“Оқдарё овози” бонг уради ЛОЙИШДА МЕҲМОНХОНА ҚАЧОН ҚУРИЛАДИ?

Газетамизнинг 2010 йил 13 августдаги №33-сонида юқоридаги сарлавҳа остида танқидий мақола эълон қилинган эди, аммо...
Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаяпти. Бу ҳақда Президентимизнинг қарор ва фармонлари эълон қилибборилмоқда. Мамлакатимизда икки юздан ортиқ туман бўлса, уларнинг аксариятида меҳмонхоналар мавжуд. Чунки биз Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё ва бошқа вилоятларга борганимизда туман марказларида замонавий усулда қурилган меҳмонхоналарда турганмиз. Бироқ туманимиз маркази ҳисобланган Лойишда кўп йиллардан буён газетада танқид қилинаётган бўлишига қарамасдан меҳмонхоналар қуриш пайсалга солиб келинаяпти. Ваҳоланки, туман ҳокимининг 2007 йил 16 феврал куни 345-К-сонли ва 2007 йил 19-февралдаги 351-К-сонли қарорларига асосан Лойишда яшовчи икки фуқарога меҳмонхона қуриш учун нақд 0,30 сотих ер ажратиб берилган эди. Хуш, орадан ўн олти йилдан ортиқ вақт ўтди. Меҳмонхона қурилдими? Афсуски, қурилган эмас. Бундан ташқари шу давр мобайнида ўнлаб фуқароларимиз меҳмонхона қураман деб Лойишдан ер майдонларини олиб бошқа мақсадларда фойдаланаётганликларини ёки сотиб юборишганликларини фуқаролар айтишмоқда. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини билмаймизу бироқ туман ҳокимининг қурилиш бўлими бу масала билан жиддий шуғулланиши лозим эмасми? Бундан бир неча ой муқаддам туман кенгашининг сессиясида шу масала юзасидан масалаларга савол берганимизда улар ўрганиб кўришларини, келгусидаги сессияларида бу ҳақда ахборот беришларини айтишган эди. Аммо орадан ҳафталар ва ойлар ўтишига қарамасдан ҳеч қандай натижа йўқ. Ёки бу ерда бошқа гап бормикин?
- Ҳар бир туманда меҳмонхона бўлишини даврнинг ўзи талаб қилаяпти, - дейди меҳнат фахрийси Ризоқул Усанов. – Негаки, ҳозирги туризмни ривожлантириш даврида юртдошларимиз саёҳат қилишга ҳаракат қилишмоқда. Агар Лойишда ҳам меҳмонхона қуриладиган бўлса четдан келадиган туристлар сони янада кўпайган бўларди деган фикрдамиз. Нафақат туристлар балки узоқ вилоятлардан меҳмондорчиликка келаётган кишилар ҳам бемалол меҳмонхонада тунаб қолишлари мумкин-ку.
Шуниси ачинарлики, меҳмонхона қуриш учун ер ажратилган бўлишига қарамасдан фуқароларимиз негадир бу ишни пайсалга солишаяпти. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексининг 36-моддасида “Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиниши, қишлоқ хўжалик соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкаларидан икки йил мобайнида фойдаланмаганда фуқаролардан ер олиб қўйилиши алоҳида таъкидланган”. Хуш, қонунда шундай деб ёзилган бўлса, амалда нега бу иш бажарилмаяпти? Меҳмонхона қураман деб ер олган кишиларга нима учун масъуллар индашмаяпти? Туманда “Ҳой биродар ерни меҳмонхона бериш учун берганмиз, Нега қурмаяпсан дейдиган мард одам топилмаяпти.
Хуллас, гапираверсак гап кўп. Биз масъулларга шундай савол билан мурожаат қилмоқчимиз: Лойишда меҳмонхона қачон қурилади? Меҳмонхона қураман деб ажратилган ер майдонларидан нима мақсадда фойдаланилаяпти? Биз бу мавзуга яна қайтамиз. Буни масъуллар унутмасликларини истардик.
Жўшқин.
Мавзуга оид: