Инсон ва қонун "СЎНГГИ ПУШАЙМОН - ЎЗИНГГА ДУШМАН"

2024 йилнинг 19 апрель куни Оқдарё туман ИИБ ЖҚБ ва туман ИИБ ХПБ профилактика инспекторлари томонидан профилактик тадбирлар ўтказилди. Тадбир давомида судланувчи Рашидов Равшан (исми-шарифи ўзгартирилган) яшаб келаётган Оқдарё тумани Алишер Навоий номидаги маҳаллага қарашли М.Улуғбек кўчасидаги хонадони кўздан кечирилганда томорқа ерида қонун билан таъқиқланган 17 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини экиб-етиштирганлиги аниқланди.

Суд мажлисида судланувчи Равшан Рашидов айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагича баёнот берди. У 2002 йилда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, оғир касалликларни бошидан ўтказганлиги сабабли оғриқларни босиш учун гиёҳвандлик воситасини чекишни ўрганганлигини, кейин анча йил истеъмол қилмай қўйганлигини, айни пайтда яна истеъмол қилгиси келиб, ҳовлисига каннабис ўсимлигини тухумини экканлигини айтди. Шунингдек, у ўз айбига иқрорлигини, қилган ишидан минг пушаймон бўлганлигини, ёшини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришини сўраб кўрсатма берди.

Дарҳақиқат, "Сўнгги пушаймон - ўзингга душман", деб бежизга айтилмаган. Айни пайтда ёши олтмиш иккидан ошган, 6 нафар фарзанднинг отаси ҳамда ўнлаб набираларнинг бобоси бўлган Р.Рашидов фарзандларига, набираларига ўзининг ибратли ишлари билан намуна бўлиш ўрнига, қинғир ишга қўл уриб, суднинг қора курсисида ўтириб, қилган ишидан минг пушаймон бўлмоқда. Лекин, қонун олдида ҳар бир киши қилган иши учун жавоб беришга мажбур эканлигини асло унутмаслик лозим.

Судланувчи Равшан Рашидов Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.  


Баҳодир Полвонов,

жиноят ишлари бўйича  

туман судининг раиси.


Мавзуга оид: