МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Ўлкада олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида маълум бўлишича, Оқдарё тумани ҳудудидаги энг қадимги аҳоли манзилгоҳи Оқдарёнинг юқори ва ўрта оқимида жойлашган Офаринкент туманида жойлашган Кумушкенттепа ёдгорлиги бўлиб, милоддан аввалги II-I асрларга оид маданий қатламлар топиб ўрганилган. Археолог В.Л.Вяткиннинг маълумотига кўра, мўғуллар ва Темурийлар даврида ҳам Кумушкуент баланд, мустаҳкам девор билан ўралган қўрғон бўлган. Кумушкенттепада 1961, 1962, 1971 йилларда археологик тадқиқотлар олиб борилган.
Археологик манбаларнинг гувоҳлик беришича, Зарафшон дарёси икки сойга: Оқдарё ва Қорадарёга ажратилган жойдаги оролнинг юқори қисмида жойлашган ҳудуд Суғуди Калон номи билан аталиб, ўрта асрларнинг иккинчи давридан бошлаб бу ҳудуд Офаринкент музофоти номи билан манбаларда қайд этилган. Ана шу ҳудудда жойлашган тарихчилар "антик давр" деб тилга олган давр яъни милоддан аввалги IV ва милодий IV асрларни ўз ичига олган даврда дастлабки зироатчилик билан шуғулланган одамларнинг манзилгоҳи Кумушкенттепа мустаҳкам мудофаа девори пахса лойдан бунёд этилган. Археологлар деворларнинг қурилиш услуби ва лой ғиштларнинг ҳажмини, шаклини солиштириб, бу манзилгоҳни милоддан аввалги II-I асрларга хос деган хулосага келдилар. Миёнкол қадимдан аҳоли яшаб келган  ҳудудлардан  саналган. А.Р.Муҳаммаджоновнинг  кўрсатишича, Зарафшон водийсининг ўрта қисмида жойлашган бу ҳудудда аҳоли ўрта тош даври - Мустье (мил.авв.100-40 минг йиллар) босқичидан бошлаб яшаб келган. Миёнкол ҳудудларида археологик тадқиқотлар олиб борган олима Г.А.Пугаченкова шундай ёзади: "Миёнкол ҳудудлари жуда ҳосилдор, сув билан яхши таъминланган, деҳқончиликка қулай бўлиб, қадимдан аҳоли яшаб келган жойдир. Миёнкол алоҳида маъмурий бирлик сифатида маҳаллий аҳоли томонидан Ним Суғда деб аталган. Оқдарёнинг шимолидан то яқиндаги тоғгача бўлган ҳудуд - Суғди Калон деб юритилган. "Ним Суғда" ва "Суғди Калон" атамалари қадимий топонимлар сирасига кириб, шубҳасизки, бу ҳудуд аҳолиси Суғдиёна аҳолиси билан бир хил бўлган".
Археологлар Кумушкенттепа манзилгоҳи ривожланиш тарихини олти даврга бўлиб ўрганади. Манзилгоҳдан топилган сопол буюмлар тури ва ясалиш услуби жиҳатидан қадим Афросиёб, Бактрия ва Суғдиёнанинг анъаналарини айнан такрорланганлигини гувоҳи бўлишган. Тадқиқотчилар диққатини тортган энг асосий жиҳат бу маданий қатламлардан  қазиб олинган буюмлар орасида ошхона услубидаги сопол идишлар: кичик ликопча, йирик кўринишдаги бакаллар ёки ҳозирги ишлатиладиган пиёла кўринишидаги идишларнинг Кумушкенттепа массивидан топилиши бошқа ҳудудларда такрорланмайдиган жиҳатлардан бири бўлди. Оқдарё туманидаги  археологик ёдгорликларнинг моддий маданияти   ҳақида сўз кетганда бу ердан топилган  кулолчилик маҳсулотлари ҳақида алоҳида  тўхталмоқ лозимдир. Маълумки, бу ердан   топилган кулолчилик маҳсулотлари  ёдгорликларининг  даврини ҳунармандчилик ва  тараққиёт даражасини аниқлашда муҳим  аҳамиятга эга эканлигини инобатга оладиган  бўлсак, уларнинг қадри янада ошади.  Тадқиқотлардан шу нарса маълумки, антик  давридаёқ  бу ерда кулолчилик ўзининг юксак чўққиларига  кўтарилганидир. Бу даврда ясалган сопол  идишлар ўзининг сифати шаклланиши ва  безалиши билан бошқа  даврларга оид споол  идишлардан ўзининг сифати, шаклланиши ва  безалиши билан ажралиб  туради.  
