Жамият ва қонун

ДАРАХТЛАР ОРАСИГА ЭКИЛГАН 52  ТУП “КЎКНОРИ”


Жорий йилнинг 16 май куни туман ИИБ ходимлари томонидан “Қорадори - 2020” махсус тадбири давомида тумандаги “Оқдарё” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Тепа” қишлоғида яшовчи Тошбуви Турдиева (исми ва фамилияси ўзгартирилган)нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Тадбир давомида  Тошбуви Турдиева яшаш уйининг ер томорқасидаги терак дарахтлари орасига таъқиқланган, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган 52 туп “кўкнори” гиёҳвандлик ўсимликларини келгусида ўзининг истеъмоли учун қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланди.

Судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Тошбуви Турдиева ўзининг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, 2020 йил март ойининг бошларида марҳум турмуш ўртоғи У.Н.дан қолган “кўкнори” гиёҳвандлик ўсимлигининг уруғидан олиб ҳовлисининг томорқа майдонига ўзи экканлигини, ҳозирги кунга қадар ўсимликни парвариш қилиб келаёт-ганлигини тан олди. У анча йиллардан буён қандли диабет касаллигига чалиниб, ушбу касаллик билан оғриб келаётганлиги сабабли даволаниш учун 52 туп “кўкнори” гиёҳвандлик ўсимлигини ўзи экиб, парваришлаб, суғориб ва бегона ўтлардан тозалаб келаётганлигини, ўғли Х.У. унга бир неча маротаба “кўкнори” гиёҳвандлик ўсимлиги экмаслигини айтганлигини, у унга қандли диабет касаллигига даво бўлишини айтиб, ўзини соғлиғи учун истеъмол қилиш мақсадида экканлигини, ҳозирги кунда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.

Суд, судланувчи Тошбуви Турдиевани содир этган жиноятини қасддан содир этилган ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят деб ҳисоблаб, унинг ўз айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан амалда чин кўнгилдан пушаймонлигини, аёл киши эканлигини, оилавий шароитини, кекса ёшда эканлигини, “Оқдарё” МФЙ томонидан берилган кафолат хатини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини унинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир қилганлигини жавобгарликни оғирлаш-тирувчи ҳолат деб топди.

Судланувчи Тошбуви Турдиевага Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддасининг 1-қисми билан муддати 1 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

          Б.АЛИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси.


И.ДОНИЁРОВ,

 жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.

Мавзуга оид: