Кексаларга эъзоз ва эҳтиром – халқимизга хос қадрият!

Кекса авлод вакилларини қадрлаш, ҳурматлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятларимиздан биридир.
Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Самарқанд шаҳридаги “Саховат” интернат уйида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ва Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Қўшработ тумани Заркент қўрғонида жойлашган 99850 ҳарбий қисм офицер ва аскарлари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар қарияларни байрам билан муборакбод этишиб, уларни кўнгилларини кўтаришди.
Тадбирда янграган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлаб, нуроний отахону онахонлар мириқиб рақсга тушишди.
Мустақиллик куни элимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами.   Шунинг учун ҳам шодиёналар арафасида рамзий маънода байрамга тўёна тортиқ этилади.
Тадбирда божхоначилар ва ҳарбийлар томонидан “Саховат” интернат уйига совғалар берилди. Байрам иштирокчиларига қозонда ош дамланиб, дастурхонга тортилди.
Дастурхон атрофида жам бўлган ёши улуғлар юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, бирдамлигини сўраб, фотихага қўл очдилар.