Кумушкент номининг келиб чиқиши масаласида Миёнкол ҳудуди тадқиқотчиси Г.А. Пугаченкова қуйидаги фикрни билдиради: "Кумушкенттепа дастлабки шаҳар-қўрғонлардан бири бўлиб, бу қўрғонни бунёд этган ҳукмдор яъни Кумуш-ой номига аталган". Халқ ривоятларида, ҳудуд дастлаб Кумушкон номи билан юритилганлиги айтилади.
Кумушкенттепа манзилгоҳининг биринчи даври Ахмонийлар даврига тўғри келади. Иккинчи даври эса Юнон-Бактрия давлати ҳукмронлиги даври маданиятларини ўз ичига олган.
Қадимги Суғддаги энг қадимги шаҳарсозлик маданияти қарор топган бу манзилгоҳда антик ҳунармандчиликнинг ўзига хос услуби яратилган. Милоддан аввалги II-I асрларда марказий Осиёда вужудга келган Канғ давридаги Суғд шаҳарсозлик маданиятининг асосий намунаси сифатида Кумушкенттепа -III  манзилгоҳи ҳисобланган.
Археологик тадқиқотлар натижасида Миёнколнинг энг қадимги қўрғонлари мудофаа деворларини мустаҳкамлиги билан ажралиб туриши, ўзига хос қурилиш маданияти вужудга келганлиги маълум бўлди.
Ҳозирги Оқдарё тумани ҳудудида Кумушкенттепадан ташқари қадимги даврга оид яна бир нечта аҳоли манзилгоҳлари, кичик-кичик шаҳар кўринишидаги маконлар топиб ўрганилган. Бу манзилгоҳлардан бири ҳозирги "Оқдарё" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига қарашли Олчинтепа массивидир. Милодий I-II асрларга оид бўлган ушбу шаҳарчанинг атрофи пахса девор билан ўралган бўлиб, унинг ҳажми 158х132 м.ни ташкил этган. Археологик тадқиқотлар ва Миёнкол экспедицияси ҳужжатларида маълумот берилишича, Олчинтепа кичик шаҳарча бўлиб, Суғд-Канғ даврининг ўрта босқичида пайдо бўлиб, илк ўрта асрларда йирик қўрғонга айланган.
Қадимги даврга оид яна бир аҳоли яшаш манзили ҳозирги Янгиқишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Янгиқишлоқ ҳудудида жойлашган Кураштепа манзилгоҳидир. Ушбу манзилгоҳ аҳолиси антик даврининг охирги босқичида яъни милодий III-IV асрларда зироатчилик билан шуғулланган ўтроқ аҳоли яшайдиган қўрғон кўринишида бўлиб, атрофи пахса девор билан ўралган.
Миёнколдаги қадимги даврларга оид аҳоли манзилгоҳлари ва ёдгорликларининг кўпчилик қисми ҳозирда тепалик кўринишида сақланиб қолган. Археолог олимларнинг фикрича, Миёнколда пайдо бўлган маданий ёдгорликларнинг умумий ёши 2000 йилдан зиёд бўлиб, ер юзидан пастга қараб беш метр қалинликдаги тупроқ қатламида бой маданий ва моддий қатлам мавжуд.
Ўрганилган ва тўпланган археологик маълумотлар шундай хулоса берадики, Эрон Ахмонийлари босқини даврида бошланган Оқдарё шаҳарсозлик маданияти тарихи ҳар бир даврда энг муҳим марказлар сифатида ривожланиб борди.
