1962  йилда Иштихон туманига қўшиб юборилган ва Иштихон тумани деб юритилган. 1968 йилнинг 25 декабрида яна қайтадан ташкил этилган. Иштихон, Пастдарғом, Самарқанд, Жомбой, Пайариқ туманлари билан чегарадош. Туманнинг маъмурий маркази Лойиш шаҳарчаси. Аҳолининг кўпайиш даражаси ўртача туман ҳисобланади. Уларнинг асосий қисми ўзбеклар бўлиб, шунингдек, руслар, тожиклар, турклар, корейслар, татарлар, украинлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам истиқомат қилади. 
1.2. Табиати. Туман ҳудуди Зарафшон дарёсининг ирмоқлари - Қорадарё ва Оқдарё водийсида жойлашган. Оқдарё тумани ичимлик ва оқар сув билан таъминлаган «Оқдарё» номи билан аталган. Икки дарё ўртасида ҳосил бўлган орол Миёнкол номи билан машҳур. Унинг узунлиги 100 км, эни эса 10-15 км, майдони 1200 км2. Оқдарёнинг узунлиги 131 км, Қорадарёники эса 127 км. Оқдарёда паст қа-йирнинг кенглиги 0,1-1,0 км, баланд қайирники - 1,5-2,0 км. Қорадарёда эса қайирнинг умумий кенглиги 3,0 км га тенг. Ҳозирги пайтда дарё суви асосан Қорадарёдан оқади ва суғоришга кераксиз пайтда сув Қорадарё орқали Катта-қўрғон сув омборига ташланади. Ҳудуд ер ости сувларининг ер юзасига яқинлигини, айниқса дарёга яқин ерларда кузатиш мумкин. Оқдарё туманида бундай ҳолларни кўриш мумкин. Оқдарё тумани ҳудудига дастлаб Зарафшон дарёсининг бўлиниши қисмидан бошлаб (ҳозирда Бошдархон маҳалласининг чегара қисми) Иштихон туманининг Метан қўрғони ва қишлоқлари ҳам киритилган (ҳозирда Иштихон туманида). Ернинг устки қисмини дарёлар олиб келган аллювиал ётқизиқлар қоплаган. Рельефи, асосан ясси текислик бўлиб, шаркдан ғарбга нишаб. Зарафшон иқлими континентал. Шимол, шим.-шарқ ва шарқ томондаги тоғлар Арктикадан келувчи совуқ шамолларни тўсиб туради. Январнинг ўртача ҳарорати июлники 27- 28°. Йилига ўртача 200-300 мм ёғин ёғади. Вегетация даври 217 кун. Тупроқлари қадимдан суғориладиган 1-2 фоиз чириндили бўз тупроқ.

       ОҚдарё тарихига оид манбалар ва Ҳудуднинг

археологик Ўрганилиши

Ҳудудга тарихий-географик тавсиф:
Инсониятнинг қадим ўтмишига дахлдор Миёнкол ороли ва бу серунум воҳада жойлашган Окдарё ҳудудининг қадим тарихи, шаҳарсозлик маданияти ва иқтисодий ривожланишига оид бир қатор маҳаллий ва чет эл тадқиқотчиларининг илмий асарлари ва саёҳатномалари мавжуд.
Зарафшон дарёсининг ўрта оқимида, водийнинг марказий қисмида, хусусан Зарафшон ирмоқлари, Оқдарё ва Қорадарё оралиғида жойлашган ҳудуд қадимда Самарқанд Суғди, Ним Суғди, Суғди Хурд номлари билан аталиб, кейинчалик Миёнкол номи билан тарих зарварақларига кирган.
Ўлка тарихига оид археологик ва тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу заминда одамлар антик давр - яъни милоддан аввалги II-I асрлардан буён яшаб, шаҳарсозлик маданиятига асос солишган.
Оқдарё ҳудуди тарихига оид манбалар орасида айниқса Абдулбақо ибн Ба-  ҳовуддиннинг "Жоме ул мақомат", Абу Тоҳирхожанинг "Самария", Ибодулла ва Муҳаммад Шарифларнинг "Тарихи Амир Ҳайдар", Муҳаммад Шариф ибн Амир Дониёлбийнинг "Гулшан ал-мулук", Муҳаммад  Ҳакимхон ибн Маъсумхоннинг "Мунтахаб ат-таворих" каби маҳаллий тарихчилар асарларида, жумладан қадимги Хитой манбалари Хан ва Тан сулолалари даврида яратилган тўпламларда Кушон давлати, унинг таркибига кирувчи қадимги Суғд ва Зарафшон воҳасида жойлашган аҳоли манзиллари ҳақида маълумот берилади. Бу йилномаларга Тан сулоласи даврида ёзилган "Бейшу", "Сейшу" ва "Таншу" каби асарларни келтиришимиз мумкин. Бу манбаларга Кушон давлати билан доимий алоқада бўлган қадимги Суғд шаҳарлари Кумушкенттепа ва Иштихон ҳақида маълумотлар келтирилади. Ундан ташқари Х асрда яшаган араб сайёҳи Ибн Хавкал кундаликларида ва венгер сайёҳи ва тарихчиси Херман Вамбери саёҳатномаларида бир қанча маълумотлар сақланиб қолган. Ўрта Осиё ҳудуди Россия томонидан босиб олингандан кейинги даврда рус этнограф, археолог ва тарихчи олимлари томонидан турли илмий экспедициялар жараёнида Зарафшоннинг энг тараққий топган ҳудуди Миёнколнинг қадим тарихи чуқурроқ ўрганилди. Миёнколнинг қадимги тарихини ўрганишда Г.А.Пугаченкова, А.П.Федченко, В.Л.Вяткин, Л.Н.Соболев, И.М.Вирский, В.В.Родлов, К.Е.Бедников, Л.В.Павчинская,  М.Ростовцев каби олимларнинг хизматлари ва улар яратган асарлар муҳим ўрин тутади. Шу ўринда Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман топшириғи билан тузилган "Туркистон тўплами" деб номланган махсус тўпламда Зарафшон воҳаси ва унинг туманлари тарихи, табиати, иқлимига оид қимматли маълумотлар келтирилган. Оқдарёнинг қадимий тарихига оид энг асосий манба сифатида Германия ва Италия Фанлар Академиясининг Ўрта ва Яқин Шарқ бўйича мутахассиси, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги Г.А.Пугаченкованинг 1989 йил Тошкентдаги "Фан" нашриётида нашр қилинган "Древности Мианкаля" деб номланган китобида Оқдарёнинг антик давр ва илк ўрта аср тарихига оид аҳоли манзиллари ва шаҳарлари ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
Миёнкол ҳудудини археологик ўрганилиши хусусида тўхталадиган бўлсак, ушбу ҳудудни ўрганиш Россия ва Ўзбекистон Фанлар Академияси археология институтлари археологлари томонидан 1961 йилда бошланди. Бу экспедициянинг қазиш ишлари Даҳбеддан то Зирабулоққача давом этди. Экспедициянинг асосий ўрганиш объекти Кумушкент қишлоғида жойлашган Катта Кумушкенттепа манзили бўлди. 1962-1963 йиллардаги археологик текширишларда ҳам Кумушкенттепанинг маданий қатламлари ўрганилди. Археологик тадқиқотлар натижасида топилган моддий ва ашёвий манбалар асосида Миёнкол қадимги Суғднинг энг асосий марказларидан бўлганлиги ўз илмий исботини топди. Ўзбекистон Фанлар Академияси археология институтининг Миёнколни ўрганишга юборилган гуруҳи 1974 йилдан то 1983 йилгача археологик қазиш ишларини давом эттириб, юздан зиёд аҳоли манзилларини қазиб ўрганди. Мазкур қазиш ишларида машҳур рус археологи В.Л.Вяткин, Б.И.Маршак, А.Ю.Якубовс-кийлар фаол иштирок этди. Оқдарё ҳудудидаги манзилгоҳларнинг энг асосий қисми илк ва ривожланган ўрта асрларга тўғри келиб, энг қадимги манзилгоҳ Кумушкенттепадан бошланиб, VII-VIII асрларда ўтроқ манзилгоҳларнинг кўпайиши кузатилган. 
