ЙЎРГАКДАН БОШЛАБ "ГАДЖЕТ" КЎРИШНИНГ ХАТАРЛАРИ

Ёш боланинг смартфон, айфон, компьютер ёки телевизор кўриши мумкинми? Унинг бола организмига қанчалик зарари бор? Нега зарарли? Бу каби саволлар ота-оналарни ташвишга солиши табиий. Бу саволларга ўзига яраша ҳар хил жавоблар мавжуд. Яқинда бу муаммо бўйича Америка Қўшма Штатлари Дрексел Университетининг психолог-олимлари бир қанча қизиқарли маълумотларни матуботда чоп этдилар.
Олимларнинг кўплаб хулосалари ота-оналарга ёқмаслиги аниқ, чунки экранга эга бўлган (планшет, смартфон, айфон, компьютер, телевизор ва ҳ.з.лар) ҳар хил гаджетлар ҳозирги кунда энг ёш палладаги болаларнинг ҳам севимли ўйинчоғига айланиб бормоқда. Ҳеч кимга сир эмас, ёш болалар экранорти дунёсига шўнғиб, ота-оналари учун мураккаб ва қийин бўлган тарбия муаммосини енгиллаштирмоқдалар, ота-оналарини кам безовта қилмоқдалар.
Оила портрети ва 
изланишлар деталлари
Олимларда ҳатто бундай оиланинг коллектив портрети ҳам мавжуд. Одатда, бундай оилалар ёш, энди тўнғич фарзандларини тарбиялаётган бўладилар. Кўпчилик ёш оилаларнинг даромадлари камроқ (аммо, ҳар қандай шартли камбағал оилада ҳам қимматбаҳо айфон олишга доимо пул топилади), билим даражаси эса янада камроқ бўлади. Шу жумладан, бундай оилаларда ёш оналар кўпинча туғруқдан кейинги депрессияга дуч келадилар.
Хўш, олимлар нимани аниқладилар? Психологлар бир ёшдан уч ёшгача бўлган 1471 болани (ўғил ва қизлар тенг) ўргандилар. Дастлаб, улар болалардаги "экран вақтини" ҳисобладилар. Бу ибора билан олимлар ёш болаларнинг ТВ, гаджет, айфон, смартфон экрани олдида ўтказган вақтини изоҳладилар. Бир ёшлик болаларда (уларнинг аксарияти видеога боғланган) ушбу фактни баҳоладилар: бола экранда бирор нарса кўряптими ёки йўқ? Бир ярим ёшдан (18 ой) икки ёшгача бўлган болаларда эса, асосан соатларда экранга қараш вақтини аниқладилар. Кейин психологлар 33 ойлик барча болаларни, яъни салкам уч ёшлиларни ўргандилар. Экран билан тарбиялаш нималарга олиб келишини баҳоладилар. Психологлар гўдакдар сенсорли информацияни қандай қабул қилишини ва ҳазм қилишини ўргандилар.
"Сенсор қабул" деган ақлли атама ичида маълум бир аниқ маъно англашилади: улар ташқи таъсир воситасида ўзларининг сезги органларидан кўриш, эшитиш, ҳид ва таъм билиш ва тери рецепторлари (тактиль сезги) орқали оладиган ахборотларга қандай муносабатда бўладилар? Масала оддий ва жўн кўринган билан, аслида муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу сенсор органлари биз атроф-дунёни қандай қабул қилишимизни белгилайди.
