Тиббий кўрик давом этмоқда

ПРОФИЛАКТИК ТИББИЙ КЎРИКЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Чуқурлаштирилган тиббий кўрик - бу аҳоли саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш каби тизимли чора-тадбирлар мажмуаси бўлиб, бир неча тиббий тор соҳа мутахассислари томонидан аҳолини тиббий кўрикдан ва керакли лаборатор текширувлардан ўтказиш, зарур ҳолатларда уларга қўшимча инструментал текширувларни буюриш, мижоз ёки беморда якуний ташхис-диагноз аниқлангач - уларни саломатлик гуруҳларига ажратиш, йил давомида уларга профилактик қайта кўриклар вақтини белгилаш, даволаш-соғломлаштириш тадбирларини тавсия қилиш ва ўтказиш (амбулатор, стационар ёки санатор-курорт даволаниш) ҳамда уларни "Д" назоратига олишдан иборатдир.

Юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан  2020 йил давомида ва 2021 бошидан бери барча даволаш профилактика муассасаларида "Соғлом овқатланиш", "Соғлом аёл" ҳафталиклари ва "Саломатлик кунлари" тадбирлари ташкил қилиниб, аҳолининг барча қатламлари орасида ҳафтанинг белгиланган кунлари Кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва ҳудудий Қишлоқ врачлик пунктларида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. 

Айни пайтда ҳам 2020 йил декабрь ойи ва 2021 йилнинг январь ойларида туманимизнинг барча маҳаллаларида ишчи гуруҳ томонидан аҳолини хатловдан ўтказиш тадбирлари давомида барча ҚОП, ҚВП тиббий ходимлари уйма-уй маҳаллалар хонадонларида бўлишиб, ногиронлиги мавжуд, чуқурлаштирилган тиббий профилактик кўрикдан ўтишга ва даволанишга муҳтож беморларни КТМПда кўрикдан ўтказишга юборишмоқда. Уйида ётган беморларга даврий равишда чуқурлаштирилган мутахассислар кўриклари ташкил қилинмоқда.

Тадбирлар давомида қатнашчиларга СТТ асослари, тиббий маданият, турли юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ҳамда репродуктив саломатликни сақлашга қаратилган давра суҳбатлари, учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, қатнашчиларга турли касалликларнинг олдини олиш ва СТТ асосларига доир буклетлар ва эслатмалар ҳам тарқатилмоқда.  

Соғлом турмуш тарзининг бош мезони бу ҳар бир шахснинг тиббий маданиятлилигидир. Тиббий маданиятли ҳар бир киши ўзи ва оила аъзоларини болалигидан соғлом яшаши учун соғлом ҳолатида 1 йилда 1 марта тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтказишни одат тусига айлантириши лозим. Айниқса, турмуш қураётган ёшларнинг никоҳ олдидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши турли касалликларнинг олдини олиш ҳамда соғлом фарзандлар дунёга келишини таъминлайди. 

Турли саратон, ўсма касалликлари, кўкрак бези саратони ва бачадон миомаси ёки раки, сил, ОИТС, захм, сўзак каби юқумли ҳамда юқумли бўлмаган турли касалликлардан сақланиш учун 1 йилда 1-2 марта мутахассислар кўригидан ўтиб туришни унутманг!

Ҳурматли тумандошлар! 

Хатлов тадбирлари ўтказилаётган даврда иложи борича ўз уйингизда бўлиб туришингиз, шахсий маълумотларингиз ва ҳужжатларингизни ишчи гуруҳга тўғри тақдим қилишингиз ва тарғибот тадбирларида фаол қатнашишларингизни илтимос қиламиз.

Чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтиб, соғлиғингизни мустаҳкамланг! Зеро, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олиш осон!

Туман тиббиёт бирлашмаси.

Мавзуга оид:
Саломатлик

Саломатлик

  • 21 янв, 14:51
Қарорлар

Қарорлар

  • 23 ноя, 15:07