     
ЎРТА АСРЛАР ДАВРИДА ЎЛКАНИНГ 
маъмурий-Ҳудудий тузилиши
Миёнколнинг антик даврида пайдо бўлган ўзига хос шаҳарсозлик маданияти, ўрта асрлар даврига келиб, ўзгача қиёфада кенг ривожланди. Бу даврга оид манбалар VII-VIII асрлар яъни илк ўрта асрлардан ҳозирги Оқдарё ҳудудида кўплаб археологик ёдгорликлар пайдо бўлганлигидан дарак беради. Миёнколнинг ўрта аср шаҳарлари ҳақида араб сайёҳи Ибн Ҳавкал, Истахрийлар маълумотлар қолдирган. Географ  Истахрийнинг саёҳатномасида, ҳозирги Оқдарё тумани ҳудудида Мўзонтепа, Тошмозортепа, Чорвоқтепа, Кураштепа, Дўстепа, Бойтепа ва Равоттепа каби йирик аҳоли марказлари ва шаҳар кўринишидаги манзиллар бўлганлиги тўғрисида маълумотлар қолдирган. 
Қишлоқ манзилгоҳлари.
Биз юқорида Оқдарё туманидаги археологик ёдгорликларнинг таҳлилига тўхталганимизда, бу ерда жойлашган археологик ёдгорликлар якка ҳолда ёки ёнида кичикроқ ҳовлиси мавжуд бўлган тарихда сақланган тепаликлардир. Маҳаллий аҳоли уларни "Тепа" деб атайди, уларнинг номлари кўп ҳолларда уларнинг шакли (Каттатепа) ёки кўриниши (Оқтепа) билан боғлиқ равишда пайдо бўлган.
Маҳаллий аҳоли орасида бу тепалар билан боғлиқ кўпгина ривоятлар яшаб келади. Бу ривоятларнинг аксариятида тепанинг ичида бир неча сандиқда олтинлар борлиги, бу олтинларни улкан илон ёки аждарҳо қўриқлаши айтилади. Яна баъзи бир афсоналарда тепаликнинг ичида гўзал бир қиз яшаши, уни ёвуз дев қўриқлаши ҳам айтилади. Агарда бу ривоятларни бир четга суриб қўйиб, илмий назар билан қарайдиган бўлсак, бу тепалар илк ўрта асрларда якка ҳолда ёки ҳовлиси билан бирга барпо қилинган йирик мулк эгасиники эканлиги аён бўлади. Одатда бу ёдгорликларнинг шакли квадрат, тўртбурчак ёки барпо қилинган жойнинг табиий рельефи билан боғлиқ равишда чўзинчоқ ҳамда думалоқ бўлади. Қишлоқ манзилгоҳларининг деярли барчасининг атрофи баланд мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Катта ер эгасининг уйлари эса баланд ва мустаҳкам қилиб қурилган бўлиб, атрофида ҳовлиси ҳам мавжуддир. Маълумки эрамизнинг III -IV асрларида "Қовунчи маданияти" деб ном олган маданиятига эга бўлган қабилалар қириб келадилар.
Бу даврда Сўғд кўмакчилигида "Қовунчиликларга" хос бўлган белгилар пайдо бўлади ва янги қишлоқ - манзилгоҳлар барпо қилинади. Бу манзарани бир Қўшработ туманидаги қишлоқ манзилгоҳларида ҳам учратамиз. Эрамизнинг VI -VIII асрларига келиб Сўғдиёна қудратли Турк хоқонлиги таркибига киради ва шу даврда ҳунармандчилик, деҳқончилик, суғориш тармоқларида савдо-сотиқ меъморчиликда юксак тараққиёт юз берганлигнин гувоҳи бўламиз. Айнан шу даврга келиб Сўғд  ҳудудларида қишлоқ манзилгоҳларнинг сони кескин ошганлигининг гувоҳи бўламиз. Шунга мос равишда деҳқончилик ва чорвачилик ҳам ривожланиб боради. Қўшработ туманида сақланган қишлоқ манзилгоҳларининг кўпчилиги эрамизнинг VII асрларида пайдо бўлганлиги ҳам юқоридаги фикрни исботлаб турибди. Шуни афсус билан қайд этиш лозимки, Оқдарё туманидаги қишлоқ манзилгоҳлари жуда кам ўрганилган. Уларнинг айримларига стратегик қирқимлар солинган бўлса-да, тўлиқ очиб ўрганилганлари кам. Оқдарё тумани марказида жойлашган Кумушкенттепа ёдгорлиги анча яхши ўрганилган. Биз қуйида ушбу ёдгорлик ва унда олиб борилган археологик тадқиқотлар ҳақида батафсил тўхталмоқчимиз.
Давоми  бор.
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактаб тарих фани ўқитувчиси.