Зарафшон дарёси Самарқанд шаҳрининг шимоли-шарқида,Чўпонота тепалиги ёнидаги сув айиргич (тўғон)дан икки тармоққа бўлинади. Шимол тарафидаги тармоқ Оқдарё, жанубидаги эса Қорадарё деб аталади (форсий манбаларда Оқдарё "Дарёйи сафед (Кичик дарё), Қорадарё эса "Сиёҳоби калон",  "Сиёҳоби бузург" деб ҳам аталган). Баъзи бир тарихчи ва географ олимларимизнинг фикрларига кўра,  Қорадарё атамаси  "Катта дарё",  Окдарё эса "Кичик дарё" маъноларини англатади. Лекин, шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Зарафшон дарёсининг Чўпонота тепалиги ёнидаги сув айиргичдан икки тармоққа ажралишида Окдарё ўнг тармоққа ажралиб, унинг суви димланиб, секинроқ ва тиниқроқ оқади. Қорадарё эса чап тармоққа ажралиб, жар ёқалаб, шиддат билан лойқаланиб оқади.
Оқдарёнинг узунлиги  130 км.ни, Қорадарёники эса 127 км.ни, улар орасидаги оролнинг энг кенг нуқтаси  Қорадарёнинг чап  қирғоғида жойлашган Довул қишлоғи ҳудудига тўғри келиб, 15 км.ни ташкил этади. Унинг ҳудуди оқим бўйлаб қисқара борган. Бу икки тармоқ Навоий вилоятининг Хатирчи тумани ҳудудида яна ирмоқ сифатида бирлашиб, орасида ҳосилдор Миёнкол оролини пайдо қилади. Оқдарё Суғд туманининг жанубий, Офаринкент туманининг шимолий қисмини, Янгиқўрғон туманининг Янгиқўрғон ва Одил амлоклиги далаларини,  Митан  тумани  далаларини ҳамда  Каттақўрғон  ва Пайшанба туманларининг баъзи бир ҳудудларини сув билан таъминлаган. Қорадарё эса Офаринкент тумани далаларининг асосий қисмини, Янгиқўрғон тумани Янгиқўрғон амлоклигининг далаларини, Каттақўрғон ва Пайшанба туманлари далаларининг асосий қисмини сув билан таъминлаган.
Бу ҳудудга зарур бўлган сувни етказиб бериш учун кўпчилик майда ариқ- лардан ташқари, Оқдарёнинг чап, Қорадарёнииг эса ўнг қирғоғидан бош оладиган бир неча асосий катта ариқлар хизмат қилган. Бу ариқлардан бир нечтасини К.Пардаев маълумотларига таяниб мисол сифатида келтириб ўтамиз. Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Манғитлар сулолалари даврида барпо қилинган  ва асрлар  оша  қайта  таъмирланиб,  тозаланиб  келинган  бу  ариқлар XIX асрнинг 70-йилларида рус тадқиқотчилари В.В.Радлов ҳамда Ҳ.Соболевлар томонидан ўрганилиб, руйхатга олинган.
Офаринкент ариғи - Қорадарёнинг ўнг қирғоғидан бош олиб, 15-20 чақиримча оқиб, Найманча мавзеси яқинигача борган. У асосан Қипчоқ Янгиқўрғон"(у ХIХ аср хариталарида шундай деб кўрсатилган, сабаби Жиззах (Илон ўтди) ёнидаги Янгиқўрғондан ажралиб туриши учун) шаҳарчасини далаларини суғориш учун хизмат қилган. Шохоб ариғи - Оқдарёнинг чап қирғоғидаги  Дархон қишлоғи ҳудудидан бош олиб, Қорадарёнинг ўнг  қирғоғидан  бош оладиган Жуйи Девона  ариғига  қуйилган. Ариқнинг узунлиги 16 чақирим бўлиб,  сувининг чуқурлиги 1,5 метрни ташкил этган. Бу ариқ ХVI асрнинг биринчи  ярмида Махдуми Аъзам бошчилигида ҳашар йўли билан барпо қилинган. Чалпанчи ариғи Даҳбед шаҳри яқинида Оқдарёнинг чап қирғоғидан бош олиб, Норалтепа (Жар қишлоқ) ҳудудида яна Оқдарёга қуйилган. Ариқнинг узунлиги 8 км. бўлиб, сувининг чуқурлиги 70-80 см.ни ташкил этган. Ариқ Самарқанд беги Иброҳим парвоначи буйруғига биноан барпо қилинган.
Қиёт ариғи - Оқдарёнинг чап қирғоғидаги Тарнов қишлоғи ҳудудидан бош олиб, Жуйи Девона ариғига қуйилган. Ариқнинг узунлиги 8 км.ни, чуқурлиги эса ўртача 1 метрни ташкил этган. Қачон қазилганлиги номаълум. 

Давоми бор.

                                                         Нодир МИРЗАЕВ,
                              4-мактаб тарих фани              ўқитувчиси.