Замонавий эртак
Марҳум светофорлар
(замонавий эртак)
Роса бир йил муқаддам Лойиш шаҳарчасидаги энг катта кўчанинг икки ёқасида, одамлар, машиналар гавжум жойда иккита дўст – иккита иноқ светофорлар яшар эканлар. Улар доимо хушчақчақ, кўзларини очиб-юмиб бир-бирлари билан салом-лашар, ҳол-аҳвол сўрашар, ҳайдовчиларга йўл кўрсатиб, йўловчиларни соғ-омон кузатиб, элга қилган хизматларидан мамнун яшарканлар. Туманимиз халқи, бозорчилар, ўқувчилар, ГАИлар, ҳатто ҳокимлар ҳам уларга қараб, салом бериб ўтишар, буйруқларини ҳамма одам сўзсиз бажараркан.
Ё, раб, бир куни қўлларида бир парча қоғоз кўтарган “доротдел”чилар сариқ аждаҳони бошлаб келибдилар-у, уларнинг танасини таг-туби билан суғуриб ташлабдилар. “Кўчаларингни кенгайтирамиз, маза қиласизлар, яна жойларингга тиклаб қўямиз” дебдилар.
Эй, худо алдамаган бўлишсин-да, мана бир йил ўтяптики, уларнинг руҳи осмонда учиб юрибди. “Банданинг руҳи жон берган жойидан кетолмайди” деганлари рост экан. Светофорлар ҳам жон берган жойларидан кетолмади. Уларнинг руҳи ҳозир ҳам безовта, одамларнинг, автомашиналарнинг ҳаракатларидан хавотирда яшамоқда. Гапирай деса тили йўқ, қарай деса кўзи..., кўринай деса жисми йўқ. “Дод”лай деса овози...
- “Жим!”- деди бирдан у светофорнинг руҳи бунисига: “Додлама! Ёнингда ИИБ турибди, эҳтиёт бўл, шукур қил, бир кун тиклаб қўйишар, қайтадан яшармиз”.
-Ўзинг-чи, - деди бу светофорнинг руҳи унисига, сен ҳам эҳтиёт бўл, Прокурорнинг, Суднинг ёнгинасида турибсан, руҳимизга ҳам ҳукм ўқиб қўйишмасин, инсоф қилиб, ишимизни қайта кўриб чиқишар, қаддимизни тиклаб олармиз?
- Ҳай, билмадим-да, “Оқдарё овози”дагилар бир неча марта овоз чиқариб бизни эслади, лекин, ў-ў-ртамизда турган ҳоким бобо ҳам жим-ку?
- Топдим! Дўстим, раҳбарларнинг тушига кириб қўрқитсак-чи, а...? Одамлар ўляпти, автоҳалокатлар бўляпти деб. Ахир бор гап-ку бу!
- Бе, ўнгида қўрқмаган тушида қўрқармиди? Раҳбарлар пиёда юрмайди, машиналарига ҳамма жойда йўл очиқ. Гапга қулоқ солсанг-чи, ҳой, нима бўлди, нега чинқирасан?!
- Чинқирмай нима қилай, бир болани машина уриб кетай деди, йўллар авто бозор бўлиб кетди-ку...
- Тавба де, ўпкангни бос, бу бандаларга жавраганинг билан фойдаси йўқ. Дўстим, кел, яхшиси, Аллоҳга сиғинайлик...бошқа иложимиз қолмади.
Ваниҳоят, икки дўст тавба қилиб, Аллоҳга сиғинибдилар: - Аллоҳим, йўловчиларимизни, ҳайдовчиларимизни ўз паноҳингда асрагин. Илтижо қиламиз, бизнинг руҳимизни қўллаб, жонимизни киритгин, танамизни тиклаб, аввалги жойимизга қайтаргин. Савоб йўлида озроқ чиқим қилишни карвонбошиларимизнинг кўнглига солгин.
Шу ҳодисадан сўнг, тумандаги барча йўловчилар, ҳайдовчилар марҳум икки дўст светофорларнинг руҳларини кўрмасалар ҳам, уларнинг самодан келган овозларига, илтижоларига қўшилибдилар. Илоҳим, жуфт светофорларимизнинг танини йўқдан бор қилгин, кўчамизга ҳоким бобомизнинг назари тушсин. Дуоларимиз мустажоб бўлсин. Омин!
Эртакчи момо Ойгул Маматова.