Ислоҳатлар

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ  ЁРДАМГА МУҲТОЖМИ?


Бир пайтлар бундан 40-50 йиллар муқаддам қишлоғимизда учта бригада бўларди. Ҳар бригадада ўртача 100 гектардан пахта экиладиган ер майдони бўларди. Ана шу ерлар оилаларга қурбилари етгунча 4-5 гектардан бўлиб бериларди. Буни оилавий звено деб аташарди. Биз ҳам оилавий звено бўлиб, 5 гектар ерда деҳқончилик қилардик. Ҳамма оилавий звенолар жон-жаҳди билан меҳнат қилишар, берилган режани ошириб бажариш ҳаракатида  бўларди.

Очиғини айтганда, ўша йилларда барча звенолар ҳар гектар ердан 35-40 центнердан пахта етиштириб давлат режасини ошириб бажарарди. Йил якунида эса бу оилаларнинг ҳар бири ўртача бир енгил машинага етадиган даражада пул олишарди. Буни бизнинг тумандошларимиз яхши эслашади.

Мустақиллигимиздан сўнг фермер хўжаликларига эътибор кучайди. Дастлаб ҳар бир фермерга 10-15 гектар атрофида ер берилди. Тан олиш керак, бу вақтга келиб, улар режаларини ошириб бажаришди. Оиладаги ишсизлар иш билан банд бўлди. Кейинги йилларда фермер хўжаликларини мақбуллаштириш туфайли улар йириклаштиришга эътибор қаратилди. Натижада ҳар бир фермерга ўртача 100-120 гектардан ер ажратиб берилди. Оқибатда улар зиммаларига берилган режани бажаришда қийинчиликларга дуч келишди. Ишсизлар сони ҳам ошди. Сабаби фермерлар фақат ўз оиласи ва қариндошларини ўз хўжаликларига аъзо қилиб олишди. Қолган аҳоли эса ишсиз бўлиб қолди.

Ўтган йилдан бошлаб эса кластер деган ташкилот пайдо бўлиб, жамики фермер хўжаликлари кластерларга бирлаштирилди. Айрим фермер хўжаликларининг айтишича бу усул ўзини оқламайди. Чунки илгари фермерлар ерга меҳр билан, менинг ерим деб меҳнат қилган бўлсалар, эндиликда кластернинг фойдаси учун чин дилдан ишлашни исташмайди. Дангалини айтганда, номигагина ишлайди. Уларнинг айтишларича, ерларни илгари фермер хўжаликларига бўлиб бериш самара беради. Ана шундай қилинса, самарадорлик янада ошиб, ишсизлар сони кескин камаяди. Бунинг учун юқоридагилар пастга тушиб, тажрибали фермерлар билан бамаслаҳат иш қилишса фойдадан холи бўлмайди. Негаки биз аграр давлатмиз. Қишлоқ хўжалигида таваккалчилик кетмайди. Шунингдек, пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш учун уруғликка эътиборни кучайтириш талаб этилади. Бироқ бизнингча ҳозирги пайтда уруғчилик борасидаги олиб борилаётган ишлар талабга жавоб бермайди.  

                                                Йўлчи Муҳаммадиев
Мавзуга оид: