Самдти 2-клиникаси (болалар хирургияси маркази) мутахассисларининг қишлоқ аҳолисига оталиқ ёрдами

Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 2022 йил - "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" Давлат дастурида аҳоли саломатлигини мус-таҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида тиббиёт ходимлари ўз олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишга киришдилар. 
Шу мақсадда СамДТИ дипломдан кейинги таълим факультети болалар хирургияси, анестезиологияси ва реаниматологияси кафедраси профессори Ж.А.Шамсиев бошчилигида юқори малакали мутахассислардан иборат иккита ишчи гуруҳ яқинда Оқдарё туманида бўлишиб, туманнинг олис қишлоқларидан кўп тармоқли марказий поликлиникаларига таклиф этилган болаларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Бунда асосий эътибор хирургик касалликлари ва туғма нуқсонли болаларни аниқлашга қаратилди. Ишчи гуруҳлари таркибида болалар хирурглари, УТТ мутахассиси, болалар гинекологи ва врач-ортопедлар ҳам иштирок этишди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикда жами 300 нафарга яқин болалар қамраб олинди. Кўрик пайтида 51 та хирургик касалликлари бўлган бемор болалар аниқланиб, уларни Болалар хирургияси марказига соғломлаштиришга тавсия этилди. Беморлар рўйхатининг бир нусхаси туман тиббиёт бирлашмаси бош врачига қолдирилди.
З.М. Махмудов,
тиббиёт фанлари номзоди.   
Н.И.Байжигитов, ассистент.