Экранга боғланганлик 
мевалари
Кўплар учун ҳайратланарли ҳодиса, бироқ болаларда айнан шу ахборотлар бузилган бўлади. Кўп ҳолларда бундай ҳолат аутизмда, шифокорлар тили билан айтганда, аутистик диапазоннинг тартибсизлигида намоён бўлади. Бунга ўхшаш муаммолар бир нечта, аммо уларнинг ўхшашлик белгилари бор. Психологлар фикрича, сенсор маълумот(ахборот)ларнинг бузилиб, қабул қилиниши, болалар учун келажак ҳаётларида гиперфаоллик, аутизм, диққат етишмовчилиги каби синдромлар ривожланишига олиб келади. Психологлар худди мана шу сенсор маълумотлари бузилишини, йўргакдан бошлаб ТВ, смартфон, айфон, компьютер, ноутбок ва ҳ.з.ларни кўраётган болаларда аниқладилар. Қанча кўп экранга қараса, шунча реал ҳаёт бузилиб кўринар экан.
У ўзини қандай намоён этиши мумкин, деган савол туғилади. Масалан, бола қандайдир ёрқин рангдан ёки унинг тони(ранг ўзгариши)дан ўзини олиб қочади. Ўтли жой ёки қумда ялангоёқ юра олмаслик - бу ҳам сенсор сезгилар ёки терининг тактил рецепторлари воситасида маълумотнинг бузилиб қабул қилиниши натижасидир. Озиқ-овқатларнинг ҳиди, таъмига муросасизлик, уларни ҳазм қила олмаслик ҳам шу каби симптомлар қаторидир. Аҳён-аҳёнда эса мутлақо тескари ҳол, яъни ёрқин ёруғлик, ёқимсиз овозлар, оғриқлар сезгининг хиралашиши билан биргаликда намоён бўлиши мумкин.
Нима қилмоқ керак?
Муаллифлар шундай хулосаларга келмоқдаларки, йўргакдан видеореаллик билан танишиш ҳаётдаги реал ҳаққонийликни бузиб қабул қилинишига олиб келмоқда. Шунинг учун муҳтарам ва азиз ота-оналаримизга қимматли маслаҳатимиз шуки, биринчи навбатда гўдакларни видеореалликдан "ўчириш" (кўришга қатъиян рухсат бермаслик) лозим. Масалан Аррle Cтив Жобс ўз фарзандларига гаджетлардан фаол фойдаланишга рухсат бермаган. Нега ундан ибрат олмаяпмиз? Тўғри, бунга боланинг аччиқ кўз ёшларисиз эришиб бўлмайди. Бундай ҳолатда бола билан вақт чегараси ҳақида келишиб олиш керак ёки смартфонга "ота-оналар назорати" функциясини қўйиш керак, чунки айфон ёки смартфон ушбу дастур ёрдамида маълум муддатдан кейин автоматик тарзда ўчиб қолади. Натижада боланинг айфон ёки смартфонга қизиқиши йўқола боради ёки ҳеч бўлмаса пасаяди. 
Қоида тариқасида айтганда, ота-оналар учун энг оддий усул бу гаджетни олиб қўйишдир. Масалани бу йўсинда ҳал қилишдан олдин, ўрнига нима бериш ҳақида ўйлаб кўриш керак бўлади. "Болага муқобил эрмак топмай туриб, уни завқдан маҳрум қилиш ҳам тўғри эмас. Ҳар қандай болада ўзига хослик бор, қайсики, ўзига ёққан бирор машғулотдан кўзларида "ялт" этиб ўт чақнайди. Бу ёғочга ишлов беришми, сайр қилишми, сузишми, расм чизишми, фотографиями ва ҳ.з.лар",- дейди психолог Ирина Кустова.
Видеоўйинларга кўп қизиқиш орқали муаммолар келтирувчи болаларга эса психолог ёрдами зарур бўлади.
Энг яхшиси, болаларингиз билан жонли мулоқот қилинг, улар ҳаётни гаджет (смартфон, айфон, компьютер, ноутбок ва ҳ.з.) экрани орқали дунёнинг бузилган расмлари воситасида эмас, Сиз билан бевосита мулоқот асосида ўргансинлар.
Рус тилидан Собир АМИРОВ таржимаси.
"Мир новостей" ҳафталиги. 2024 йил 31 январь 5-сон.